Ўзбекистон | 10:04 / 07.10.2025
31682
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада ИИБ ходимлари калтаклаб, яланғоч ҳолда тасвирга олган аёл воқеасини Сенат қўмитаси назоратга олди

Ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонуний қарор қабул қилиниши юзасидан парламент назорати ўрнатилди. Омбудсман эса ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўради. Чунки аёлни таҳқирлашда иштирок этган Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинган. 

Фото: Kun.uz

Фарғона вилоятининг Фурқат тумани ИИБ масъуллари томонидан содир қилинган ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Сенат расмий муносабатида билдирилди

“Мақола мавзусига сабаб бўлган ҳолатлар Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинди. Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қонуний қарор қабул қилиниши юзасидан тегишли парламент назорати ўрнатилди”, дейилади Сенат муносабатида.

Шунингдек, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси қонунбузилиши ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканини маълум қилган.

Бундан ташқари, ҳолат Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олинган ҳолда унинг Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганилди.

“Фарғона вилоят прокуратураси томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. 2025 йилнинг 18 июнида Фурқат тумани ИИБ бошлиғи А.Х. ҳамда унинг биринчи ўринбосари Ж.Р.га Жиноят кодексининг 141-1-моддаси 2-қисми “а, б”, бандлари, 141-3-моддаси 2-қисми “б” банди, 142-моддаси, 206-моддаси 1-қисми ва 230-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятлар бўйича айблов эълон қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши судга юборилган.

Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Ушбу ҳолат жабрланувчи эътирозига сабаб бўлмоқда.

Инсонга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ёки таҳқирлаш — унинг конституциявий ҳуқуқларига тажовуз ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади. Қонунчилигимизда қадр-қимматни камситувчи муомала учун жазо чоралари белгиланган”, дейилади омбудсман хабарида.

Омбудсман инсонийликка қарши бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қатъий қоралашини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганилиши таъминланишини сўраган.

Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради

Мавзуга оид:

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид