Жамият | 17:41 / 20.10.2025
11442
6 дақиқада ўқилади

Тўйда юрган педофиллар ёхуд “учдан кейин пуч” бўладими?

Жинсий зўравонлик қилиб 10 йилга ҳукм қилинган жиноятчи 1 йилда эркинликка чиқди ва бу жиноятни 2 марта такрорлади. Бу ҳолат ўз-ўзидан юз бергани йўқ — бу назоратсизлик ва ҳимоясизликнинг натижаси. Айниқса болаларга нисбатан.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Олдинги фожиалардан сўнг ҳам ҳеч нарса ўзгармади

Наманганда эркак 7 ёшли қизчани зўрлади. У аввал ҳам шундай жиноят қилган. 2014 йилда жинсий зўравонлик қилиб 10 йилга қамалган ва бор-йўғи 1 йилда чиқиб келган. 2020 йилда эркак яна шу тоифадаги жиноят билан 10 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган. Лекин муддатидан олдин қамоқдан озод этилган. Бу қарорни ким қабул қилди? Нега жамиятга таҳдид бўлган жиноятчи яна бир боланинг болалигини ўғирлади?

Бу саволлар бугун бутун жамоатчиликнинг оғзида. Аммо афсуски, ҳеч ким жавоб бермаяпти.

2023 йилда Тошкентда жинсий зўрланиб ўлдирилган қизалоқ воқеасидан сўнг мамлакат бўйлаб катта резонанс кўтарилган эди. Фаоллар “педофиллар учун кастрация” ва “очиқ реестр” жорий этилишини талаб қилишди. Бу талаб парламент муҳокамасигача етиб борди. Аммо орадан икки йил ўтди — ҳали ҳам ҳеч қандай амалиёт йўқ. Натижада, бугун яна бир бола қурбон бўлди.

Реестр ва кастрация: тўлиқ чора бўлмаслиги мумкин

АҚШ 1994 йилда “Меган қонуни”ни қабул қилиб, педофиллар реестрини йўлга қўйди. Ҳозирда у ерда 900 мингдан ортиқ шахс реестрда қайд этилган. Улар яшайдиган манзилдан то иш жойигача, ҳатто машина рақамигача полицияда бор. Айрим штатларда эса бу маълумотлар интернетда очиқ кўрсатилади.

Шундан сўнг мамлакатда болаларга нисбатан жинсий жиноятлар сони сезиларли даражада камайган. Канада, Буюк Британия, Япония, Польша ва Жанубий Корея ҳам бу тизимни қабул қилган ва натижа кўрган. Демак, реестр нафақат жиноятчиларни аниқлаш учун, балки профилактика учун ҳам ишлайдиган воситалардан бири ҳисобланади.

Кимёвий ёки хирургик кастрация дунёда кўплаб мамлакатларда амалда. Польша, Германия, Дания, Норвегия ва Жанубий Кореяда бу усул натижасида қайта жиноят содир этиш ҳолатлари 10 фоизга тушгани исботланган.

Комплекс чора керак

Педофиллар учун энг самарали усул комплекс чора кўриш. Чунки педофиллик — бу фақат жиноят эмас, руҳий бузилиш. Шунинг учун кастрация, реестр билан биргаликда педофиллар билан руҳий реабилитациянинг бирга олиб борилиши энг катта самарани беради.

Масалан, Германияда 2005 йилдан буён “Жиноятчига айланма” дастури ишлайди. Бу дастурда педофил мойилликка эга эркаклар жиноят содир этишдан олдин аноним равишда психологик ёрдам олади. Германия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, дастурда қатнашганларнинг 80 фоизи кейинчалик бу жиноятни қилмаган.

Канадада эса қамоқдан чиққан педофиллар атрофида “ишонч доираси” яратилади — психолог, полиция ва кўнгиллилар улар билан иш олиб боради. Бу усул болаларга зўравонлик ҳолатини 70 фоизга камайтирган.

Қўшнилар қатъий қарор қабул қилди

Қўшни мамлакатлар ҳам бу борада қатъий назорат ўрнатяпти. Масалан Қирғизистонда ҳам педофилларга ўлим жазоси тайинланяпти. Президент Садир Жапаров Иссиқкўлда ёш қизнинг зўрлаб ўлдирилиши ортида мамлакат қонунларида бундайлар учун ўлим жазоси жорий этишни назарда тутувчи ўзгартиришлар тайёрлашни буюрди ва бу лойиҳа тақдим этилди. Қўшни Қозоғистонда эса педофиллар қамоқдан чиқишидан олдин кастрация қилинади.

Биз эса ҳали педофиллар рўйхати қиламизми-йўқми деб юрган пайтимизда улар бир нечта болаларни зўрлаб, қамалиб ва номаълум чоралар билан муддатидан аввал қамоқдан чиқиб ҳам юришибди. Худди Намангандаги каби.

Намангандаги фожиа – тизимнинг юзи

Бу фақат бир одамнинг жинояти эмас – тизимнинг заифлиги. Қамоқдан муддатидан олдин озод қилиш амалиёти қай тарзда ишлаётгани сўроққа тортилишга арзийди. Қонун бўлиши керак — лекин унинг ортида қатъий ижро турмаса, у қоғоздаги ваъда бўлиб қолаверади.

Олий Мажлис депутати Дилноза Азизова ҳам болаларни зўрлаганларга енгиллик бермасликни, умрбод қамоқ жорий этишни таклиф қилди. Ваҳоланки, 2024 йил 7 августда қабул қилинган қонунга кўра, бунақа жиноятчиларга афв ёки шартли озодлик қўлланмаслиги керак эди. Аммо бугунги воқеа — қонун ёки унинг ижроси ўртасида катта узилиш борлигини кўрсатмоқда. Ўрганиб қоляпмиз: ҳар гал шундай фожиадан кейин ғазаб, ҳиссиёт, ачиниш ва алам билан гапирамиз. Йиғилишлар ўтказилади, “ишчи гуруҳлар” пайдо бўлади. Кейин яна жимжитлик.

Бу галги жиноятдан кейин ўйловларимиз яна ошди: энди ҳукумат, парламент ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан педофиллар реестрини тезкор қўллаш, шартли озодлик амалиётини қайта кўриб чиқиш, қайта жиноят қилганларга қатъий жазо белгилаш билан бирга бундай шахсларни аниқлаш ва психологик ва ижтимоий назорат тизимини йўлга қўйиш кераклиги ҳаммамизнинг истагимиз.

Акс ҳолда, эртага навбатдаги қурбон бола ҳақида хабар ёзишга мажбур бўламиз...

Гулмира Тошниёзова, журналист

Мавзуга оид