Ўзбекистон | 13:10 / 06.10.2024
11369
2 дақиқада ўқилади

Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган 

Вилоятда 2023 йилда 324 та, 2024 йилнинг 8 ойида эса 216 та коррупциявий жиноят содир этилган. Жиноятчилар орасида бир неча нафар ҳоким, ҳоким ўринбосари ва ҳокимлик ходимлари ҳам бор. 

Фото: Коррупцияга қарши кураш агентлиги

Сирдарёда 2023 йилда ва жорий йилнинг шу пайтига қадар бир неча нафар ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари коррупциявий жиноятлар содир этган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги хабар бермоқда

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар танқидий руҳда кўриб чиқилган. Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов ва вилоят раҳбарияти иштирок этган. 

Йиғилишда маълум қилинишича, вилоятда 2023 йилда 324 та, 2024 йилнинг 8 ойида эса 216 та коррупциявий жиноятлар содир этилган. 

Хусусан, 2023 йилда 3 нафар ҳоким, 1 нафар ҳоким ўринбосари ва 17 нафар ҳокимлик ходимлари, жорий йилда 2 нафар ҳоким, 3 нафар ҳоким ўринбосари, 2 нафар ҳокимлик ходимлари, 3 нафар ободонлаштириш, 1 нафар ягона буюртмачи хизмати инженеринг компанияси масъул мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлар содир этган. 

Шунингдек, вилоят ва туман-шаҳар ҳокимликлари айрим мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани масаласи ҳам танқидий муҳокама қилинган.

Мавзуга оид