Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийдаги қаттиқ тартибли колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум шифохонада вафот этди
Маҳкум Шуҳрат Сотволдиев 23 ноябр куни колония масъул ходимлари кузатуви остида РШТЁИМ Навоий вилоят филиалига олиб келинган. Орадан 4 кун ўтиб, у вафот этди. Марҳумнинг яқинлари Сотволдиев колонияда калтакланганини айтмоқда. Навоий махсус прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказяпти.
Фото: Омбудсман
Навоийдаги 11-сон ЖИЭКда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Шуҳрат Сотволдиев шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz’га марҳумнинг яқинлари хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Навоийдаги жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Шуҳрат Сотволдиев соғлиғи ёмонлашгани сабабли касалхонага олиб келингани, унинг оила аъзолари ичкарига киритилмаётгани, маҳкумга тан жароҳати етказилгани бўйича хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати расмий муносабат берди.
Унга кўра, маҳкум Шуҳрат Сотволдиев соғлиғи ёмонлашгани сабабли 23 ноябр куни колония масъул ходимлари кузатуви остида РШТЁИМ Навоий вилоят филиалига олиб келинган. Соғлиғи ёмонлиги сабабли маҳкумнинг оила аъзоларига ҳам хабар берилган. Унга “икки томонлама бронхопневмония оғир кечиши” ташхиси қўйилган.
Маҳкум жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинганлиги сабабли 11-сон ЖИЭКнинг тақдимномасига асосан ЖИБ Навоий шаҳар суди 26 ноябр куни Шуҳрат Сотволдиевни Жиноят кодексининг 75-моддаси 1-қисми тартибида жазодан озод этиш ҳақида ажрим чиқарган.
“27 ноябр куни собиқ маҳкумнинг укаси Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакилига мурожаат қилди. Минтақавий вакил шу куннинг ўзида шифохонага бориб, фуқародан хабар олди ва вазиятни ўрганди”, дейилади Омбудсман расмий муносабатида.
Шунингдек, ҳолат юзасидан Навоий махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Навоий вилояти прокуратураси ҳам ҳолат бўйича расмий баёнот берганди. Унда терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши билдирилган.
Шуҳрат Сотволдиев кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай 27 ноябр куни вафот этган.
“Дадамнинг олдига 24 ноябр куни кирдим. Бўйин шиши ва ҳолатига қараб, шифокорларга дадамни уришганини, қовурғалари синганини айтдим. Лекин улар яширишди. Таҳлил жавобларини беринглар, бошқа шифокорларга ҳам кўрсатай, дея илтимос қилдим, ялиниб-ёлвордим. Аммо алдашди. Калтаклашган бўлса ҳам вақтида олиб келишганида, шифокорлар улардан эмас, ичган қасамидан кўпроқ қўрқишганида балки дадам тузалиб кетарди”, дейди марҳумнинг қизи.

Маълумот учун, Шуҳрат Сотволдиевга ЖИБ Қувасой шаҳар судининг 2025 йил 15 апрелдаги ҳукми билан 9,5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У фирибгарлик ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятини содир қилишда айбли деб топилган. Жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланган. Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 17 июлдаги ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгартирилган.
Шуҳрат Сотволдиев 5 йил олдин 9 млрд сўм ҳақини ололмаётгани ортидан Ёшлар иттифоқи (ҳозирги Ёшлар ишлари агентлиги) Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қилмоқчи бўлганди.
Мавзуга оид
14:10 / 09.12.2025
Навоийда портловчи модда сотган шахс қамалди
19:10 / 30.11.2025
Навоийда браконерлар экология инспекторига куч ишлатишди
10:29 / 26.11.2025
«Навоий» чегара постида 380 та «саъва» қушини ноқонуний олиб киришга уриниш фош этилди
12:59 / 24.11.2025