Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан шуғулланган «Жиззах Реал қурилиш таъмир» корхонасининг 9 миллиард сўмга яқин ҳақи Ёшлар иттифоқи томонидан 1,5 йилдан бери тўлаб берилмаяпти.
Kun.uz бу ҳақда май ва ноябрь ойларида танқидий мақолалар эълон қилган эди. Ёшлар иттифоқи масала ҳал этилишини таъкидлаб баёнот берган.
Айни пайтда, ундирувдан умиди сўнаётган тадбиркор Шуҳрат Сотволдиев таҳририятга йўллаган хатида жорий йил 15 декабр куни Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қилмоқчи эканини маълум қилди.
Мактуб Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Акмал Жумабоевга, Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Миллий телерадиокомпанияга ҳамда Ўзбекистондаги йирик интернет нашрлари ва блогерларга ҳам юборилган.

«Мен муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов тасдиқлаган ҳужжатга ишониб, Ёшлар иттифоқи учун Жиззах вилоятида 14 млрд 343 млн сўмлик бинони деярли ёнимдан қурдим. Шундан салкам 9 млрд сўмини ҳали олганим йўқ. Ёшлар иттифоқининг раҳбарлари мени бир ярим йилдан бери сарсон қилиб, адойи тамом қилди. Бор-будимдан айрилиш арафасида турибман. Ўзимни ўзим ўлдириш даражасига етиб келдим.
Шу йил 15 декабр куни тонгда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши биноси олдида очлик эълон қиламан. Иттифоқ пулимни сўнгги тийинигача бермагунича овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман. Менинг ортимда турган 300дан ошиқ оилалар ҳақи-ҳурмати бу ноҳақликлардан ўлимга ҳам тайёрман.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари, блогерлар, Сизлардан илтимос!
Мени алдаб ҳар куйга солиб келаётган Ёшлар иттифоқи раҳбарларининг қилмишларини ҳамма кўриб қўйиши учун ушбу жараённи ёритсангизлар, токи аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар фирибгарлар ва бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган шахслар ортидан эргашаётганини билиб қўйишсин!
Ҳурматли Бош прокурор Ниғматилла Тўлқинович!















