Ўзбекистон | 08:56 / 19.04.2021
3438
3 дақиқада ўқилади

Юридик фанлар ўқитувчилари қайта тайёргарликдан ўтади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Қарор билан Халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан дарс берадиган, олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курслари тўғрисида низом тасдиқланди.

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш;
  • медиация институтида самарали фаолият юритадиган медиаторларни тайёрлаш;
  • тингловчиларни интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасига оид касбий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш.

Низомда қуйидагилар назарда тутилган:

  • касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқишни ташкил этиш шакли, касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқиш муддатлари ҳамда бу борадаги харажатларни қоплаш тартиби;
  • касбий қайта тайёрлаш курсларига қабулни ташкил этиш шаффоф механизми;
  • касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқув юкламаси ҳажми ва ўқув жараёни;
  • тингловчиларни якуний имтиҳондан ўтказиш, касбий қайта тайёрлаш курсларидан четлаштириш асослари ва тартиби.

Белгиланишича, 2030 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида юридик фанлардан фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ёки марказда педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатган ва белгиланган намунадаги дипломни олган олий маълумотли шахслар дарс бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Қуйидагилар курсларни ташкил этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

  • олий ноюридик маълумотга эга педагог кадрларни қайта тайёрлаш курсларини ташкил этишда – тингловчилар томонидан қайта тайёрлаш курсларидан ўтиш учун шартнома асосида тўланадиган маблағлари;
  • интеллектуал мулк соҳасига оид курслари, шунингдек медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этишда – вазирлик ва идоралар, бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек тингловчилар томонидан ўқув курсларида ўқиш учун шартнома асосида тўланадиган маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид