Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НАТОнинг АҚШсиз келажаги: Европада янги режа муҳокамада
The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Европа мамлакатлари НАТОнинг мавжуд тузилмаларидан фойдаланган ҳолда АҚШ иштирокисиз ҳам альянснинг жанговар қобилиятини сақлаб қолиш бўйича норасмий музокаралар олиб бормоқда.
Фото: dpa
Гап, жумладан, ядровий тийиб туриш тизими ва альянс ҳарбий тузилмаларини бошқариш масалалари ҳақида кетмоқда. Нашр маълум қилишича, бундай эҳтимолий сценарийларни таҳлил қилиш ўтган йили бошланган, аммо Берлин позицияси ўзгаргач, жараён кескин тезлашган.
Германия узоқ йиллар давомида Франциянинг Европанинг мудофаа суверенитетини кучайтириш ҳақидаги чақириқларига эҳтиёткорона ёндашиб келган. Reuters’нинг февраль ойидаги таҳлилига кўра, Европа давлатлари охирги ойларда АҚШга қарамликни камайтириш йўлларини фаолроқ муҳокама қила бошлаган, аммо Германиянинг янги ёндашуви бу жараёнга алоҳида туртки берган.
WSJ хабарига кўра, канцлер Фридрих Мерц 2025 йил охирида ўз қарашларини қайта кўриб чиққан. Бу қарорга Дональд Трампнинг НАТОга муносабати, Украина бўйича позицияси ва АҚШнинг узоқ муддатли ишончли иттифоқчи бўлиб қолишига доир шубҳалар сабаб бўлган. Нашрга кўра, Мерцни айниқса Трампнинг Россия–Украина уруши бўйича баёнотлари ва НАТО доирасида аниқ қадриятларга таянмайдиган сиёсий ёндашуви ташвишга солган.
Шу билан бирга, Мерц оммавий баёнотларида НАТОнинг ўзи Европа хавфсизлиги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳам таъкидлаб келмоқда. Reuters 9 апрель куни у “НАТО бўлиниб кетишини истамаймиз” деганини келтирган.
WSJ маълумотига кўра, режа устида ишлаётган амалдорлар баъзан бу ғояни шартли равишда “Европача НАТО” деб атамоқда. Бу ёндашув янги муқобил альянс тузишни эмас, балки НАТОнинг амалдаги тузилмаларини сақлаб қолган ҳолда, оператив бошқарувда европаликлар улушини оширишни назарда тутади. Ҳозиргача НАТО ҳарбий тузилмаларида асосий раҳбарлик роли кўп жиҳатдан америкаликлар қўлида бўлган.
Норасмий учрашувларда ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизимларини ким бошқариши, Польша ва Болтиқбўйи давлатларига қўшимча кучларни етказиш коридорлари, таъминот йўналишлари ва йирик ҳарбий машқлар каби аниқ масалалар муҳокама қилинмоқда. Яна бир ўта нозик масала — АҚШнинг ядровий “қалқони” ўрнини Европа механизми билан тўлдириш эҳтимоли. WSJ’га кўра, Мерц бу мавзуни Франция президенти Эммануэл Макрон билан муҳокама қилишни бошлаган.
WSJ хабарига кўра, Германия позициясининг ўзгариши кенгроқ консенсус юзага келишида муҳим омил бўлган. Буюк Британия, Франция, Польша, Шимолий Европа давлатлари ва Канада НАТОни “европалаштириш” ғоясини альянс ичидаги бир турдаги “кўнгиллилар коалицияси” сифатида кўра бошлаган. Бу ёндашувнинг мақсади — АҚШ иштирокини қисқартирган тақдирда ҳам НАТОнинг ишлаш қобилиятини сақлаб қолиш.
Бу қараш Европада алоҳида армия яратиш ғояси билан бир хил эмас. Масалан, Reuters 15 апрель куни Португалия алоҳида “Европа армияси” ғоясини рад этгани, аммо НАТО доирасида модернизация тарафдори эканини хабар қилди. Бу Европа ичида ҳам ёндашувлар турлича эканини кўрсатади.
WSJ ва Reuters материалларига кўра, бу муҳокамалар Дональд Трампнинг НАТОга нисбатан танқидлари ва АҚШнинг альянсдаги ролига доир кескин баёнотлари фонида кучайган. Reuters март ойида Европа давлатлари Трампнинг ташқи сиёсий ёндашуви сабаб АҚШга мудофаа соҳасида камроқ боғланиш йўлларини излаётганини ёзган.
НАТО бош котиби Марк Рютте эса 9 апрель куни қилган чиқишида “кучлироқ Европа — кучлироқ НАТО ичида” бўлиши кераклигини таъкидлаган. Бу баёнот Европа ролининг ошиши альянсдан ажралиб чиқиш эмас, балки унинг ичида масъулиятни кўпроқ бўлишиш сифатида кўрилаётганини англатади.