Ўзбекистон | 22:47 / 11.02.2026
3982
3 дақиқада ўқилади

«Квартплата»дан қарздорларга чеклов ва 2026 йилги тест имтиҳонлари фанлари – маҳаллий дайжест

1 июлдан бошлаб кўп квартирали уйларда «квартплата»дан қарздорлар учун электрга тўлов қилиш чекланади. 2026 йилги тест имтиҳонларида топшириладиган фанлар мажмуаси тасдиқланди. Кучли шамол ва сел Самарқандда талафот келтириб чиқарди. 10-синф ўқувчиларига ўқишини техникумларга кўчириш имконияти берилиши мумкин.

«Квартплата»дан қарздорлар учун электрга тўлов қилиш чекланади

2026 йил 1 июлдан бошлаб турар жой мулкдори кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига мажбурий тўловни (квартплата) ойнинг 15-санасига қадар амалга оширмаса, унинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш қарздорлик тўлиқ қоплангунга қадар тўхтатиб қўйилади. Бу ҳақда президент қарорида белгиланган.

Қайд қилинишича, кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағидаги маблағлар ҳар ойда, биринчи навбатда, уйнинг электр энергияси тўлови учун (подъезд, зинапоя, йўлакни ёритиш, лифт ишлаши, уй атрофидаги ҳудудни ёритиш, насос ва бошқа умумий уй эҳтиёжлари учун) йўналтирилади.

Таъкидланишича, мажбурий тўловлар фақат банк карталари, электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга оширилади.

2026 йилги тест имтиҳонларида топшириладиган фанлар мажмуаси тасдиқланди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2026-2027 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари ва уларга мос тест синови (касбий, ижодий имтиҳон) топшириладиган фанлар мажмуаси эълон қилди.

Қайд қилинишича, янги ўқув йили қабул параметрлари тасдиқланганда янги ташкил этилган таълим йўналишлари фан мажмуалари қўшимча тасдиқланади.

Жорий ўқув йилида кундузги таълим шакли учун 36 мингдан ортиқ абитуриент давлат буюртмаси асосида қабул қилиниши кутилмоқда.

Кучли шамол ва сел Самарқандда талафот келтириб чиқарди

9 феврал куни Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида кузатилган кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида аҳоли уй-жойлари ва инфратузилмага зарар етди. Айрим ҳудудларда сел келиши қайд этилиб, автомобил йўлларини тўсиб қўйди.

Хусусан, Самарқанд ва Қўшработ туманларида сел оқибатида йўлларга зарар етган. Қўшработ туманининг Жўш, Оқмачит ва Чиммос маҳаллаларида аҳоли уйларининг том қисмига сел ва шамол таъсирида шикаст етган. Айрим жойларда сел суви йўлнинг асосий қатнов қисмини бузиб, ҳаракатни қийинлаштирган.

10 феврал куни вилоятнинг айрим ҳудудларида сел ва кучли шамол оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилгани маълум қилинди.

10-синф ўқувчилари ўқишини техникумларга кўчириши мумкин бўлади

Муҳокамалар порталига жойлаштирилган лойиҳага кўра, мактабнинг 10-синф ўқувчиларини техникумга ўқишини кўчириш фақат жорий ўқув йилида бошланғич касбий таълим дастурлари асосида мактабнинг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган кундузги таълим шаклига рухсат берилади.

Ўқишини кўчириш бўйича аризаларни рўйхатдан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ёки махсус платформа орқали қишки таътил даврида — 28 декабрдан 17 январгача амалга оширилиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид