Ўзбекистон | 21:23 / 17.02.2023
15674
3 дақиқада ўқилади

Нефт ва газ операциялари бўйича ҳуқуқ фақат “М25” конининг шартнома ҳудудига тааллуқли — Altmax Holding

Altmax Holding компанияси ўзининг молиявий ҳисоботидан олинган жумла “Ўзбекистондаги барча нефт ва газ операциялари 35 йилга берилган” дея талқин қилинганини қоралаб, бунда фақат Сурхондарёдаги “М25” кони назарда тутилганини маълум қилди.

“М25” кони, 2019 йил / Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

“Компаниянинг аудиторлик текширувидан ўтган молиявий ҳисоботида “Ўзбекистон Мустақиллиги” инвестиция блокига нисбатан Маҳсулот тақсимотига оид битимга (МТБ) ҳавола қилинган. Компаниянинг Ўзбекистондаги нефть ва газ операцияларини амалга ошириш ҳуқуқлари ушбу МТБга нисбатан кўрсатилган.

МТБда қўлланиладиган атамалар аудит қилинган молиявий ҳисоботда катта ҳарфлар билан акс эттирилади. Ҳисоботда кўрсатилган «Нефть ва газ операциялари» (катта ҳарф билан) атамаси, МТБ қоидаларига мувофиқ, инвесторнинг белгиланган иш ҳажмини (геология-қидирув, конларни ўзлаштириш,, табиий газ ва олтингугуртни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш ва ҳ.к.) бажариш бўйича фаолияти сифатида белгиланади. Ва бу фақат МТБда кўрсатилган “Мустақилликнинг 25 йиллиги» конининг шартнома ҳудудлари доирасида ташкил этилади”, – дейилади компания томонидан 17 феврал куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга йўлланган мактубда.

Kun.uz'га расмийлар томонидан тақдим этилган мактубда, Altmax Holding “Озодлик” радиоси журналистларини ибораларни контекстдан юлиб олиш ва нотўғри талқин қилишда айблаган.

“Журналистлар мақоласида ибораларни контекстдан юлиб, тушунчаларни алмаштириш бор, деб ҳисоблаймиз. Журналистлар асосий ҳарфларни олиб ташлаш ва шу тариқа юридик атамани умумий фуқаролик тушунчаси билан алмаштириб қўйиш орқали компаниянинг нефть ва газ операциялари ҳудуди бўйича ўз ўқувчиларини атайлаб чалғитган”, – дейилади мактубда.

“М25” кони бўйича Маҳсулот тақсимотига оид шартномада кўрсатилган инвестицион лойиҳа ҳудуди

Суриштирувда Altmax Holding компаниясининг 2016 йилги фаолияти бўйича тузилган ва KPMG томонидан тасдиқланган молиявий ҳисоботига таянган ҳолда, Ўзбекистондаги барча газ ва нефт операцияларини амалга ошириш ҳуқуқи Altmax Holding ва яна икки ширкатдан иборат компаниялар консорциумига 35 йилга берилгани ҳақида айтилган эди.

Ҳолдинг томонидан Жўрабек Мирзамаҳмудовга юборилган хатда молиявий ҳисоботнинг тегишли қисми тушунчаларнинг бузиб талқин қилинишига имкон қолдирмайдиган қилиб тузатилиши маълум қилинган.

Молиявий ҳисоботдан парча

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазир Мирзамаҳмудов “М25” кони бўйича Маҳсулот тақсимотига оид битимга асосан инвесторлар ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида кондан олинган даромад 50/50 нисбатда тақсимланишини маълум қилганди.

Мавзуга оид