Тошкент шаҳрида электр энергия таъминотини барқарорлаштириш мақсадида Хитойдан кўчма нимстанциялар келтирилади, улардан стационар нимстанцияларни таъмирлаш пайтида фойдаланилади. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

«Ҳозир энегетика соҳасида Хитой бизнинг энг йирик ҳам инвестицион ҳамкоримиз, ҳам технологик ҳамкоримиздир. Сабаби, Хитойдан нафақат инвестиция кириб келяпти, балки хорижий давлатлардан амалга оширилаётган энергетика йўналишидаги асосий технологик ускуналарнинг деярли барчаси Хитойдан етказилади. Яъни бу ҳозирги кунда Хитойдаги ушбу йўналишда энг замонавий технологиялар бор, дегани», деди энергетика вазири.

У Хитой билан янги йўналишда, гидроаккумуляция электр станциялари (ГАЭС) қуриш лойиҳаси бўйича ҳам келишувга эришилганини маълум қилди.

ГАЭС – литий-ионли батареяли сақлаш тизими бўлиб, ГЭСлардан чиқарилаётган сувни қайтадан сув омборига йиғиб, керакли пайтда яна оқизиб, электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини берувчи технологиядир.