Жамият | 10:42 / 04.04.2020
20816
4 дақиқада ўқилади

Сурдо тили ҳақида нималарни биламиз? – мутахассис билан суҳбат

Хорижда улар телевизон хабарларнинг ажралмас қисмига айланган. Бизда фақат жуда муҳим янгиликларда, яъни онда-сонда кўриниб қолишади. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда бу касб эгаларига жиддий эътибор берилади. Демак бугунги меҳмонимиз – сурдотаржимон.

Фото: globallookpress.com

Гўзал Раҳматуллаева – Тошкентдаги карлар жамияти сурдотаржимони. Айни шу йўналишда 10 йилдан буён фаолият юритмоқда.

Коронавирус мавзусида ташкил этилаётган кунлик брифинглар чоғида Гўзал билан қисқа суҳбат қилдик.

– Гўзал, анчайин камёб бўлган бу касбни танлашингизга нима сабаб бўлган?

– Тақдир сабаб бўлган. Аниқроқ айтадиган бўлсам, отам ҳам, онам ҳам эшитиш бўйича нуқсони бор одамлар. Ҳар иккиси ҳам карлар жамияти аъзоси. Болалигимда шу муҳитда катта бўлганим касб танлашимга таъсир қилган.

– Сурдотаржимонларни тайёрлайдиган қандайдир таълим маскани борми?

– Бу соҳада ишлаш учун олий маълумот шарт эмас. Шахсан мен ўзим карлар жамиятида 3 ой ўқиб ўрганиб, сертификат олганман. Мана шу ҳужжат асосида фаолият юритаман.

– Таржимада сурдотаржимоннинг оғиз қимирлаши асосий гапни гапираётгандай қимирлайдими? Масалан, «ассалому алайкум» дейилганда сиз ҳам оғзингизни «ассалому алайкум» деб қимирлатасизми?

– Эфирда юқори самарага эришиш учун оғиз қимирлаши, яъни артикуляция керак бўлади. Оддий мулоқотда бу шарт эмас. Саволингизга келсак, гапирувчининг оғиз қимирлаши билан сурдотаржимоннинг оғиз қимирлаши мос келади, яъни «ассалому алайкум» дейилганда мен ҳам оғзимни «ассалому алайкум» деб қимирлатаман.

– Телевидениеда илк марта ишлашингизми?

Гўзал Раҳматуллаева

– 2018 йилда ҳам бир ток-шоуда иштирок этганман. Ўтган йилги сайловларда ҳам «Маҳалла», «Ўзбекистон», «Ёшлар» ва «Ўзбекистон24» телеканаллари орқали 1 ойдан ортиқ эфирга чиқдим. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, сурдотаржима зарурлиги бўйича БМТ ТД Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббусига кўра яна эфирга таклиф қилишди.

Яхши маош ҳам ваъда қилишди – билишимча, бу маблағ юқоридаги ваколатхона томонидан ажратилган.

– Саволим жуда оддий туйилиши мумкин. Бир неча йил олдин қизиқчиларимиздан бири сурдотаржимонларни ҳажв қилганди... Сурдотаржима бирор-бир ҳаракатнинг қўллардаги тақлидига асосланган, деб бўладими?

– Сурдотаржима анча мураккаб соҳа ва унда қўллар ҳаракати орқали барча сўзлар ифодалаб берилади. Айрим ҳаракатлар балки ўхшашлиги мумкин.

Ҳажвияга келсак, бундай чиқишларни оқламайман. Сабаби, карлар ҳам барча ногиронлар сингари мураккаб синовга учраган ва таъсирчан инсонлар. Уларнинг устидан кулиш мутлақо ярамайди.

– Дунё миқёсида сурдо тили бир хилми? Яъни Ўзбекистондаги кар инсон Европадаги шундай одам билан гаплашиб кета оладими?

– Йўқ, маълум ҳудудларда, давлатларда тарқалган мулоқот услублари бор ва улар сони бир нечта. Масалан, собиқ иттифоқ давлатлари бир-бирлари билан бемалол мулоқот қила оладилар. Аммо узоқ хорижий давлатларники кескин фарқ қилади. Лекин барибир қандайдир умумий ҳаракатлар мавжуд, икки кар тил топиша олади.

Шунингдек, Gestuno деб номланувчи халқаро тил ҳам бор ва уни ўрганганлар ўзаро мулоқот қилишлари мумкин.

– Карлар замонавий смартфонлардан фойдаланишни яхши ўзлаштиришганми, мессенжерларда гаплашишадими?

– Худди соғлом одамлар сингари ҳар хил. Кўпчилиги сматфонлардан фойдаланишади. Мессенжерларда асосан 20-50 ёшгача бўлгани фойдаланадилар. Қолгани фақат видеочақириқларда (imo, Whatsapp, Telegram) мулоқот қилишади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид