Жаҳон | 14:13 / 22.09.2025
5257
6 дақиқада ўқилади

Ҳизбуллоҳ Саудияни Исроилга қарши курашга ундади

Саудия Арабистони Покистон билан мудофаа пакти имзолашидан кўп ўтмай, Ҳизбуллоҳ Ар-Риёдни Исроилга қарши фронт очишга чақирди. Ушбу мурожаат ортида Эроннинг узоқ йиллик прокси сиёсати ва минтақада таъсирни сақлаб қолишга интилиши сезилаётгандек. Яқин Шарқдаги муҳим мавзулар “Геосиёсат”да экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Ҳизбуллоҳнинг Саудияни Исроилга қарши фронт очишга чақириғида Эроннинг таъсири ва Ар-Риёднинг муносабати қандай бўлиши мумкин?”

Фарҳод Каримов: Аввал Ҳизбуллоҳ ва Эрон ўртасидаги алоқалар жуда яқин эди. Ҳизбуллоҳ айнан Эроннинг қўллаб-қувватлови туфайли бугунги даражага етди. Бунда диний омил шиавийлик ҳам муҳим рол ўйнади. Аммо Суриядаги сиёсий ўзгаришлар, Асад ҳокимиятдан кетиши ва Аш-Шаръанинг ҳокимиятга келиши натижасида Эрон билан Ливан ўртасидаги алоқа каналлари узилди. Натижада жисмоний ва техник нуқтайи назардан ёрдам кўрсатиш имкониятлари йўқолди. Ҳатто “Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси” ҳам бу жараёнга таъсир ўтказолмаяпти. Аш-Шаръа ўртада жиддий тўсиқ бўлиб қолди. Бундан ташқари, Эроннинг ўзида ҳам ижтимоий-иқтисодий аҳвол оғир. Исроил билан бўлган 12 кунлик уруш ва бошқа можаролар мамлакат имкониятларини анча қисқартирди. Натижада Эрон устувор вазифа сифатида ички ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишни белгилаб олди. Технократ президент ҳокимиятга келиб, ташқи кескинликларни юмшатди, Оятуллоҳ Хоманаий ҳам бу йўналишни қўллади. Шунинг учун бугун Эроннинг Ҳизбуллоҳ ва бошқа прокси кучларни қўллаб-қувватлаш даражаси анча пасайган. Исроил Ҳамасни деярли нейтраллаштиргач, навбатни Ҳизбуллоҳга қаратди. Улар асосий мақсад сифатида Ҳизбуллоҳни қуролсизлантиришни белгилашган. Шу сабаб Ливан жанубига мунтазам зарбалар берилмоқда. Исроилнинг позицияси аниқ: Ҳизбуллоҳ бор экан, хавф мавжуд. Уни йўқ қилмагунча Исроил бу ҳудудлардан чиқмайди. ҲАМАСнинг тақдири Ҳизбуллоҳни ҳам кутаётганини англаган ташкилот раҳбарлари хавотирга тушди. Шу боис Наим Қосим Саудияга мурожаат қилди. Нега Эронга эмас? Чунки Эрон бугунги кунда молиявий ва ҳарбий ёрдам бера олмайди. Саудиянинг эса позицияси ўзгариб бормоқда: у Покистон билан ҳарбий иттифоқ тузмоқда, минтақада ўз ролини кучайтирмоқда ва ҳали Исроилни расман тан олмаган. Шу сабаб Ҳизбуллоҳда “моддий ёрдам бера оладиган ягона манба Саудия бўлиши мумкин” деган умид пайдо бўлди. Аммо бунинг эҳтимоли жуда паст. Чунки Саудия 2016 йилдан бери Ҳизбуллоҳни террорчи ташкилот сифатида рўйхатга киритган ва ҳозирча бу қарашни ўзгартиришга мойил эмас. Бу орада Ливан раҳбарлари Франция, АҚШ ва Европа давлатлари билан мулоқот бошлашди. Уларнинг асосий мақсади Ливанни қайта тиклаш, инвестициялар жалб қилиш. Бироқ Ғарб давлатлари аниқ шарт қўйди: Ливан қуролсизлантирилиши керак. Бу талаблардан энг аввало Ҳизбуллоҳ зарар кўради. Шу сабаб Ҳизбуллоҳ англаб етмоқда: қанчалик кучли бўлмасин, унинг сиёсий ва ҳарбий умри тугаш арафасида. Бу жараён Исроилнинг босими орқали амалга ошиши мумкин. Наим Қосимнинг Саудияга мурожаати ҳам охирги умид сифатида баҳоланмоқда. Бугун Ҳизбуллоҳ мураккаб босқичга кириб қолди. Сабаби Эроннинг ёрдам имкониятлари қисқарди, Исроил уни қуролсизлантиришга қатъий киришган ва Ливан ҳукумати Ғарб билан инвестициялар эвазига Ҳизбуллоҳни сиёсий майдондан чиқаришга тайёр. Шундай шароитда ташкилот ўз мавжудлигини сақлаб қолиш учун янги ҳомий изламоқда. Аммо Саудиянинг бунга рози бўлиши эҳтимолдан йироқ.

Алоуддин Комилов: 1980 йилда АҚШ, Европа ва бошқа давлатларнинг қўллаб-қувватлови билан Ироқ Эронга ҳужум қилди. Ўн йилга чўзилган уруш Эронни оғир аҳволга солиб қўйди ва унинг стратегиясини тубдан ўзгартирди. Шу даврдан бошлаб Эрон ташқи кучларга қарши курашни бевосита ўз ҳудудида эмас, балки бошқа ҳудудларда олиб боришга қарор қилди. Бунинг учун Ҳизбуллоҳ, ҳусийлар каби прокси кучлар яратилди. Бу кучлар Эрон учун ўз мавжудлигини ҳимоя қилувчи ва минтақада таъсирини кенгайтирувчи восита сифатида кўрилди. Шу жараёнга диний тус ҳам берилди. Ҳозирги шароитда Ҳизбуллоҳ раҳбариятининг Саудияга мурожаат қилгани бежиз эмас. Аммо Саудия бунга албатта “йўқ” дейди. Сабаби Ар-Риёд Ҳизбуллоҳни Эроннинг проксиси ва Ливан суверенитетини емирувчи куч сифатида кўради. Ҳизбуллоҳ нафақат сиёсий партия, балки ўз армиясига эга бўлган ҳарбий кучдир ва Ливан жанубида катта таъсирга эга. Бу эса Саудия учун таҳдид сифатида кўрилади. Саудия Арабистонининг бугунги асосий мақсади минтақавий урушларни де-эскалация қилиш ва бевосита можаро гирдобига тортилиб қолмаслик. Чунки мамлакат “Саудия 2030” дастури асосида катта иқтисодий ва сиёсий трансформацияларни амалга оширишни режалаштирган. Валиаҳд шаҳзода мамлакатни “Яқин Шарқнинг Европаси”га айлантириш ҳақида катта баёнотлар берган. Эрон эса минтақада ўз манфаатларини ҳимоя қилишда давом этмоқда. Масалан, «Иброҳим келишувлари»нинг амалга ошмаслиги Теҳрон учун фойдали. Шу орқали у Арабистоннинг бетарафлигини синаб кўришга ва Америка ҳамда Исроил дипломатиясида бўлинишлар яратишга интилмоқда. Шу омилларни ҳисобга олганда, Саудия Арабистони Ҳизбуллоҳнинг чақириқларини қабул қилиши эҳтимолдан йироқ. Риёд ўз стратегик режалари ва халқаро имижини хавф остига қўйишни истамайди.

Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид