Жаҳон | 21:16 / 18.12.2025
4778
3 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони ЖЧ-2034 бюджетини қисқартиради

Турнирни ўтказиш билан боғлиқ аксарият лойиҳаларнинг асосий молиявий оператори бўлган Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси (Public Investment Fund, PIF) нефт нархининг пасайиши ортидан молиялаштиришни қисқартирмоқда.

2034 йилги Саудия Арабистони Жаҳон чемпионати учун таклиф қилинган Неом стадиони
Фото: Saudi Arabia 2034

Саудия Арабистони футбол бўйича 2034 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарликни молиялаштириш кўламини қайта кўриб чиқишни бошлади, стадионлар ва тегишли инфратузилмаларни қуриш харажатларини камайтиришга эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда қиролликдаги лойиҳалар билан ишлайдиган қурилиш ва архитектура соҳасидаги манбаларга таяниб The Guardian хабар берди.

Журналистларнинг ёзишича, турнирни ўтказиш билан боғлиқ аксарият лойиҳаларнинг асосий молиявий оператори бўлган Саудия Арабистони Давлат инвестиция жамғармаси (Public Investment Fund, PIF) пудратчиларга бюджетларни оптималлаштириш ва архитектура ечимларини соддалаштириш бўйича кўрсатма берган. Гап мураккаб муҳандислик элементлари, жумладан, суриладиган томлар, иқлим тизимлари ва илгари ареналар концепциясига киритилган бошқа қиммат технологик ечимлар учун харажатларни камайтириш ҳақида кетмоқда.

Дастлаб, мамлакат расмийлари 15 тагача стадион қуриш режасини кўриб чиққан, уларнинг бир қисми ўзига хос дизайнга эга диққатга сазовор жойларга айланиши керак эди. Энди, манбаларга кўра, баъзи лойиҳалар қайта кўриб чиқилиши ёки кечиктирилиши, ареналарнинг умумий сони эса қисқартирилиши мумкин. Бундан ташқари, айрим инфратузилма объектларини қуриш муддатлари кечиктирилиши мумкин.

Бюджетни камайтиришнинг сабаби сифатида давлат молиясига юкламанинг ошиши ва нефт бозори конъюнктурасининг ўзгариши шароитида маблағларни қайта тақсимлаш зарурати кўрсатилмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони сўнгги йилларда бир вақтнинг ўзида ўнлаб мегалойиҳаларни амалга оширмоқда - туризмни ривожлантиришдан тортиб янги шаҳарлар қуришгача, бу эса харажатларни янада қаттиқроқ назорат қилишни талаб этади.

Шу билан бирга, расмийларнинг таъкидлашича, гап жаҳон чемпионатини ўтказишдан бош тортиш ҳақида кетмаяпти. Саудия Арабистони - ЖЧ-2034 расмий мезбони ва Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) олдидаги мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда сақланиб қолади. Ўзгаришлар биринчи навбатда турнирга эмас, балки тайёргарлик кўлами ва форматига таъсир қилади.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, харажатларни қайта кўриб чиқиш янада прагматик ёндашувга олиб келиши мумкин - намунавий ечимлардан фойдаланиш, босқичма-босқич қуриш ва мавжуд инфратузилмани фаол жалб қилиш. Бундай чора-тадбирлар илгари йирик халқаро мусобақалар ўтказиладиган бошқа мамлакатларда ҳам қўлланилган.

Футбол бўйича 2034 йилги жаҳон чемпионати тарихда биринчи марта тўлиқ Саудия Арабистони ҳудудида бўлиб ўтади. Турнирга тайёргарлик мамлакатни модернизация қилиш ва унинг халқаро спортдаги ролини ошириш бўйича кенгроқ стратегиянинг бир қисми бўлиб қолмоқда, аммо жорий қарорлар ҳукуматнинг амбициялар ва иқтисодий ҳақиқатни мувозанатлаштиришга интилишини кўрсатмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид