Жаҳон | 13:30 / 11.06.2017
41568
5 дақиқада ўқилади

"Дунёда катта ҳодисалар кутилмоқда": Каддафийнинг ўғли Саиф Ал-Ислом озодликка чиқди

Собиқ Ливия раҳбари Муаммар Каддафийнинг ўғли Саиф Ал-Ислом  Зинтан шаҳрида озодликка чиқди. Бу ҳақида «Абу Бакр ас-Сиддиқ» қуролланган гуруҳи хабарига асосланиб, RT хабар берди

Фото: Reuters

Гуруҳ вакилларининг маълум қилишича, кенжа Каддафий мамлакат парламенти томонидан эълон қилинган амнистияга биноан озодликка чиққан. 

"Биз жаноб Саиф Ал-Ислом Муаммар Каддафийни озод қилишга қарор қилдик. У буткул озод. Биз Рамазоннинг 14-кунида унинг Зинтанни тарк этганини тасдиқлаймиз", - дейилади хабарда. 

Манбага кўра, Саиф ўтган ойнинг охирида Ливия парламенти томонидан эълон қилинган умумий амнистия натижасида озодликка чиққан. У шунингдек мамлакат ичида ва ундан ташқарида тўсиқларсиз ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган.

"Зинтан инқилобчиларининг ҳарбий кенгаши" ҳам шу мазмундаги баёнот билан чиқди: "Саиф Ал-Ислом Каддафий умумамнистия қонуни ижроси асосида озод этилди".

"Ал-Арабийя"га кўра, ҳозирда кенжа Каддафий - Ливия шарқидаги Ал-Байда шаҳрида. У ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилиши кутилмоқда.

"Энди муҳандис Саиф Ал-Ислом чиққанидан кейин яқин бир неча кунларда дунёни катта ҳодисалар кутмоқда", - деди собиқ маҳбуснинг қариндоши Аҳмад Муҳариб.

У бу сўзлари билан айнан нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади. 

Саиф Ал-Ислом отасининг энг содиқ тарафдорларидан бири ҳисобланади. У отасининг фаолиятида фаол иштирок этган, хусусан Ливия ўтиш даври миллий кенгашига қаршилик қилувчи кучларни бошқарган ва ворис ҳисобланган. Шу муносабат билан тўнғич Каддафийдан кейин Саиф Ал-Ислом қўлга олинган. 

2015 йилнинг июль ойида Триполи аппеляцион суди Саифни тинч намойишчилар қотиллигига алоқадорликда айблаб, ўлим жазосига ҳукм қилганига қарамай, «Абу Бакр ас-Сиддиқ» гуруҳи уни ҳукуматга топширмади. 

Фото: Reuters

Бундан ташқари, кенжа Каддафийнинг адвокати Жон Жонс RT нашрига берган интервьюсида Триполидаги жараён мутлақо ноқонуний кечгани, судьялар тўлиқ қуролланган гуруҳлар таъсири остида бўлгани таъкидлаган.

Саиф Ал-Исломга инсонийликка қарши жиноятлар бўйича айблов қўйган Халқаро жиноят суди (ХЖС) ҳам унинг топширилишига эришмоқчи бўлган. ХЖС Каддафийнинг ўғли билан боғлиқ суд жараёнини Гаагада ўтказмоқчи бўлган, бироқ Ливия ҳукумати у ватанида судланиши кераклигида қатъий турган.

Мутахассислигига кўра муҳандис ва фалсафа фанлари доктори унвонига эга бўлган кенжа Каддафий Австрия ва Буюк Британияда таълим олган. У Лондон иқтисодий ва сиёсий фанлар мактабини тугаллаган. Сиёсатчи инглиз, немис ва француз тилларини билади. 

Ливияда либерал ислоҳотлар тарафдори бўлган Саиф отасининг номи берилган хайрия фондини бошқарган. У бу лавозимда турли вақтларда филиппинлик исёнокорларнинг «Абу Сайяф» гуруҳи ва афғон толиблари билан асирларни озод қилишга доир музокаралар олиб борган, шунингдек Буюк Британия билан савдо алоқаларини ривожлантирган.

Саиф Ал-Ислом 2000-йиллардан Ғарб билан муносабатларни нормаллаштириш ташаббусини илгари сурган. У бу позициядан ҳатто отасини танқид ҳам қилган. Бироқ бу баёнотлар унинг Ливияда фуқаролар уруши бошланиши билан мамлакатнинг амалдаги ҳукумати томонига ўтишига ҳалақит бермаган. Хусусан, Франция Ливия мухолифатини расман тан олганидан кейин Саиф Ал-Ислом ўша даврдаги президент Николя Саркозидан Триполи 2007 йилда унинг сайлов кампаниясига ажратган пулларни қайтаришни талаб қилган. 

Саиф Ал-Ислом — Каддафийнинг 2011 йилги ҳодисалар вақтида омон қолишга муваффақ бўлган оила аъзоларидан бири. Унинг укалари Муатасем ва Хамис жанг пайтида ўлдирилган, учинчи укаси - Саъдий эса 2014 йилда Нигер томонидан Ливия ҳукуматига топширилган. Унинг кейинги тақдири номаълум.

Шунингдек Муаммар Каддафийнинг турмуш ўртоғи ва қизи Ойша ҳамда икки кенжа ўғли ҳам омон қолган - улар Жазоирда қўним топишган.

Саиф Ал-Ислом 2011 йилда Ливияда рўй берган ҳодисаларни мамлакатнинг табиий ресурсларига кўз олайтирган НАТО аъзолари тимсолидаги душманларининг аралашуви натижаси деб ҳисоблайди. Бу ҳақида у Муаммар Каддафийнинг ўлимидан тўрт ой аввал айтган.

"Улар (НАТО мамлакатлари) учун бизнинг мамлакатимиз - катта пирог каби. Ливия - бой давлат. Бу ерда газ ва нефть кўп. Бизнинг хорижий банклардаги пулларимиз 100 миллиард доллардан ортиқ. Шундай экан, улар бу пирогни ўзаро бўлишиб олишмоқчи", - деганди ўшанда кенжа Каддафий. 

Мавзуга оид