Ўзбекистон | 20:31 / 11.08.2021
29221
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилади. Фонд васийлик кенгашига Шерали Жўраев раҳбарлик қилади

Ўзбекистон президентининг “Ватандошлар” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев

Ҳужжатда айтилишича, фондни ташкил этишдан мақсад хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни тарихий Ватани атрофида янада жипслаштириш, миллий ўзликни сақлаб қолиш, ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошлар салоҳиятини мамлакат тараққиётига самарали йўналтиришдан иборат.

Қуйидагилар фонд фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
  • хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
  • хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;
  • хорижда Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш;
  • ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  • хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш;
  • ривожланган хорижий давлатларда яшаб келаётган олим ва ижодкор ватандошларнинг юрт нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;
  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш.

Иловага мувофиқ, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов васийлик кенгаши раиси ўринбосари этиб белгиланди.

Фондни ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағ сифатида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 5 миллиард сўм ажратилади.

Мавзуга оид