“Дунё” АА хабар беришича, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, йиғилишнинг асосий мавзуси венчур ва private equity (хусусий капитал) бозорини тартибга солишга доир янги қонун лойиҳаси бўлди.
Муҳокамаларда венчур фондлари вакиллари, халқаро молия институтлари, кенгашга аъзо глобал компаниялар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарияти иштирок этди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳамкорликда, шунингдек қатор ихтисослашган компаниялар ва халқаро экспертлар жалб этилган ҳолда ишлаб чиқилмоқда.
Ҳужжатда private equity ва венчур фондлари тушунчаларини қонунчиликка киритиш, халқаро амалиётда тан олинган тузилма ва инструментларни жорий этиш, шунингдек солиқ солишда “шаффоф” тамойилларни назарда тутиш режалаштирилган.
Экспертлар фикрича, мазкур қонун қабул қилиниши халқаро инвесторлар учун Ўзбекистон бозорининг жозибадорлигини ошириши, шу билан бирга мамлакатда инновацион экотизимни янги босқичга олиб чиқиши мумкин.











