Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Иқтисодиётни декарбонизация қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган лойиҳаларни барқарор молиялаштириш бўйича:
а) 2025 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасида “яшил молиялаштириш” тизимини шакллантириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилади ҳамда “яшил иқтисодиёт” фондини ташкил этиш чоралари кўрилади;
б) 2025 йилдан бошлаб қуйидаги манбалар ҳисобидан яшил ва кам углеродли ривожланиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга имтиёзли кредит ва грант маблағларини жалб этиш чоралари кўрилади:
- Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан – босқичма-босқич 200 миллион евро;
- Жаҳон банкидан – энергетика секторида метан эмиссиясини камайтириш учун 10 миллион доллар;
- Глобал яшил ўсиш институти орқали Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги техник кўмаги доирасида – Ўзбекистон-Корея ўртасида яшил ҳамкорликни кучайтириш учун 6,5 миллион доллар;
- Жаҳон банкининг iCRAFT лойиҳаси доирасида – 500 минг тонна қисқартирилган иссиқхона газларини сотиш ҳисобига 7,5 миллион доллар;
- Германия халқаро ҳамкорлик жамиятидан – саноатни яшиллаштириш ва азот кислотаси ишлаб чиқарувчи корхоналар атмосферага чиқараётган зарарли газларини қисқартириш учун 20 миллион евро;
в) 2025 йил сентябрга қадар “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини амалга оширишда шаффофликни таъминлашга қаратилган миллий “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини баҳолаш тартиби татбиқ этилади;
г) 2025 йил ноябрга қадар қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган давлат-хусусий шериклик асосида янги лойиҳаларни Source халқаро платформаси ва PIERS тизими билан интеграция қилиш орқали лойиҳаларнинг “яшил компонент”лари ва барқарор ривожланиш мақсадларига мослигини баҳолаш амалиёти йўлга қўйилади;
д) 2025 йил якунига қадар миллий шаффофлик тизими доирасида иссиқхона газларини мустақил текшириш ташкилоти (валидация ва верификация компанияси) фаолиятини йўлга қўйиш чоралари кўрилади;
е) Европа Иттифоқининг техник кўмагида Бухоро, Наманган, Нукус, Урганч шаҳарлари ва Ғузор туманида кам углеродли ривожланиш бўйича ҳаракатлар режалари ишлаб чиқилиши ҳамда 10 та ижтимоий объектнинг энергия самарадорлиги оширилиши таъминланади.











