Жаҳон | 22:11 / 06.01.2026
16686
5 дақиқада ўқилади

Мадуро ағдарилганидан кейин Венесуэлада нималар бўлмоқда?

Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Каракас кўчаларида – режимга содиқ бўлган колективос аъзолари навбатчилик қилмоқда. Айрим мухолифатчилар ва журналистлар қўлга олинган.

Каракас кўчаларидаги коллективос. Фото: Jesus Vargas / Getty Images

АҚШ махсус топшириқли кучлари Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олганидан сўнг, вице-президент Делси Родригес бошчилигидаги янги ҳокимият мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Каракас кўчаларида патруллар ва блокпостлар пайдо бўлди – бу патрулларга нафақат ҳарбийлар ва полициячилар, балки колективос ҳам жалб қилинган. Булар ҳукуматпараст қуролли гуруҳлар аъзолари ҳисобланади (Россиядаги титушкилар муқобили). Улар йўловчиларни ва машиналарни тўхтатишади, тинтув ўтказишади, баъзида телефонларни текширишади – расмий версияга кўра, махсус операцияда Америкага ёрдам берганларни қидиришади. Мухолифатчи фаоллар ва журналистлардан бир нечаси қўлга олингани маълум.

Колективос мухолифатга қарши куч ишлатиш ҳаракатлари билан машҳур. Камида 2012 йилдан бери барча сайловолди кампанияларида, шунингдек, Николас Мадурога қарши норозилик намойишлари вақтида улар режимга қарши бўлганларнинг кўча намойишларини тарқатиб юбориш билан шуғулланган, жумладан, намойишчиларни ўққа тутишган. Коллективос – бу ягона ташкилот эмас, балки тарқоқ гуруҳлар йиғиндисидир. Бундай гуруҳларнинг кўпчилиги ички ишлар вазирлиги (вазирликка ҳукмрон режимнинг «кучишлатар қаноти» вакии, Мадуронинг собиқ сиёсий рақиби Диосдадо Кабело раҳбарлик қилади) назорати остида ҳаракат қилади.

Венесуэла президентининг расмий қароргоҳи – Каракас марказидаги Мирафлорес саройини ҳам худди шу колективос қўриқлайди. Мадуро эса сўнгги вақтларда у ерда эмас, пойтахтнинг жанубий чеккасидаги Фуэрте-Тиун ҳарбий базасида яшаётганди ва уни ўша ерда қўлга олишди.

Кўчаларда хавфсизлик ходимлари билан тўлиб-тошгани баъзан тушунмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда. 6 январга ўтар кечаси Мирафлорес қўриқчилари сарой яқинидан учиб ўтаётган дронларга қарата ўт очди, лекин бироз ўтиб улар полиция дронлари экани маълум бўлди.

Колумбия, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги Венесуэла диаспорасида Мадуро ҳокимиятдан ағдарилгани ҳақидаги хабар кўчалардаги байрамлар билан кутиб олинди. Венесуэланинг ўзида эса бундай ҳолат кузатилмаган. Биринчидан, режим амалда ўша-ўшалигича қолди – шунчаки ягона раҳбаридан маҳрум бўлди, холос. Намойишларни бостириш аппарати эса ўз жойида. Иккинчидан, Венесуэла аҳолиси – ҳатто Мадуродан норози бўлганлар орасида ҳам қувонч эмас, балки хавотир ва ноаниқлик ҳисси устунлик қилмоқда.

Каракас ва бошқа шаҳарларда ҳам кўча акциялари бўлиб ўтди – лекин фақат локал миқёсда ва кам сонли иштирокчилар билан. Бундан ташқари, кўплаб акциялар АҚШнинг Венесуэла ички ишларига аралашувига қарши норозиликка бағишланган эди. Бундай митинглар полициячилар, ҳарбийлар ва колективос томонидан синчковлик билан кузатиб турилган. Қолаверса, Венесуэла мухолифатининг кўплаб вакиллари ҳам АҚШнинг ҳаракатларидан норозилик билдирмоқда.

Каракас бозорига кириш жойини қўриқлаётган колективос аъзолари. 2026 йил 4 январ
Boris Vergara / Anadolu / Getty Images

Каракас ва Венесуэланинг бошқа шаҳарларида дўконлар чекловлар билан ишламоқда: биринчи куни одамлар ваҳимага тушиб, ҳамма нарсани сотиб ола бошлаган ва узоқ давом этган иқтисодий инқироз қамраб олган мамлакатдаги кам сонли захиралар тугаб қолганди. Кафега ташриф буюрувчилар одатдагидан сезиларли даражада кам. Баъзи ҳудудларда электр энергияси ва сув йўқ, уяли алоқа ишламаяпти – бу Америка зарбалари туфайли етказилган зарар билан ҳам, шунчаки узоқ давом этган инқироз билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Каракас кўчаларидан бирида одамларни тўхтатиб, текшираётган колективос. 2026 йил 4 январ
Ariana Cubillos / AP / Scanpix / LETA

The Guardian мухбирлари Каракас кўчаларида суҳбатлашган йўловчилар содир бўлаётган воқеалар муносабати билан нималарни ҳис қилишлари ҳақидаги саволга шундай жавоблар беришган –ишончсизлик, ғазаб ва хавотир. CNN бошқа венесуэлаликларнинг сўзларини келтиради: «Мен бутунлай қоронғиликдаман. Мамлакат билан, биз билан нима бўлишини тасаввур қила олмайман»; «Фақат ноаниқлик бор. Ҳокимият ўзгаргандек туюлмаяпти, чунки ҳамма нарса аввалгидек қолди. Фақат ҳеч нарса тушунарли эмаслиги аниқ». The Wall Street Journal суҳбатдошларидан бири шундай деди: «Ҳукуматлар келади ва кетади, биз эса қоламиз ва ишлашимиз керак».

Каракасдаги супермаркетни қўриқлаётган колективос аъзоси. 2026 йил 4 январ
Ronald Pena / EPA / Scanpix / LETA

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид