Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венесуэлани кимлар бошқармоқда?
Мадуро ҳукуматидаги энг қудратли 4 киши ва АҚШнинг 5 нафар юқори мартабали амалдори бугун Венесуэла келажагини белгиламоқда.
Фото: Марсело Гарcиа / Reuters
Венесуэлада ҳокимият узоқ йиллардан бери сиёсий ва ҳарбий амалдорлардан иборат кичик, бироқ ниҳоятда қудратли гуруҳ томонидан назорат қилинади. Улар кенг тармоқли, ўзига содиқ хавфсизлик идоралари томонидан қўллаб-қувватланади. Бу тизим АҚШ Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳокимиятдан ағдарганидан кейин ҳам сақланиб қолди.
АҚШ ҳарбийлари ўғирлаб кетган Мадуронинг ўзи Нью-Йоркда наркотерроризм айбловлари билан ҳибсда сақланмоқда. Унинг ўрнига вориси вақтинчалик раҳбар сифатида қасамёд қилди.
Хўш, бугун Венесуэладаги энг қудратли шахслар кимлар? Бошқа мамлакат келажагини белгилаётган АҚШ амалдорлари-чи, улар кимлар? Reuters нашри ушбу шахсларнинг ҳар бирига тўхталиб ўтди.
Венесуэладаги сиёсий доиралар
Делси Родригес – Венесуэланинг вақтинчалик президенти. У Мадуронинг собиқ вице-президенти бўлган, ҳозир эса АҚШ назорати остида мамлакатни бошқармоқда.
Делси хоним тажрибали ҳуқуқшунос ва узоқ йиллик партия амалдори. Вице-президент, нефть ва молия вазири бўлган пайтда тўплаган иқтисодий қудрати учун кинояли тарзда «орқа фондаги ҳукмдор аёл» (царина) деб аталади. У Мадуронинг ҳукуматида ишлагани учун расмий санкциялар остида, бироқ ҳозирча АҚШ ишончини қозонган. АҚШ нефть компаниялари назарида эса мамлакатнинг емирилган энергетика инфратузилмасини тиклашда энг қулай ҳамкор ҳисобланади.
Хорхе Родригес – Миллий Ассамблея раиси, амалдаги бошқарувчи Делси Родригеснинг укаси. У Венесуэла парламентига раҳбарлик қилади, у ерда эса ҳукмрон социалистик партия мутлақ устунликка эга.
Хорхе АҚШ ва мухолифат билан музокараларни юритган. Сайлов шартлари ва маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувларга бошчилик қилган. Чет эл ҳукуматлари уни прагматик музокарачи деб билади. У хорижий компаниялар учун нефть қонунчилигини ўзгартириш жараёнини бошлаши мумкин.
Диосдадо Кабелло – ички ишлар вазири. У Венесуэлада Ҳарбий контрразведкани назорат қилади. Шунингдек, ўзини «Cолективос» деб атайдиган, ҳукмрон партия билан алоқадор бўлган ва мухолифат тарафдорларини қўрқитиш билан танилган мототциклчи гуруҳлар ҳам унинг измида.
Кабелло репрессия аппаратининг асосий ижрочиси, шунингдек Ҳуго Чавезга боғлиқ сиёсий мафкуранинг асосий рамзи ҳисобланади. У АҚШда наркотерроризм айблови билан қидирувда, бошига 25 миллион доллар мукофот белгиланган.
Владимир Падрино – мудофаа вазири, Венесуэла Қуролли кучларни бошқаради. У Делси Родригесга содиқлик билдирган. Мамлакатдаги ўтиш даврида тартибни сақлашда муҳим роль ўйнайди.
Мария Корина Мачадо – асосий мухолифат етакчиси, Нобел мукофоти соҳибаси. Ҳукумат танқидчиси бўлган Мария 2024 йилги мухолифат праймеризида ғалаба қозонган, бироқ умумий сайловга қўйилмаган. Бироқ, АҚШ президенти Доналд Трамп уни етарли сиёсий таянчга эга эмас, деб ҳисоблайди.
АҚШдан туриб Венесуэлани «бошқарувчилар»
Марко Рубио – АҚШ Давлат котиби ва вақтинчалик миллий хавфсизлик маслаҳатчиси. Reutersʼнинг ёзишича, Мадуронинг ағдарилиши унинг узоқ йиллик мақсади бўлган. Рубио Делси Родригес билан тўғридан-тўғри алоқада.
Жон Ратклиф – Марказий разведка бошқармаси (CIA) директори. У Мадуро қўлга олиниши операциясини разведка жиҳатдан таъминлаган.
Стивен Миллер – Оқ уй аппаратининг сиёсат масалалари бўйича раҳбари ўринбосари ва ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчи. Нашрнинг ёзишича, Миллер Лотин Америкасига қаратилган иммиграция сиёсатини ишлаб чиққан ва куч сиёсатини тарғиб қилади.
Пет Ҳегсет – АҚШ мудофаа вазири (Уруш вазири). У Кариб ҳавзасида ҳарбий куч жамлаб, Мадурони қўлга олиш рейдини ташкил қилган.
Крис Райт – АҚШ энергетика вазири. У Венесуэла нефть саноатини қайта қуриш режаси учун масъул. Крис – Chevron, Exxon ва ConocoPhillips каби гигант компанияларни Венесуэлага қайтаришни режаламоқда. Шунингдек, у Каракаснинг Пекинга тобе бўлишига йўл қўймаслик тарафдори.
Мавзуга оид
09:57
Венесуэла ҳукумати: қамоқхоналардан 400 дан ортиқ маҳбус озод этилди
07:20
Жаҳон нефт стандартлари: Венесуэла нефти нега “оғир”?
13:14 / 13.01.2026
Трамп Венесуэла мухолифати етакчиси Мачадони Оқ уйда қабул қилади
14:09 / 12.01.2026