Венесуэла президенти Николас Мадуро Америка ҳарбийлари томонидан қўлга олинган ва суд қилиш учун АҚШга олиб кетилган. Энди Венесуэлада қарорларни ким қабул қилади? The Washington Post газетаси бехосда раҳбаридан айрилган мамлакатда катта ҳокимиятга эга бўлган икки муҳим шахс ҳақида ҳикоя қилди. Булар мудофаа вазири Владимир Падрино ҳамда ички ишлар вазири Диосдадо Кабелиодир. Улар йирик қуролли гуруҳларни назорат қилади, иккиси ҳам мамлакатдаги асосий бизнесларни қўлга олган ва иккиси ҳам гиёҳванд моддалар савдосида айбланган.

Николас Мадуро ҳокимиятдан ағдарилгач, вице-президент Делси Родригес расман Венесуэланинг янги раҳбарига айланди. Унинг акаси Хорхе Родригес – парламент спикери ҳисобланади. Аммо амалда улар ҳокимиятни яна камида икки киши билан бўлишишига тўғри келади: мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес ва ички ишлар вазири Диосдадо Кабелио.

Уларнинг барчаси – Венесуэлани 2000 йилдан буён бошқариб келаётган чавесчилар ҳаракати фахрийларидир. Мадуро ҳокимиятда эканида ҳам бу учлик ўртасидаги муносабатлар кескин бўлиб турганди.

Падрино нафақат армияни, балки Венесуэла иқтисодиётининг катта қисмини, жумладан, йирик конларни назорат қилади.

Кабелионинг назоратида эса полиция кучларидан ташқари колективос ҳам бор – бу ҳокимиятпараст қуролли гуруҳлардир. Уларнинг жангчилари мотоциклларга миниб, ниқоб таққан ва қурол кўтарган ҳолда кўчаларда навбатчилик қилади. Мадуро ағдарилиши биланоқ улар пойтахт Каракас кўчаларида кўплаб блокпостлар ташкил этиб, йўловчиларни тўхтатиб, уларнинг телефонларидан шубҳали ёзишмаларни қидира бошлади.

Падрино ва Кабелио бир неча бор ҳал қилувчи паллаларда Мадуро режимини қутқариб қолишган. Хусусан, 2019 ва 2024 йилларда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин (икки сафар ҳам мухолифатчилар Мадуронинг ғалабасини тан олмаган). Икки ҳолатда ҳам ҳарбийлар, полициячилар ва колективос намойишларни куч билан бостириб, режимнинг сақланиб қолишини таъминлаган.

Кабелио ўзининг ўта радикаллиги билан ажралиб туради. У «Болға билан ур» номли ҳафталик телешоуни олиб боради, ҳукумат йиғилишларига эса «Шубҳаланиш – хиёнат» ёзуви туширилган кепка кийиб келади.

The Washington Post ҳукуматга яқин бўлган маслаҳатчилардан бири билан гаплашган. Унинг тасдиқлашича, мамлакатдаги бирдамлик сақланишига айнан Кабелио масъулдир: «Инқирозли ҳолат юзага келганида, у музокара қилиб ўтирмайди – у тартиб ўрнатади. Делси бошқаради, Диосдадо эса ҳокимият қўлдан кетмаслиги учун масъул».