Жаҳон | 20:44 / 04.10.2024
5701
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Шимолий Кореяга ҳужум қилинса, ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилди

У ўз мамлакати олимларини «ядровий таҳдидларга жавоб бера олиш» учун ядровий материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирди.

Фото: KCNA

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Корея халқ армияси махсус бўлинмалари ўқув базасига ташриф буюрди ва у ерда бўлиб ўтаётган машғулотларни кузатди. Унинг таъкидлашича, агар республика ҳужумга учраса, барча мавжуд кучлардан, жумладан, ядровий қуролдан фойдаланишдан тортинмайди.

Машғулотлар 2 октябр куни бўлиб ўтди. КХДР етакчиси Жанубий Корея президенти Юн Сёк Ёлни «қўғирчоқ» деб атади ва Жанубий Корея расмийлари ва АҚШ ўртасидаги ядровий иттифоқни танқид қилди.

«Агар ўта аҳмоқлик ва бепарволикка ботган душманлар бизнинг такрор огоҳлантиришларимизга эътибор бермаса ва Жанубий Корея билан АҚШ иттифоқига ишониб, КХДР суверенитетига қарши куч ишлатишга уринса, биз раҳм қилмаймиз», деди Ким Чен Ин.

Шимолий Корея раҳбари олимларни «ядровий таҳдидларга жавоб бера олиш» учун ядровий материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга чақирди.

1 октябр куни Жанубий Кореяда қуролли кучлар ташкил топганининг 76 йиллиги нишонланди, унинг шарафига Сеулда кенг кўламли ҳарбий парад бўлиб ўтди. Президент Юн Сёк Ёол, агар Пхенян ўз мамлакатига қарши ядровий қурол ишлатмоқчи бўлса, Жанубий Корея билан АҚШ жавоби «ҳал қилувчи ва ҳайратланарли» бўлишини ваъда қилди.

Мавзуга оид