Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолияти такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори чиқди.
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарорини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:
1. Ўзбекистон Бадиий академиясининг устави 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.
2. Ўзбекистон Бадиий академияси:
бир ой муддатда Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги галереялари тўғрисидаги намунавий низомни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;
икки ой муддатда Ўзбекистон Бадиий академияси тизимига кирувчи ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларини қайта кўриб чиқсин ва улар қонун ҳужжатлари талабларига мослаштирилишини таъминлайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.В.Нуридинов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг уставига кўра, Бадиий академия тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини ривожлантириш, академик бадиий таълимнинг изчиллигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга ваколатли бўлган давлат муассасаси ҳисобланади.
Бадиий академия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Бадиий академия юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ банкларда миллий ва хорижий валютада ҳисоб рақамларига эга бўлади.
Бадиий академия таркибида: Бадиий академиянинг марказий аппарати; Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими; Бадиий кўргазмалар дирекцияси; Халқаро маданият карвон саройи; Тошкент фотосуратлар уйи; Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи; “Санъат” журнали; Қурилиш дирекцияси; “Хамар” халқаро алоқалар маркази; Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлари; Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги галереялари; Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти; П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежи; Республика дизайн коллежи; Қўқон тасвирий ва амалий санъат коллежи; Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати; Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари фаолият олиб боради.
Қуйидагилар Бадиий академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмалар учун кенг имкониятлар яратиб бериш ҳамда ижодкорларнинг бадиий салоҳиятини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан илғор тажрибани алмашиш мақсадида ҳар томонлама ижодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
ижодкорлар ва истеъдодли ёшларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш ҳамда Бадиий академия тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
халқимизнинг бой маданий меросини, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн анъаналарини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг фаолиятини мувофиқлаштириш;
тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишидаги ижодкорларнинг миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи юксак даражадаги ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш ва болалар санъатини ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятида бадиий таълим узвийлиги ҳамда узлуксизлигини таъминлашга эришиш мақсадида ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатлари ва ўрта махсус таълим муассасалари учун бошланғич бадиий таълимни йўлга қўйиш;
Ўзбекистон маданияти ва санъатининг тараққиёти йўлида тасвирий ва амалий санъат, дизайн ва халқ ҳунармандчилиги соҳалари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш;
тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, Бадиий академия марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини кучайтириш, бу борадаги вазифаларни амалга оширишнинг замонавий, таъсирчан усул ва шаклларини тизимли асосда ривожлантириб бориш;
Ўзбекистонда ва хорижда кенг кўламли кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, конференция, биенналелар ва бошқа анжуманлар ўтказиш.
Бадиий академия ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) ижодий йўналишда:
ёш ижодкорлар, истеъдодли рассомлар, дизайнерлар, халқ усталарининг республика ва халқаро миқёсда шахсий ва жамоавий кўргазмаларини белгиланган тартибда ташкил этади;
ижодкорлар ва кўргазмалар бадиий салоҳиятини ошириш мақсадида академиклар, профессионал мутахассислар ҳамда санъатшунослар, адабиётшуносларни, тарих, эстетика соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бораётган олимларни жалб қилган ҳолда муҳокамалар мунтазам олиб борилишини назорат қилади;
ижодкорлар ва истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишида ижодий танловлар ўтказади;
Ўзбекистонда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишини ривожлантириш бўйича жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ташкилотлар, бадиий ижодкорлар уюшмалари, соҳа бўйича атоқли ижодкорлар билан ҳар томонлама ижодий ҳамкорликни амалга оширади;
кўргазмали фаолият билан шуғулланувчи тизим ташкилотлари ва галереяларнинг моддий-техник базасини замонавий талабларга асосан такомиллаштиради;
ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож ижодкорларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ таклифларни “Илҳом” жамоат фонди ва бошқа ҳомийларга киритади;
Бадиий ижодкорлар уюшмаси билан биргаликда уюшма шўъбаларининг фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳудудий галереяларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижодкорларга шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;
белгиланган тартибда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналиши бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларининг буюртмаларини амалга оширади.
б) таълим йўналишида:
Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларининг бадиий таълим бўйича фаолият йўналишини белгилайди;
бадиий таълимнинг изчиллигини кучайтириш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бошланғич, умумий ўрта, ўрта махсус, олий ва ундан кейинги таълим тизимини мувофиқлаштиришда иштирок этади ҳамда тасвирий ва амалий санъат, дизайн ҳамда санъатшунослик соҳасида етук мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим тизимини мунтазам такомиллаштириб боради;
жаҳондаги таълим муассасалари билан Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги, тажриба алмашувини мувофиқлаштиради;
Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб- интернатларида бошланғич бадиий таълимни изчил йўлга қўйишни, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамланишини назорат қилади;
Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларида ёшларнинг таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш, бадиий таълим сифатини ошириш билан боғлиқ лойиҳаларни тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда амалга оширади;
в) илмий йўналишда:
Бадиий академиянинг илмий-тадқиқот фаолияти йўналишларини белгилайди ҳамда тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳасида давлат дастури ва лойиҳаларини ҳамда бошқа турдаги дастур ва лойиҳаларни амалга оширади;
тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишидаги фаолият ва уни ривожлантириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
Бадиий академиянинг “Санъат” журналида ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишлари натижалари, мутахассис олимларнинг санъат соҳасига доир мақолалари сифати ва салоҳиятини назорат қилади;
долзарб илмий-ижодий муаммолар ҳамда буюк мутафаккирлар, машҳур фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига бағишланган халқаро илмий конгресслар, конференциялар, симпозиумлар, семинарларни ташкил этишда иштирок этади;
тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишидаги илмий тадқиқотларни ташкил этади ва амалга оширади ҳамда Бадиий академия тизимига кирувчи ташкилотларда фаолият юритаётган илмий ходимлар ва мутахассисларнинг самарали фаолиятини ташкил этади;
г) тарғибот-ташвиқот йўналишида:
ўзбек тасвирий ва амалий санъатини тарғиб этиш, истеъдодли ёшлар ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивалини ташкил этади ва ўтказади;
кенг кўламда кўргазмалар ташкил этиш орқали миллий санъатимиз ютуқларини дунё жамоатчилигига танитиш, тарихий ва замонавий ўзбек амалий санъатини республикада ҳамда хорижда кенг тарғиб қилиш, жамоатчиликни миллий ва чет эл маданияти ва санъати билан яқиндан таништириш ва тарғиб қилиш ишларини юксак поғонага кўтариш мақсадида “Тошкент Халқаро амалий санъат Биенналеси” ва “Замонавий санъат Биенналеси”ни хар икки йилда бир марта ўтказади;
ўзбек тасвирий ва амалий санъатининг ўзига хос жиҳатларини намойиш қилиш, турли хилдаги йўналишларни, янги тенденцияларни, замонавий санъатда янги номлар ва йўналишлар интеграциясини амалга ошириш, халқаро маданий алоқаларни ривожлантириш, истеъдодли болалар ва ёшларни кўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро даражадаги биенналеларни, шу жумладан, болалар биенналеларни ўтказишни ташкил этади;
тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳасида самарали фаолият олиб бораётган, миллий маданиятни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш, маънавий бой, жисмонан бақувват, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида Бадиий академиянинг “Олтин”, “Кумуш” медаллари ва дипломларини таъсис этади.
Бадиий академия фаолиятига Раис раҳбарлик қилади. Раис Бадиий академия Бошқарув кенгаши ва Бадиий ижодкорлар уюшмасининг раиси ҳисобланади ва белгиланган тартибда лавозимга Бош вазирнинг тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 16 августдаги ПҚ-3219-сон қарорига мувофиқ Раис мақоми, моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича вазирга, унинг ўринбосари ва бош илмий котиб - вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
Бадиий академия марказий аппаратини, унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимини, шунингдек бюджетдан маблағ билан таъминланадиган муассасаларини сақлаб туриш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади. Бадиий академия ходимларининг иш ҳақига лавозим маошлари, қўшимчалар, устама, мукофотлар ва бошқа тўловлар киради. Бадиий академия ходимларининг лавозим маошларига қўшиладиган ойлик устама ва қўшимча ҳақлар Раис томонидан белгиланади.
Мавзуга оид
14:39 / 05.01.2026
Электрон ҳисобварақ-фактуралар “паст” ва “юқори” хавф тоифаларига ажратилади
12:31 / 11.12.2025
Барча дорихоналар “Электрон рецепт” орқали ишлашга ўтади
13:11 / 18.11.2025
Бинолар зилзилабардошлигини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда
12:59 / 06.11.2025