Иқтисодиёт | 21:21 / 04.09.2023
37083
7 дақиқада ўқилади

Ислом молияси, тадбиркорларнинг ишонч рейтинги ва халқаро брендлар. Президент қароридаги янгиликлар

Ўзбекистонда йил охиригача ислом молиясининг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши кутиляпти. Келаси йилдан ишонч рейтинги юқори тадбиркорлар барча турдаги солиқ текширувларидан озод этилади. Ижара ва лизинг асосида самолёт олиб кириш даврий божхона тўловидан озод этилади. Кичик саноат зоналаридаги ерларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев, 4 сентябр куни имзолаган қарори асосида, тадбиркорлар билан 2023 йилги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлади.

Унга кўра, 2023 йил декабр ойига қадар ислом молиясини жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда қуйидагилар назарда тутилади:

  • исломий маҳсулотлар, хизматлар ва банклар фаолиятини ҳуқуқий асосини яратиш;
  • исломий маҳсулотлар ва хизматлар ҳамда уларни кўрсатувчи ташкилотларни солиққа тортишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилаш;
  • ислом молияси асосида жорий этилган омонатларни ҳимоя қилиш.

Шунингдек, 2024 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик рейтинги жорий этилади. Рейтингни шакллантириш мезонлари 2023 йил ноябргача ишлаб чиқиладиган президент қарори лойиҳасида кўзда тутилади. Лойиҳада юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун қуйидагилар белгиланади:

  • барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилиш (жиноий ишлар доирасидаги текширувлар бундан мустасно);
  • ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) ва барча солиқ турлари бўйича мавжуд ортиқча тўлов сумммасини 1 кун муддатда тезлаштирилган тартибда қайтариш.

2023 йил декабрда яна бир президент қарори лойиҳаси тайёр бўлиши, унда яширин иқтисодиётни қисқартириш, шу жумладан бизнеснинг “соядан” чиқишини рағбатлантириш, тенг рақобат муҳитини таъминлаш, солиқ ва божхона маъмурчилигини соддалаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланади.

2023 йил ноябр ойигача тадбиркорлар учун ҳисобот тизимини соддалаштириш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Унда, 2024 йилдан 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этиш белгиланади:

  • бир-бирини такрорловчи ва давлат органларининг бошқа органлардан олиш имконияти мавжуд бўлган статистик ҳисобот шаклларини бекор қилиш;
  • тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига топшириладиган статистик ва бошқа ҳисоботларнинг ягона рўйхатини тасдиқлаш (рўйхатга киритилмаган ҳисоботларни талаб қилиш тақиқланади);
  • ҳисоботларни шакллантириш ва топшириш жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш ҳисобига уларнинг қоғоз шаклини бекор қилиш;
  • давлат органларига статистик ва бошқа ҳисоботларни тақдим этиш жараёнларини босқичма-босқич Стандарт бизнес ҳисоботи тизимига мувофиқлаштириш.

“Йўл харитаси”да қуйидагилар ҳам назарда тутилган (тиредан кейин амалга ошириш шакли ва ижро муддати келтирилмоқда):

  • кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш объектини ишга тушириб, инвестиция мажбуриятларини бажарган тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат бериш — ВМҚ лойиҳаси, 2023 йил декабр;
  • тадбиркорлик субъектлари фаолиятига нуфузли хорижий брендларни жалб қилиш бўйича бренд эгалари билан музокаралар ўтказиш — амалий чоралар, 2023 йил ноябр;
  • ахборот технологиялари хизматларини кўрсатиш бўйича халқаро платформаларда 100 минг долларгача қийматдаги шартнома ва ҳисоб-фактураларни расмийлаштириш тартибини жорий қилиш — ПҚ қарори лойиҳаси, 2023 йил декабр;
  • йиллик экспорт ҳажми 500 минг доллардан ошган қандолатчилик корхоналарига Экспортни ривожлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан айланма маблағ ажратиш тартибини жорий этиш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил сентябр;
  • 2024 йил 31 декабргача ип-калавани экспорт қилишда ундириладиган йиғим миқдорини 5 баробар камайтириш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил сентябр;
  • ишлаб чиқарилганига 25 йилдан ошмаган, ижара ва лизинг асосида вақтинча олиб кириладиган самолётларни даврий божхона тўловидан озод қилиш — ВМҚ лойиҳаси, 2023 йил октябр;
  • “стартап лойиҳа”, “юқори технологик стартап лойиҳа” ва “улушга конвертация қилинадиган инвестициялар” тушунчаларини қонунчиликка киритиш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил декабр;
  • солиқ органларининг маҳалла даражасида ишлаш тизимини жорий қилиш, “Онлайн маҳалла” платформасида тадбиркорларга солиқ органлари фаолиятини баҳолаш имконини бериш, уларнинг баҳосини солиқ органлари фаолиятининг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан бири этиб белгилаш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил сентябр;
  • солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун ҳам молиявий санкция, ҳам маъмурий жарима кўзда тутилган ҳолатлар бўйича битта жавобгарлик чорасини белгилаш — қонун лойиҳаси, 2023 йил ноябр;
  • муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва ўзининг тартибга солиш мақсадларига эришмаган, самарадорлиги ва натижадорлиги юқори бўлмаган тартибга солиш воситаларини бекор қилиш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил ноябр;
  • тадбиркорлик субъектларининг ваколатхона ва филиалларини ташкил этиш (тугатиш) ҳақида давлат рўйхатидан ўтказувчи органни хабардор этиш тартибини жорий этиш — ВМҚ лойиҳаси, 2023 йил октябр;
  • четдан олиб келинадиган табиий олмос, зумрад, сапфир каби қимматбаҳо тошларни ҚҚСдан озод этиш; қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотларига божхона божини нол ставкада белгилаш — қонун лойиҳаси, 2023 йил октябр;
  • саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни ижарага беришда тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш даврини амалдаги 12 ойдан 24 ойга узайтириш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил октябр;
  • Тошкент шаҳрида 2024 йил 1 январдан бошлаб ва Қарши шаҳрида 2024 йил 1 июлдан бошлаб эксперимент тариқасида объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа таклифларини (эскиз) кўриб чиқиш ва келишиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш — ПҚ лойиҳаси, 2023 йил ноябр;
  • модулли меҳмонхоналар қуриш ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш — ШНК, 2023 йил декабр;
  • юридик шахслар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан олинган электр энергиясини умумий тармоққа узатиш учун техник шартлар бериш ва шартнома расмийлаштириш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, бунда тармоқларга уланиш босқичларини 30-35 фоизга ва келишиш муддатини 20 кунгача қисқартириш — ВМҚ лойиҳаси, 2023 йил ноябр;
  • юк ташиш вагонларини чет эл корхоналарига ижарага беришда ҚҚСнинг нол даражали ставкасини қисқа муддатли (90 кунгача) шартномаларга нисбатан ҳам татбиқ этиш — қонун лойиҳаси, 2023 йил декабр;
  • халқаро амалиётда фитосанитария сертификати талаб этилмайдиган товарларни импорт қилишда, экспорт қилувчи давлатнинг фитосанитария сертификатини талаб этиш амалиётини бекор қилиш — ВМҚ лойиҳаси, 2023 йил ноябр.

Қарорга асосан, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати соҳаларида “140 та илғор саноат корхонаси” дастури амалга оширилади.

Алоҳида электрон платформа ташкил этилиб, дастурга киритилган саноат лойиҳалари тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилинади. Дастурга киритилган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан имтиёзли шартлар асосида 10 йилгача муддатга кредитлар ажратилади.

Мавзуга оид