Иқтисодиёт | 10:00 / 15.12.2019
76076
11 дақиқада ўқилади

Нега пулнинг қадри тушиб кетяпти?

Пулнинг қадри қолмади, қанчалик кўп даромад топсак ҳам, рўзғорга етмаяпти, дейдиганлар оз эмас орамизда. Чиндан ҳам сўнгги йилларда товар ва хизмат нархлари кескин ошиб кетди. Натижада пул қадрсизланди. Бунинг жуда кўп омиллари бор.

Оддий мисол: нон нархи эркинлаштирилди. Ўз-ўзидан нарх ҳам юқорилашди. Яна бир неча омиллар пул қадрсизланишига олиб келди. Ушбу ҳолат иқтисодиётда «инфляция» тушунчаси билан изоҳланади ва унинг даражаси қанчалик юқори бўлса, аҳолининг харид қобилияти шунча пасаяди. Аслида, инфляция энг ривожланган давлатлар иқтисодиётида бор, агар у нормал (4 фоиз) ҳолатда бўлса, хавф туғдирмайди. Аммо Ўзбекистон шароитида ўртача 13-14 фоиз бўлган инфляция йирик муаммо ҳисобланади. Умуман олганда, инфляция даражасини пасайтириш имкони борми? Унга қандай омиллар таъсир кўрсатади?

«Инфляциянинг ошиши аҳолига солиқ юкини оширади»

Молия вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси муҳокамаси вақтида инфляция даражаси, унинг юқорилигига сабаб бўлган омиллар бўйича қуйидаги маълумотни тақдим этганди.

«Иқтисодий соҳада таркибий ислоҳотлар амалга оширилаётган ҳолатда жорий йилда инфляция даражаси нисбатан баланд бўлиши ва у 15,5 фоизни ташкил этилиши кутиляпти. Инфляцияни кейинги йилда 12,5-13 фоизгача пасайтириш, 2022 йил якуни билан эса 9-9,5 фоизгача пасайтириш лозим бўлади. Бунинг учун монетар ва фискал соҳада мувофиқлаштирилган ҳолда қилинадиган чоралар, рақобатбардош истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг аниқ йўналишлари амалга оширилади. Умумий фискал тақчилликни 2022 йилгача ЯИМга нисбатан 1,5 фоизгача камайтириш мақсад қилинмоқда.

Яқинда Халқаро валюта жамғармасининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича иқтисодий прогнозлари эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистондаги инфляция МДҲдаги энг юқори кўрсаткич, деб қайд этилди. Бунга бир неча омил сабаб бўлган. Биринчидан, инвестицияларга бўлган эҳтиёж. Йиллар давомида бу муаммо йиғилиб қолган. Эҳтиёжни қоплаш учун ички ва ташқи молиявий манбалар ишга солинди. Кредитлар ҳажми йил якунлари билан 40 фоиздан ортиқ бўлиши кутиляпти.

Иккинчидан, тарифлар. Нон ва ун нархи эркинлаштирилди. Мана, яқинда депутатлар фермерлар мурожаатини кўриб беришди. Шу каби масалалар инфляцияга ўз таъсирини ўтказяпти. Савол туғилиши мумкин: нега инфляция даражасини кескин туширишга ҳаракат қилинмаяпти? Аввало, иқтисодиётда молиявий манбаларга бўлган эҳтиёж қондирилмай қолади, иқтисодий ўсиш даражаси пасайиб кетади. Шунинг учун буни босқичма-босқич ҳал қилишимиз керак.

Учинчидан, халқаро валюта бозоридаги ва Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкор мамлакатлари йирик валюта курслари алмашинуви сабабли миллий валютанинг маълум даражада девальвацияси содир бўлди.

Инфляция 2 йилдан бери ўсиб келяпти. Келгуси йилдан кредит, бюджет харажатлари, ташқи қарзларни камайтириш, оқилона тариф сиёсатини юритиш орқали инфляцияни пасайишига эришмоқчимиз. Инфляция энг муҳим категория, чунки унинг ортидан тадбиркорлар, фуқаролар даромади келиб чиқади. Инфляция даражаси ошаверса, аҳолига солиқ юки ҳам ортиб бораверади». 

«Инфляцияни яратаётган сабаблардан бири давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан зиёд аралашувидир»

Отабек Бакиров (Телеграмдаги bakiroo канали муаллифи):

Сўнгги 3 йил давомида инфляциянинг юқори кўрсаткичлари қайд этилаётгани сабаблари Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган «Монетар сиёсатнинг 2020 йил ва 2021-2022 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари»да аниқ-равшан санаб ўтилган. Қайси омил энг асосийлари экани борасида турлича қарашлар мавжуд, бу борада соатлаб баҳслашиш мумкин. Менинг назаримда, янги даврда инфляция яратаётган асосий сабаблар давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан зиёд ортиқча аралашуви (самарасиз лойиҳаларга: инвестициялардан тортиб арзон кредитларгача кириб кетади), иқтисодиётнинг асосий занжирларида монопол ҳолат сақланиб қолаётгани ва кучайиб бораётгани ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида эртанги кунга ишонч юқори эмаслиги натижасида шаклланаётган салбий кутилмалар ҳисобланади. Инфляция аслида қўрқинчли жараён эмас, иқтисодиёт бор жойда инфляция, албатта, бўлади, бу қай масалада хато йўлдан кетаётганимиз бўйича асосий сигналдир. Асосийси бу сигнални тўғри ўқий ва баҳолай олишимизда.

Инфляцияни бир хонали рақамга тушириш ҳукуматнинг эмас, Марказий банкнинг вазифаси ҳисобланади. Айни шу вазифани бажариш учун ҳам келаси йилдан инфляцион таргетлаш режимига ўтилмоқда. Агар ўзимиз белгилаётган қоидаларга ўзимиз амал қила олсак, истиснолар бошланиб кетмаса, вазифани уддалаш мумкин албатта. Вазифани бажаришда ва мақсадга етишда жамоатчилик билан ишлаш катта аҳамиятга эга. Шу ўринда 1930-йиллардаги бўҳрондан чиқишда ва «Янги йўл» сиёсатини амалга оширишда Американинг 32-президенти Рузвельтнинг шахсан ўзи олиб борган «Камин олдидаги суҳбатлар» радиодастури эсга тушади. Ўзбекистон иқтисодиётига ишончни яратиш учун жамоатчилик билан кўпроқ ишлаш керак, жамоатчилик қўллови ва фикрисиз ишонч дефицитини бартараф этиш жуда қийин.

Инфляция кўрсаткичи бўйича ҳукумат (16 фоиз) ва Марказий банк (13,5-15,5 фоиз) ўлчовлари ва прогнозлари турлича бўлиши табиий, бутун дунёда шундай. Ҳукумат ва Марказий банкнинг вазифа ва мақсадлари ҳамиша ҳам кесишавермайди. Ҳукумат олдига қўйилган вазифаларни бажариш, айниқса ўтиш даврида, бугун натижа талаб қилинаётган шароитда кўпинча пул-кредит сиёсати мақсадларига муқояса бўлавермайди.

«Яқин йиллар ичида импорт ҳажми ошгани ҳам инфляцияга ўз таъсирини ўтказди»

Бахтишод Ҳамидов (ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасида тадқиқотлар сектори бош илмий ходими)

Назарий жиҳатдан инфляцияга таклиф, талаб ва импорт омиллари гуруҳи таъсир қилади. Ҳаммага маълумки, инфляция бу умумий истеъмол маҳсулотлари ва хизматлар нархлари ошиши. Aгар ишлаб чиқариш харажатлари ошса, маҳсулотлар нархи ошади ва бу таклиф инфляциясини келтириб чиқаради. Бошқа тарафдан, аҳоли даромадларининг ошиши бозордаги маҳсулот ва хизматларга талабни оширади, бу эса талаб инфляциясига сабаб бўлади. Ундан ташқари, миллий валютанинг қадрсизланиши импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархининг ошишига сабаб бўлади ва бу импорт инфляциясини келтириб чиқаради. Ўзбекистон шароитида ҳар уч омил гуруҳи инфляция даражасига ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Лекин алоҳида омиллар гуруҳининг соф таъсир кучи ҳақида таҳлилчиларнинг фикрлари турли хил.

Таклиф омиллари ичида охирги йиллардаги солиқ сиёсати, хусусан қўшилган қиймат солиғи тўловчи тадбиркорлик субъектларининг қамрови кенгайганини алоҳида айтиш мумкин. Бу ўз навбатида, маҳсулотлар нархи ошишига олиб келди. Бошқа томондан, нархлар давлат томонидан тартибга солинадиган товар ва хизматларнинг кўпчилиги учун бозор нарх шаклланиш тизимига ўтилди. Бу товар ва хизматлар учун бозор нархлари анча баландлиги сабабли иқтисодиётдаги умумий нархлар даражасида таъсир кўрсатди. Яқинда Президент таъкидлаган давлат корхоналарининг самарасиз ишлаши ҳам, бу корхоналар монопол статусга эга бўлган шароитда уларнинг маҳсулот ва хизматлари нархи ошишга олиб келади ва инфляцияни келтириб чиқаради.

Инфляцияга кредитлаш кўламининг таъсири катта, деб қараш кенг тарқалган. Сўнгги йилларда кредитлаш кўлами ошгани рост. Жумладан, аҳоли учун «Ҳар бир оила тадбиркор» дастури асосида кредитлар берилмоқда. Бу ўз навбатида бозорда қўшимча талаб келтириб чиқариш орқали нархларнинг ошишига таъсир кўрсатаётган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, давлат секторида иш ҳақи ўртача 30-40 фоизга ошгани ва даромад солиғи туширилгани ҳам бозордаги нархларга ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин.

Импорт инфляцияси омиллари ичида валюта либерализацияси (эркинлаштирилиши) сиёсати омилининг роли катта. Бу миллий валюта сўмнинг қадрсизланишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Валюта курси ўзгариши импорт нархларига таъсири орқали ички инфляцияга бевосита таъсир қилади. Бу таъсир одатда ривожланган давлатларга қараганда ривожланаётган давлатларда каттароқ бўлади. Бунинг сабаби истеъмол саватида халқаро бозорда олди-сотди қилинувчи, хусусан озиқ-овқат товарларнинг улуши катта. Сўнгги йилларда импорт кўламининг экспорт кўламига нисбатан ошиб кетиши ҳам девальвацияга таъсир қилмоқда. Натижада, импорт қимматлашмоқда, нархларнинг умумий даражаси ошмоқда. Баъзилар импорт аслида ошмади, либераллашув сиёсати натижасида «расмийлашди» дейиши мумкин. Лекин либераллашув сиёсатининг иқтисодиётнинг баъзи тармоқларидаги ишлаб чиқаришнинг камайиши билан тўғри келиши, ҳақиқатан ҳам импорт ошганини билдиради.

Охирги йилларда инфляцияни жиловлашга сиёсий хоҳиш борлиги кўриниб турибди. Жумладан, инфляцион таргетлашга ўтиш ва бюджет қонун кўринишида қабул қилиниши бир тарафдан сиёсий тартибни таъминлайди ва давлат пул-кредит ва фискал сиёсати борасидаги ишларнинг аниқлиги ошиши ҳисобига инфляцион кутилмаларни жиловланишига хизмат қилади.

Инфляция сўзи аслида назарий тушунча бўлиб, уни баҳоловчи кўрсаткичлар одатда истеъмол нархлар индекси (ИНИ) ҳисобланади. Бу индексни ҳисоблаш учун аҳоли фаровонлигини таъминловчи товар ва хизматлар рўйхати, уларнинг аҳамиятлилик даражаси ва нархларидаги ўзгаришлар бўйича маълумотлар керак бўлади. Бу рўйхатни шакллантиришда турли давлат идоралари бир-бирига ўхшамаган ҳисоб-қитоблар қилади. Шу сабабли ҳукумат ва Марказий банк инфляция даражасини икки хил рақамда айтади.

Хулоса

Ҳар бир ўтиш даврида қийинчиликлар бўлади, бусиз имкони йўқ. 3 йил олдин бошланган иқтисодий ўзгаришлар ҳам мавжуд шарт-шароитларга мослашиб олиши учун йўқотишлар бўлиши кутилган ҳолат, албатта. Соҳада марказлашувнинг бироз чекиниши нархлар ошишига, натижада, нархлар ошишига, инфляцияга олиб келди. Юқорида айтилганлар асосий омиллар бўлди. Ҳар дарднинг давоси бўлганидек, нархларни ҳам барқарорлаштириш имкони мавжуд. Ҳеч кимга сир эмас: иқтисодиётда тўғри механизмлар қўлланса, фуқароларнинг тўлов қобилияти барқарорлашади. Юқори инфляцияни вақтинчалик ҳолат сифатида қабул қилиб, бироз муддатдан сўнг вазият яхшиланишига умид қиламиз.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид