Маъмурий суд карантин қоидаларини бузганликда айбланган ҳайдовчини айбсиз деб топди
ИИБ ЙҲХБ ва Миробод туман санитария-эпидемиология назорати инспекторлари томонидан карантин қоидаларини бузганликда айбланган ҳайдовчи суд қарори билан айбсиз деб топилди. Фуқаронинг автомашинаси жарима майдонида қонунга хилоф равишда сақлаб турилган, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро М.В. болалигидан 2-гуруҳ ногирони, парваришга муҳтож, «параличнинг оғир симптоми» ташхиси асосида доимий муолажа олиб келган укаси М.Тнинг касали хуруж қилгани сабабли 2020 йил 7 май куни ўзининг «Лада-2103» русумли автомашинасида дори-дармон излаб Тошкент шаҳрига келади.
Миробод тумани ҳудудида жойлашган «Рисовий» бозори қаршисида ИИБ ЙҲХБ инспектори Ш.Атахатжаев томонидан М.В.га тегишли транспорт воситаси тўхтатилади ва Миробод туман санитария-эпидемиология назорати инспектори Д.Айматов томонидан М.В.нинг вазият юзасидан тушунтириши инобатга олинмасдан ва ҳақиқий ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмасдан карантин қоидаларни бузганлиги ва махсус рухсатнома (стикерсиз) ҳаракатланганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилади.
Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси Миробод туман бўлимининг 13 майдаги қарори билан, М.В.га нисбатан МЖтК 54-моддаси 2-қисмига асосан БҲМнинг 20 баравари, яъни 4 460 000 сўм жарима жазоси тайинланади.
27 май куни Тошкент шаҳар Миробод туман маъмурий судининг раиси С.Ш.Юлдошев фуқаро М.В.нинг санитария-эпидемиология назорати Миробод туман филиали томонидан чиқарилган қарорга нисбатан норози бўлиб келтирган шикоятини кўриб чиқди.
Суд, Республика махсус комиссиясининг тегишли қарорини инобатга олиб, М.В.нинг болалигидан ногирон бўлган, ўзгалар парваришига муҳтож укаси М.Т.нинг ҳаёти ва соғлиги учун зарур дори-дармон воситаларини харид қилиш учун Миробод туман ҳудудидаги дорихонага келганлигини инобатга олиб, унинг ҳаракатларида МЖтК 54-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли, унга нисбатан бўлган маъмурий ишни МЖтК 271-моддасининг 1-бандига асосан ҳаракатдан тугатди.
Шу билан биргаликда, М.В.нинг бошқарувидаги транспорт воситаси ўша куни жарима майдонига қонунга зид равишда олиб бориб қўйилган, деб топилди.
МЖтКнинг 291-моддаси талабига кўра, транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган органлар (мансабдор шахслар) томонидан ушлаб туриш сабаби бартараф этилгунга ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилгунга қадар амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган бўлиб, айнан мазкур кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун на ички ишлар органи на давлат санитария-эпидемиология назорати органи томонидан ушлаб туриш, яъни автотрастпорт воситасини жарима майдончасига олиб бориб сақлаш назарда тутилмаган.
Бироқ, ИИБ ЙҲХБ инспектори Ш.Атахатжаев ва Миробод туман санитария-эпидемиология назорати инспектори Д.Айматовлар томонидан ўтказилган тадбирда, М.В бошқарувидаги транспорт воситасида юқоридаги қонун талабларига зид равишда жарима майдончасига қўйилиши, транспорт воситаси 7 майдан 27 майгача – 20 кун мобайнида жарима майдончасида сақланиши, шунингдек у автомашинасини жарима майдонидан олиб чиқиш учун ортиқча сарф-харажат қилгани, сарсон-саргардон бўлгани оқибатида, унинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари қўпол равишда бузилган.
Суд фуқаро М.В.га бузилган ҳуқуқларини тиклаш тартибини тушунтириб бериб, қонунга хилоф равишда маъмурий жавобгарликка тортилгани натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги талаб билан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза киритишга ҳақли эканини тушунтирди.
Шунингдек, суд томонидан қонунбузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўриш ва келгусида бу каби қонун бузилиши ҳолатига йўл қўймаслик юзасидан чора тадбирлар белгилаш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ ҳамда Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармасига тақдимнома киритилди.
Мавзуга оид
17:48
Жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланди
11:25 / 21.11.2024
2024 йилда 30 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар туҳмат ва ҳақорат қилгани учун судланди
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024