Ўзбекистон | 19:38 / 15.09.2020
70103
7 дақиқада ўқилади

Талаба қандай шартларда ишлай олади? — ОТМ талабаларининг меҳнатига оид масалалар юзасидан мутахассис билан суҳбат

Мана, янги ўқув йили ҳам бошланди. Маълумки, талабалар орасида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб, ўзини ўзи маблағ билан таъминлайдиган, керак бўлса, оила аъзоларига ҳам пул бериб турадиганлари топилади.

Kun.uz мухбири талабалар меҳнатига оид қонунчилик ва амалиётдаги муаммолар ҳақида Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов билан интервью уюштирди.

– Таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган талаба қандай шартлар асосида ишлай олади?

– Меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш – ҳар бир шахснинг конституцион ҳуқуқидир.

Меҳнат кодексининг 77-моддасига кўра, 16 ёшга тўлган ҳар бир шахс меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. 15 ёшдан эса ёшларни соғлиғига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

Муҳаммадамин Каримжонов

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирининг 9-сонли буйруғи билан тасдиқланган Олий таълим тўғрисидаги низомнинг 50-бандига мувофиқ, кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар ўқишдан бўш вақтларида куннинг иккинчи ярмида олий ўқув юрти ва бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси тузган ҳолда ишлашлари мумкин. Куннинг иккинчи ярмида ўқийдиган талабалар ишлай олмайди, деган қоида келиб чиқмаслиги керак. Бу тоифа талабалар ҳам ўқишдан бўш вақтларида ишлашлари мумкин.

Бундан келиб чиқадики, талабалар бемалол ишлашлари мумкин. Лекин меҳнат қонунчилигига кўра, талаба фақат таълимдан бўш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга.

– Талаба бир кунда неча соат ишлай олиши мумкин ва бу қайси норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади?

– Талаба фақат ўқишдан бўш вақтида ишлаши мумкин. Меҳнат кодексининг 115-моддасига мувофиқ, ходимнинг иш вақти ҳафтасига 40 соатдан ошмаслиги керак. Яъни 6 кунлик иш ҳафтаси жорий этилган ташкилотларда кунлик 7 соат, 5 кунлик иш ҳафтаси жорий этилганларда эса иш вақти кунлик 8 соатдан ортиқ бўлмаслиги шарт. Шунингдек, ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МК 128-моддаси). Aгар юқоридаги қонун талабларига риоя этилса, талабанинг тўлиқ ставка ишлашига ҳеч қандай тақиқ мавжуд эмас.

Агар талаба 15–16 ёш бўлса, ҳафтасига 24 соат, 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки I ва II гуруҳ ногирони бўлса, меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган иш ҳафтаси белгиланади.

3 ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган талаба қизларга иш вақтининг ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади, уларнинг меҳнат ҳақи камайтирилишига йўл қўйилмайди.

– Талаба фақат ўриндошлик асосида ишлайдими ёки тўлиқ 1 ставка ишласа ҳам бўладими? Талаба назарий жиҳатдан бир нечта жойда ишласа ҳам бўладими?

– Ҳақиқатан ҳам, айрим иш берувчилар талабаларни фақат ўриндошлик асосида ишга олиш керак, чунки талабанинг ўқиш жойи унинг асосий иш жойи, деб ҳисоблашади. Бу мутлақо хато. Буни қуйидагича асослаймиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарори билан тасдиқланган Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўриндошлик асосида ишлаш ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши. Талабанинг таълим олиш жараёни эса меҳнат фаолияти ҳисобланмайди.

Демак, талаба меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ва меҳнат дафтарчаси юритилаётган жой – унинг асосий иш жойи ҳисобланади.

Қонунда талабанинг тўлиқ ставка ишлашига ҳеч қандай тақиқ мавжуд эмас. Бунда бир шартга риоя этилиши керак: иш ўқишдан бўш вақтда бажарилиши шарт. Ушбу талабни меҳнат шартномасида мустаҳкамлаш лозим.

Юқорида таъкидлаб ўтилган меҳнат қонунчилигидаги талабларга риоя қилган ҳолда талаба ўқишдан бўш вақти асосий иш жойидан ташқари, бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ҳам ишлаши мумкин. Бунинг учун эса ўриндошлик асосида ишга кираётган жойга асосий иш жойидан маълумотнома тақдим қилинади.

Агар талаба 18 ёшга тўлмаган шахс бўлса ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланади.

– Талабалик даври меҳнат стажига кирадими?

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддаcида иш стажига қўшиб ҳисобланадиган меҳнат фаолияти турлари санаб ўтилган. Мазкур модданинг «е» бандига кўра, олий таълим муассасаларида, аспирантурада, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтида, катта илмий ходим-изланувчилар институтида, таянч докторантурада, докторантурада ва клиник ординатурада кундузги ўқиш, шу жумладан чет элда ўқиш умумий иш стажи камида 7 йил бўлган тақдирда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Яъни, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига (эркаклар учун – 60, аёллар учун 55 ёш) қадар камида 7 йил иш стажига эга бўлсангиз, шундагина олий таълим муассасаларида ўқиган даврингиз иш стажига қўшиб ҳисобланади ва 4 йиллик ўқиш даври 7 йиллик иш стажига қўшилиб, 11 йиллик иш стажи мавжуд деб ҳисобланади.

Ногирон бўлиб қолган шахслар стажига эса кўрсатиб ўтилган стаж муддатидан қатъи назар қўшилади. Яъни, бунда таълим давридан ташқари камида 7 йиллик иш стажига эга бўлиш талаб этилмайди.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, иш стажига эга бўлиш учун фақат давлат ишида ёки бирор ташкилотда ишлаш шарт эмас. Бирор шахс ўзини ўзи банд қилган ҳолда ҳам иш стажига эга бўлиб бориши мумкин. Масалан, томорқасида экин экиб ёки камида 50 бош парранда боқиб, БҲМнинг бир баравари – 223 минг сўмни Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказиб, бир йиллик иш стажига эга бўлиб олишлари мумкин. Мана шу йўл билан ҳам 7 йиллик стажга эга бўлиш мумкин.

Аббос Салайдинов суҳбатлашди.
Тасвирчи
Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид