Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳўрмуз бўғозида бир неча кема ҳужумга учради
Таиланд байроғи остида сузаётган юк кемасида ёнғин чиққан. Эрон ҳарбийлари Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали «бир литр ҳам нефт» ўтишига йўл қўймаслигини айтиб чиқди.
Фото: Видеодан кадр
11 март куни Ҳўрмуз бўғозида учта фуқаролик кемаси ўққа тутилди, деб хабар бермоқда BBC News.
Таиланд байроғи остида сузаётган «Mayuree Naree» номли кемада зарба натижасида ёнғин келиб чиққан. Кема экипажининг 23 нафар аъзоси Ўмон ҳарбий-денгиз кучлари томонидан эвакуация қилинган. Кема БААнинг Халифа портидан йўлга чиққанди.
Шунингдек, Япония байроғи остида ҳаракатланган ва контейнерлар ортилган «One Majesty» номли кема ҳам зарба остида қолган. Кема қопламасида диаметри 10 сантиметрлик тешик ҳосил бўлган. Ушбу контейнеровоз БААнинг Рас-ал-Ҳайма портидан чиққанди.
Ҳужумга учраган учинчи юк кемаси – Маршалл ороллари байроғи остида ҳаракатланган «Star Gwyneth»нинг ҳам корпуси шикастланган. Экипаж аъзолари орасида жабрланганлар йўқ. Ушбу кема ҳужумдан кейин йўналишини ўзгартиргани ҳақида маълумот берилмаган.
Кўп ўтмай Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси матбуот хизмати Эрон Ҳўрмуз бўғозини кесиб ўтишга ҳаракатланган иккита юк кемасига зарба берилганини тасдиқлади. Улардан бири – Либерия байроғи остида сузган «Express Rome» кемаси Исроилга, «Mayuree Naree» номли иккинчи контейнеровоз Таиландга тегишли экани, уларнинг иккиси ҳам огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдиргани маълум қилинган.
Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари штаби вакили Иброҳим Зулфиқорий Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали «АҚШ ва Исроил учун бир литр ҳам нефт» ўтишига йўл қўймаслигини айтиб чиқди.
«Улар томон йўл олган ҳар қандай кема ёки танкер қонуний нишон бўлади. Нефт нархи бир баррел учун 200 долларга етишига тайёрланинг, чунки нефт нархи минтақадаги хавфсизликка боғлиқ, сиз эса уни беқарорлаштирдингиз», – дея қўшимча қилган Зулфиқорий.

- Жаҳондаги ташиладиган нефтнинг катта қисми (20–25 фоизи) Ҳўрмуз бўғози орқали ўтади. АҚШ ва Исроил Эрон бўйлаб зарбалар беришни бошлагач, Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатни тўсишини маълум қилди. Бу эса нефт нархи кескин кўтарилишига олиб келди.
- 10 март куни кечқурун Эрон ҳарбийлари бўғозни миналаштираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Кўп ўтмай Америка ҳарбий қўмондонлиги бўғоз атрофида эронликларнинг бир неча ҳарбий кемалари, жумладан, миналаштирувчи кемалар йўқ қилингани ҳақида хабар берди.