Спорт | 11:38 / 23.02.2026
6183
11 дақиқада ўқилади

«Арсенал» ва «Барселона»да йирик ғалаба. Кун ўйинлари

«Арсенал» Лондон дербисида 4 та гол урди ва «Сити» билан 5 очколик фарқни тиклади, «Ливерпул» ЕЧЛ йўлланмаси учун курашда қолмоқда; «Реал»нинг пешқадамлиги бир ҳафтага бормади – «Барса» биринчи ўринни қайтариб олди.

«Тоттенҳэм» – «Арсенал» 1:4
Голлар:
Эзе, 32 (0:1). Коло Муани, 34 (1:1). Йокереш, 47 (1:2). Эзе, 61 (1:3). Йокереш, 90+4 (1:4)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Дрэгушин, ван де Вен, Палиня (Тел, 82), Биссума, Галлаҳер (Соланке, 62), Сарр, Спенс, Грэй, Симонс, Коло Муани (Ришарлисон, 68)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Инкапие, Тимбер (Москера, 57), Субименди, Райс, Эзе (Эдегор, 77), Троссар (Мартинелли, 77), Сака (Мадуэке, 90+1), Йокереш
Огоҳлантиришлар: Грэй, 35 – Тимбер, 28

«Арсенал» ва «Тоттенҳэм» ўртасидаги дерби – АПЛнинг бу туридаги марказий ўйин эди. Жамоалардан бири титул учун курашмоқда, иккинчиси эса – лигада қолиш учун. Лекин икки жамоа ҳам сўнгги ҳафталарни ёмон ўтказганди: «канонирлар» кетма-кет икки ўйинда дуранг ўйнаб, асосий таъқибчиси «Сити»ни яқинлаштириб олган, «шпорлар» эса саккиз учрашувдан иборат ғалабасиз сериядан кейин бош мураббийни алмаштирган ва Томас Франк ўрнини Игор Тюдор эгаллаганди.

Барча Артета сўнгги муваффақиятсизликларга қандай реакция кўрсатиши ва «Тоттенҳэм» янги бош мураббий бошчилигида қандай кўринишда бўлишини қизиқиш билан кутаётганди. Мезбонлар ўйинни беш ҳимоячидан иборат схема билан бошлашди, лекин жамоанинг асосий ҳимоячиси Ромеро дисквалификацияга учрагани туфайли марказий ҳимояда ван де Венга тажрибасиз Дрэгушин ва асл позицияси таянч яримҳимоячиси бўлган Палиня шерик бўлди.

Натижада илк дақиқалардан мезбонлар жарима майдонида таҳликали вазият юзага келди. Аввалига Викарио ўринсиз ҳолатда дарвозасини ташлаб, жарима майдони ташқарисига чиқиб келди. Кейин Йокерешда қулай вазият бўлди, аммо унинг бошда йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди. «Арсенал»нинг кучли босими техник хатолик туфайли тўхтаб қолди – ён қанот ҳакамининг алоқа воситаси бузилиб қолганди.

Лекин бу меҳмонларнинг шиддатини сўндира олмади ва Викарио дарвозаси атрофида хавфли вазиялар юзага келиши давом этди. Бурчак зарбасидан кейин Салибанинг зарбаси бироз хато кетди, кейин эса Симонс жарима майдони яқинида қўпол хатога йўл қўйиб, тўп йўқотди, аммо Троссар бу совғадан фойдалана олмади.

Умуман олганда, «Арсенал»нинг устунлиги яққол кўриниб турарди ва бу статистикада ҳам акс этди: биринчи бўлимда меҳмонлар ўйиннинг 73 фоиз вақтида тўпга эгалик қилишди, зарбалар сони бўйича 12:2. Эзенинг 32-дақиқада ҳисобни очиши ўйин мантиғига тўла мос эди. Ушбу яримҳимоячи жарима майдони марказида тўпни қабул қилиб, иккинчи тегинишда зарба бериш учун етарлича вақтга эга бўлди.

Лекин мезбонлар дарҳол жавоб голини уришди. Бу вазиятда жамоасининг энг ишончли футболчиси саналадиган Райс ўзига ортиқча ишониб юборди ва ҳимоядан чиқишда финт ишлатиб, тўпни олдирди. Коло Муани эса бу совғадан фойдаланди ва дарвозабон ҳудудигача бориб, Райяга ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Иккинчи бўлим бошида Йокереш ҳам рақиб ҳимоячилари хатосидан фойдаланиб, жарима майдони ташқарисидан йўлланган қайтариб бўлмас зарбаси билан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

53-дақиқада эса ўйиндаги ҳал қилувчи эпизод юзага келди. Коло Муани яна бир бор дарвозани ишғол этди, аммо бу гол ҳужумдаги фол туфайли бекор қилинди. Бу вазиятда у Габриэлни ортдан туртган ва унинг ҳаводаги тўпга сакрашига халақит берганди.

Бироз ўтиб ҳисоб 1:3 кўринишини олди. Яна Эзе рақиб жарима майдони ичидаги тартибсизликдан фойдаланиб, амалда бўш қолдирилган дарвозани ишғол этди.

Эътиборли жиҳати, ушбу яримҳимоячи АПЛнинг жорий мавсумида 6 гол урган, шундан бештаси – «Тоттенҳэм» дарвозасига, яна бири собиқ жамоаси – «Кристал Пэлас»га. «Тоттенҳэм»ни ҳам ҳазил билан унинг собиқ жамоаси дейишади у ёзда деярли «Тоттенҳэм» футболчисига айланган, интернетда унинг номидаги футболкалар суратлари тарқалган, аммо сўнгги паллада унинг ўзи «Арсенал»дан ўзини сотиб олишни сўраган ва болалик орзусига етишганди. 

Қўшимча дақиқаларда Йокереш ҳам дублни расмийлаштирди. Ҳужумчи Эдегордан пас қабул қилиб олиб, тўпни жарима майдонига олиб кирди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди – 4:1.

«Арсенал» ғалабали йўлга қайтди ва «Сити» билан орадаги фарқни 5 очкога етказди. Энди чемпионликни баҳорги ўйинларда ким кўпроқ очко йўқотиши ҳал қилади.

«Ноттингҳэм Форест» – «Ливерпул» 0:1
Гол:
Макаллистер, 90+7 (0:1)
«Ноттингҳэм Форест»: Ортега, Мурило, Миленкович, Уилямс, Айна, Сангаре, Андерсон (Домингес, 77), Гиббс-Уайт (Макэйти, 90+3), Ҳадсон-Одои (Ндой, 66), Ҳатчинсон (Баква, 66), Игор Жезус (Лукка, 77)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез (Гомес, 83), Собослаи, Макаллистер, Гравенберҳ, Жонс (Робертсон, 83), Гакпо (Киеза, 77), Салоҳ (Нгумоҳа, 77), Экитике
Огоҳлантиришлар: Гиббс-Уайт, 20. Айна, 61

Ўйин бошланмасдан «Ливерпул»да муаммолар юзага келди. Ўйин учун таркиблар эълон қилинганида Вирц чигалёзди машғулотлари чоғида жароҳат олгани маълум бўлди ва унинг ўрнига Кёртис Жонсни бошланғич таркибга киритишга тўғри келди. Биринчи бўлим эса Флориан жамоа ўйини учун нақадар муҳим эканини кўрсатиб қўйди. Арне Слот жамоаси ҳужумлар ташкил этишда қийналди.

Меҳмонлар мураббийи танаффусда ўзгаришлар қилмади ва иккинчи бўлим старти ҳам мезбонлар устунлигида ўтди. Мерсисайдиклар фақат ўйиннинг охирги қисмида ғалабани илиб кетиш учун олдинга ташланишди ва қўшимча дақиқаларда икки бор дарвозани ишғол этишди.

Мак Аллистернинг биринчи голи тўп унинг қўлига теккани туфайли бекор қилинди.

Аммо ушбу аргентиналик ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада ғалаба голини уриб, барибир оқшом қаҳрамонига айланди. Бу ҳолатда ҳам ван Дейкдаги офсайд ҳолати текширилди ва якунда гол инобатга олинди ва Арне Слот ўзи учун ноқулай бўлган рақиб устидан ниҳоят ғалабага эришди.

Қизиллар ўйинларнинг сўнгги 15 дақиқасида урилган голлар сони (15) бўйича АПЛда яққол устунлик билан олдинда бормоқда. Жамоа ҳамон турнир жадвалида олтинчи ўринда қолмоқда, аммо бу турда «Бёрнли»ни енга олмаган «Челси» ва ўз ўйинини энди ўтказадиган «МЮ» билан очколари сони тенг.

Испания: Педрининг қайтиши

«Барселона» – «Леванте» 3:0
Голлар:
Бернал, 4 (1:0). де Йонг, 32 (2:0). Фермин Лопес, 81 (3:0)
«Барселона»: Х. Гарсия, Мартин (Араухо, 88), Э. Гарсия, Жоау Канселу, Кунде, Бернал (Педри, 66), Олмо (Фермин Лопес, 66), де Йонг, Рафиня, Ямал (Баржи, 88), Левандовски (Торрес, 66)
«Леванте»: Райан, Маттурро, де ла Фуэнте, Санчес, Толян (Перес, 89), Оласагасти, Рей, Алварес (Лосада, 84), В. Гарсия (Кортес, 46), Тунде (Этта Эйонг, 70), Ромеро (Абед, 70)
Огоҳлантиришлар: Мартин, 45. Бернал, 59 – Тунде, 20

Ўтган турда «Барселона» Каталония дербисида «Жирона»га ютқазиб, пешқадамликни бой берганди. Аммо шанба куни «Реал» «Осасуна» майдонида ютқазди ва кўк-анорранглиларда биринчи ўринга қайтиш имконияти юзага келди. Шундай шароитда Ҳанси Флик жамоаси қўлига тушиб қолган «Леванте» эса «Камп Ноу»да тўрт дақиқа бардош берди – шундан кейин Бернал Эрик Гарсиянинг қанотдан узатмасини голга айлантирди.

«Барса» ўйинни назорат қилди, аммо барчаси идеал тарзда кечди дейиш қийин. Флик жамоаси ҳимоя чизиғини юқори жойлаштириши бу сафар ҳам панд бериши мумкин эди ва дарвозабон Жоан Гарсия бир неча бор жамоасини қутқаришига тўғри келди. Жамоа мухлислари фақат Френки де Йонгнинг голидан кейин енгил тин олишди.

Иккинчи бўлимда мезбон мухлисларни хурсанд қиладиган яна икки воқеа рўй берди. Биринчиси – жароҳат туфайли бир ойдан буён ўйнамаган Педри майдонга тушди. Иккинчиси – Фермин Лопеснинг голи бўлди, унинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси турнинг энг чиройли голига айланди.

Каталонияликлар ла лигада бир рақибга қарши уй ўйинлардаги рекорд сериясини 17 ўйинга етказди. Бундан ташқари, Флик шогирдлари чемпионатнинг бу мавсумида барча уй ўйинларида ғалаба қозонган ягона жамоаси бўлиб қолмоқда – 12 ўйинда 12 ғалаба.

Асосийси – «Барса» яна турнир жадвалида пешқадамликни қайтариб олди, «Реал» яна таъқибчи ролида.

«Вилярреал» – «Валенсия» 2:1
Голлар:
Рамазоний, 27 – пеналти (0:1). Комесаня, 31 (1:1). Гуйе, 45+6 – пеналти (2:1)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Вейга, Наварро, Кардона, Моуринио, Комесаня (Парехо, 83), Гуйе (Парти, 58), Молейро (Педраса, 70), Пепе (Гонсалес, 83), Микаутадзе, Перес (Бюкенен, 70)
«Валенсия»: Димитриевски, Копете, Эрай Жемерт, Хосе Гайя (Васкес, 78), Нунес (Коррейа, 70), Родригес (Андре Алмейда I, 88), Угринич (Груневелд, 70), Риоха (Дуро, 78), Рамазоний, Содиқ, Герра
Огоҳлантиришлар: Микаутадзе, 23. Моуринио, 45 – Рамазоний, 38. Герра, 45. Нунес, 65. Содиқ, 90

Сўнгги вақтларда суръатни туширган «Вилярреал» Валенсия дербисида пеналтидан гол ўтказиб юбориб, ҳисобда ортда қувишига тўғри келди. Аммо мезбонлар танаффусга барибир ғолиб ҳолда йўл олишди. Аввалига Санти Комесаня қулай позициядан мувозанатни тиклади, биринчи бўлимга қўшиб берилган олтинчи дақиқада Гуйе 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этди.

Иккинчи бўлимда «сариқ субмариналар» ҳисобдаги устунликни сақлаб қолиш учун қаттиқ тер тўкишига тўғри келди. Тўлиқ куч билан ҳужумда ўйнаган «Валенсия» ҳисобни тенглаштира олмаслигида асосий айбдор – дарвозабон Луиз Жуниор бўлди. Бу ғалабадан кейин Марселино Торал жамоаси «Атлетико» билан уч очколик фарқни тиклади ва учинчи ўринда қолди.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид