«Ўзбекнефтгаз» бош геологининг айтишича, лойиҳанинг асосий мақсади биринчи босқичда янги захираларни аниқлаш ва истиқболли конларни очиш ҳисобланади. Асосий эътибор геология-қидирув ишларига қаратилади ва дастлабки босқич беш йил давом этиши таҳмин қилиняпти.

Тошкентда ўтаётган «Ўзбекистон нефт ва гази – 2026» халқаро энергетика ҳафталиги доирасида «Ўзбекнефтгаз», Озарбойжоннинг SOCAR ва Буюк Британиянинг нуфузли British Petroleum (BP) компанияси ўртасида Устюрт минтақасидаги олтита истиқболли блок бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланди.

Гап Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блоклари ҳақида кетмоқда. Келишувга кўра, лойиҳадаги улушлар BP – 40 фоиз, SOCAR – 30 фоиз ва «Ўзбекнефтгаз» – 30 фоиз қилиб тақсимланди.

British Petroleum нима учун муҳим?

BP – дунёдаги энг йирик энергетика компанияларидан бири. Компания фақат капитал эмас, мураккаб геологик ҳудудларда ишлаш тажрибаси, юқори технологияли разведка усуллари ва катта масштабдаги қазиб олиш инфратузилмасини ҳам олиб киради. Масъулларнинг таъкидлашича, унинг Ўзбекистонга кириши бир неча жиҳатдан аҳамиятли.

Биринчидан, бу Ўзбекистон энергетика бозори халқаро трансмиллий компаниялар учун янада очилаётганини англатади.

Иккинчидан, сўнгги йилларда мамлакатда газ қазиб чиқариш ҳажми пасайиб, ички истеъмол ўсиб бораётган бир шароитда ҳукумат янги захиралар излашни стратегик вазифага айлантирди. Қиш мавсумларидаги энергетик муаммолар, импорт ҳажмларининг ортиши ва саноат эҳтиёжлари Тошкентни янги шериклар жалб қилишга мажбур қилмоқда.

Учинчидан, BP’нинг келиши Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти ошиб бораётганини ҳам кўрсатади. Чунки Марказий Осиё бугун транспорт ва энергетик хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам йирик давлатлар диққат марказида турибди.

Устюрт – ҳали тўлиқ очилмаган ҳудуд

Мутахассислар фикрича, Устюрт платоси Марказий Осиёдаги энг истиқболли нефть-газ ҳудудларидан бири ҳисобланади. Аммо бу ерда ишлаш осон эмас. Иқлим қаттиқ, инфратузилма чекланган, геологик қидирув эса катта маблағ ва юқори технология талаб қилади. Шу сабабли бу каби ҳудудларга одатда молиявий ва технологик имконияти юқори бўлган компаниялар кириб келади.