Жаҳон | 15:54 / 22.04.2026
3410
8 дақиқада ўқилади

Оташкесимни узайтирган Трамп, Болтиқ узра рус бомбардимончилари ва Япония қурол сиёсатида ўзгариш – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Эрон билан оташкесимни узайтирди

АҚШ президенти Доналд Трамп тинчлик музокараларини давом эттириш учун Эрон билан ўт очишни тўхтатиш тартибини муддатсиз узайтирди.

Трамп ижтимоий тармоқдаги баёнотида айтишича, АҚШ покистонлик воситачиларнинг «ушбу мамлакат етакчилари ва вакиллари ягона таклиф билан чиқмагунча ҳамда муҳокамалар якунланмагунча Эронга ҳужумни тўхтатиб туриш» ҳақидаги сўровига рози бўлган.

Покистон раҳбарлари Исломободда АҚШ–Эрон урушини тугатиш бўйича тинчлик музокараларига мезбонлик қилмоқда.

Бироқ Трамп бир томонлама сулҳ эълон қилган бўлса-да, у АҚШ ҳарбий-денгиз флотининг Эрон денгиз савдосини блокада қилишини давом эттиришини билдирди. «Агар биз уларнинг қолган мамлакатини ва раҳбарларини портлатиб юбормасак, блокада қолади», деб ёзди Трамп.

Ҳозирча Эрон юқори мартабали мулозимлари Трампнинг баёнотига ҳеч қандай расмий жавоб бермади. Аммо Теҳрондан келаётган дастлабки муносабатлар улар Трампнинг сўзларига шубҳа билан қараётганидан далолат бермоқда.

Мухофизлар корпусига алоқадор кўрилган Тасним ахборот агентлиги Эрон ўт очишни тўхтатиш муддатини узайтиришни сўрамаганини билдирди. Шунингдек, улар АҚШ блокадасини куч билан ёриб ўтиш ҳақидаги таҳдидларини такрорлади.

Трампнинг уруш давридаги риторикаси кескинликлар орасида ўзгариб турибди. Атиги икки ҳафта олдин у Эронга қарши ҳақоратли таҳдидлар билан чиқиб, «бутун бир цивилизация ҳалок бўлади» деб ваъда берганди. Бошқа вақтларда эса у зўравонлик ва бозордаги ноаниқликни тугатишга интилаётгандек кўринади. Боз устига Трамп оташкесим ҳақидаги ўз баёнотидан бир неча соат олдин — сулҳни давом эттиришга мойил эмаслигини ва АҚШ ҳарбийлари «жангга шай» эканини айтганди.

АҚШни Эрон билан урушга олиб кирган Исроил ҳозирча иттифоқчисининг сўзларига изоҳ бермади.

Болтиқ денгизи узра Россия бомбардимончилари

Душанба куни НАТО кучлари Болтиқ денгизи узра учаётган Россия стратегик бомбардимончилари ва қирувчи самолётларини тутиб олди.

Литвадаги авиабазадан Франциянинг «ҳаво-ҳаво» тоифасидаги ракеталар билан қуролланган «Rafale» қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилди.

Баёнотга кўра, Россия миссияси таркибида иккита Ту-22М3 товушдан тез учувчи бомбардимончиси ҳамда уларни кузатиб борган ўнга яқин Су-30 ва Су-35 қирувчи самолётлари бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги узоқ масофали бомбардимончиларнинг 4 соатлик парвози олдиндан режалаштирилганини айтди. Москвага кўра, улар Болтиқ денгизининг нейтрал сувлари устидаги ҳаво ҳудудида учган.

Ҳарбий иттифоқ НАТО ҳаво ҳудудига яқинлашаётган ёки унинг яқинида учаётган Россия ҳарбий самолётларини тўхтатиш учун тез-тез қирувчи самолётларни ҳавога кўтаради. НАТОнинг таъкидлашича, тутиб олинган рус самолётлари кўпинча транспондерлардан фойдаланмайди, авиадиспетчерлар билан алоқага чиқмайди ва парвоз режасини тақдим этмайди.

Европа ва Исроил келишуви кучда қолди

21 апрел куни Испания ва Ирландия бошчилигидаги давлатлар Исроил билан Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни тартибга солувчи битимни тўхтатиб туришга чақирди, бироқ етарли даражада қўллаб-қувватланмади.

Люксембургда ўтган ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатор вазирлар — Ғарбий соҳилдаги аҳоли пунктлари, Ғазодаги ҳуманитар вазият ва Исроилнинг ўлим жазоси ҳақидаги янги қонуни туфайли битимни тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туришни талаб қилди.

«Бугун Европанинг нуфузи ва ишончлилиги хавф остида», деди Испания ташқи ишлар вазири Хосе Албарес. У 2000 йилда кучга кирган «Ассоциация тўғрисидаги битим»ни тўхтатиб туриш бўйича муҳокама ўтказишга чақирди. Бу чора Исроилнинг тахминан 5,8 миллиард евролик экспортига таъсир қилиши мумкин.

Европа Иттифоқи Исроилнинг энг йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. 2024 йилда икки ўртадаги товар айирбошлаш ҳажми 42,6 миллиард еврони ташкил этган.

Аммо Исроил билан савдо битимини тўхтатиш учун Евроиттифоқ ҳукуматларининг «малакали кўпчилиги» овози талаб қилинади. Яъни 27 та давлатдан 15 таси, улар Европа аҳолисининг 65 фоизини ифодалаши керак. Шартномани тўлиқ тўхтатиш учун эса барча аъзо давлатларнинг бир овоздан розилиги зарур.

Европада Исроилга қарши бундай чоралар кўришга асосан Германия ва Италия вето қўйиб келмоқда.

Япония тинчликпарварлик сиёсатидаги кескин бурилиш

Япония қурол экспорти бўйича ўн йиллик чекловларни юмшатиб, ўндан ортиқ мамлакатга қурол сотишга йўл очди. Хусусан, Японияда қурол экспортини фақат қутқарув, транспорт ва кузатув воситалари билан чеклайдиган қоидалар бекор қилинади.

Япония эндиликда ўзи билан мудофаа битимларига эга бўлган 17 та давлатга, жумладан, АҚШ ва Буюк Британияга ўлдирувчи жанговар қуролларни сотиши мумкин. Можароларга аралашган давлатларга қурол сотиш тақиқи сақланиб қолади, бироқ бу Япония билан мудофаа пактига эга давлатларга тааллуқли эмас. Токио расмийлари «алоҳида ҳолатларда» истисноларга йўл қўйилишини билдирди.

«Хавфсизлик муҳити тобора оғирлашиб бораётган бир пайтда, эндиликда ҳеч бир давлат ўз тинчлиги ва хавфсизлигини ёлғиз ўзи ҳимоя қила олмайди», деб ёзди Япония бош вазири Санаэ Такаичи.

Хитой Япониянинг «мулоҳазасиз ҳарбийлашувидан жиддий хавотирда» эканини билдирди. «Хитой юксак ҳушёрликни сақлайди ва бу ҳаракатга қатъий қаршилик кўрсатади», деди Пекин ташқи сиёсат идораси.

Қурол экспорти бўйича янги қоидалар Япония Ўз-ўзини мудофаа кучлари АҚШ ва Филиппин ўртасидаги йиллик ҳарбий ўйинларда иштирок этаётган бир вақтда эълон қилинди. Япония ушбу машғулотларда илк бор оддий кузатувчи эмас, балки бевосита иштирокчи сифатида қатнашмоқда.

Япониянинг мудофаа позицияси II жаҳон урушидан кейинги конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган. Унинг 9-моддаси халқаро низоларни ҳал қилиш воситаси сифатида урушдан воз кечишни кўзда тутади. Санаэ Такаичи пацифист конституцияни қайта кўриб чиқиш, хусусан, 9-моддага ўзгартириш киритиш тарафдори.

Украинадаги нефт қувури тикланиши мумкин

Сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский «Дружба» нефт қувури ўз ишини қайта бошлашга тайёрлигини маълум қилди. Украина ҳудуди орқали ўтиб, Россия нефтини Европага ҳайдайдиган ушбу қувур ишининг тўхташи – рус нефтига қарам бўлиб қолаётган Венгрия ва Словакиянинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Ҳар икки давлат Киевни таъмирлаш ишларини атайлаб пайсаллашда айблаб келган.

Украина расмийларининг таъкидлашича, қувурга Россиянинг дрон ҳужумлари шикаст етказган. Киев доимий зарбалар қувурни таъмирлашга уринаётган техник ходимларнинг ҳаётини хавф остига қўйганини айтиб келди.

«Ҳозирда Россия қувур инфратузилмасига ҳужумларни такрорламаслигига ҳеч ким кафолат бера олмаса-да, бизнинг мутахассисларимиз қувур тизими ва ускуналар ишини тиклаш учун асосий шароитларни таъминлади», деди Зеленский.

Лавозимидан кетаётган Венгрия етакчиси Виктор Орбан Украина учун зарур бўлган 90 миллиард евролик қарзни айнан қувурнинг ишламаётганини баҳона қилиб тўхтатиб қўйганди. Бироқ унинг сайловлардаги мағлубияти ушбу маблағларнинг ажратилиши учун йўл очган деб кўрилмоқда.

Қувур ишга тушишини эълон қилганидан кўп ўтмай, Зеленский Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен билан қўнғироқлашиб, уни қарз маблағларини имкон қадар тезроқ ажратишга чақирди.

Зеленский шунингдек, европалик иттифоқчиларини Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтириш ва Россия нефтига бўлган қарамликка чек қўйишга чақирди. 

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид