Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Исроил ва Ливан ўт очишни тўхтатишга келишди
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроил ва Ливан етакчилари 10 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини бошлашга келишиб олганини маълум қилди.
Кеча республикачи президент Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Ливан президенти Жозеф Аун билан «ажойиб суҳбатлар» ўтказганини ёзди. Иккинчи постида эса у икки давлат ўртасида «мазмунли музокаралар» ўтказиш учун етакчиларни Оқ уйга таклиф қилди. «Ҳар икки томон ТИНЧЛИКНИ хоҳламоқда ва ишонаманки, бу тез орада амалга ошади!» деди у.
Кейинроқ АҚШ Давлат департаменти Исроил ва Ливан сулҳи пайшанба куни кечки вақтдан кучга кириши ва 10 кунлик муддати ўзаро келишувга кўра узайтирилиши мумкинлигини билдирди.
Келишув матнига кўра, сулҳ кучга кириши билан Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ» ва ўз ҳудудидаги бошқа қуролли гуруҳларнинг Исроилга қарши ҳужумлар уюштиришига йўл қўймаслик чораларини кўради.
Исроил эса сулҳ даврида режалаштирилган, муқаррар ёки давом этаётган ҳужумларга қарши ўзини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриши мумкин. Бироқ у ҳам ўн кун давомида Ливанда ҳеч қандай ҳужумкор ҳарбий операциялар ўтказмасликка рози бўлди.
Келишувга кўра, икки давлат барча ҳал қилинмаган масалаларни, жумладан, халқаро қуруқлик чегараларини демаркация қилиш учун АҚШдан музокараларга кўмаклашишни сўраган.
Исроилнинг Ливандаги ҳарбий кампанияси АҚШ–Эрон ўртасидаги тинчлик битимига асосий тўсиқлардан бири эди. Энди ҳафта охирида Покистонда АҚШ–Эрон музокараларининг иккинчи босқичи давом этиши кутилмоқда.
Россия–Украина уруши
Россиянинг Украинага ҳужумларидан сўнг қурбонлар сони 18 нафарга етгани маълум бўлди. Хусусан, Россия бир кечанинг ўзида бир неча тўлқинли ҳужумда 700 дан ортиқ дрон ва ракеталарни учирган.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳужумлар оқибатида Украина жанубидаги Одесса порт шаҳрида тўққиз киши, марказий Днепр шаҳрида беш киши ва пойтахт Киевда тўрт киши ҳаётдан кўз юмган.











