Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ошиғи олчи фирибгарлар, алданаверадиган одамлар ва кўз-ёшлар тўкилгунича томошабин ҳуқуқ тартибот органлари – суҳбат
Молиявий пирамидалар ва онлайн фирибгарликлар сўнгги йилларда кўп кузатилмоқда. Унинг қандай тури бўлмасин, фирибгарлар бир қадам олдинда бўлаверади, якуний жабрдийдаси – оддий халқ. Ҳимоя қилувчи органлар эса сабаб эмас, оқибатларга қарши (кўп ҳолларда бесамар) курашади. Kun.uz суҳбатлашган фаолларга кўра, аслида қарши чораларни ривожлантириш керак, бунинг учун нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари, балки сиёсий институтлар ҳам ишлаши лозим.
Бир одамнинг ҳисобига иккинчи одамга даромад бериш ва осонгина пул топишни кўзловчи молиявий пирамидалар, банк карталаридан ҳимоя кодларисиз ҳам пул ечиб олиш, кимнингдир номига кредит олиш каби онлайн фирибгарликлар айниқса сўнгги кунларда кўп кузатиладиган бўлиб қолди.
Одамлар бу каби фирибгарликларга нега такроран ҳам алданиб қолмоқда? Унга қарши қандай курашиш керак? Фуқаролар ўзини қандай ҳимоя қилсин? Шу каби саволлар атрофида Kun.uz суҳбат ташкил қилди. Унда иқтисодий таҳлилчилар Шуҳрат Қурбонов, Исмоил Туропов ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ва психиатр Гавҳар Тешабоева иштирок этди. Қуйида суҳбатнинг муҳим қисмларидан қисқа шарҳ келтирилади.
“Мақсад ҳаводан пул ишлаб топишга ишонтириш” – иқтисодчи
Шуҳрат Қурбоновнинг тушунтиришича, молиявий пирамида АҚШда “Понзи схемаси” номи билан ҳаммага танилган. Бир фирибгар одамлардан 1000 доллар олиб, уни 1,5 минг доллар қилиб қайтаришни ваъда қилган.
“Пулни янги инвесторлар ҳисобига эски инвесторларга бераверган ва маълумки, бу ошиб-ошиб борганда вақт ўтиб, пул етмай бошлайди ва охир-оқибатда Понзи ҳамма пул билан секин қочиб кетган, шунинг номига “схема Понзи” деб тарихда қолиб кетган. Бу ўша тагини қарайдиган бўлсак, оддий фирибгарлик.
Энди бунинг турлари кўп. Лекин мақсад – ҳаводан пул ишлаб топишга ишонтириш, яъни осон пул топиш ва битта одамнинг пули ҳисобига иккинчисини қоплаш. Яъни унинг ҳар хил схемаларини ўйлаб топса бўлади”, – дейди у.
“Битта одам жабр кўрса ҳам, у кўп ҳисобланади” – иқтисодчи
Исмоил Туроповнинг айтишича, молиявий пирамидага оид статистика юритилмагани сабаб унинг кам ёки кўп учраётганини шунчаки айтиш мушкул. Аммо мутахассис инсонийлик нуқтаи назаридан қаралганда, бир нафар одам шунга алданиб қолса ҳам, у кўп эканини билдирди.
“Пирамида туридаги фирибгарлик бўладими ёки бошқа турдаги фирибгарлик бўладими, умуман фирибгарликнинг якуний жабрдийдаси – барибир оддий халқ. Ўша молиявий саводхонлиги етишмаганиданми ёки бошқа сабаб биланми, унга чуқур тушган одамларнинг барибир асосий қисми оддий халқ бўлади. Шунинг учун унинг маштаб нуқтаи назаридан катта ёки кичиклигини баҳолаганда, ўша тушган одамларнинг сонига қараб солиштириш мумкин.
Ёки пул миқдори, қанча пул олиб чиқиб кетилганига қараб. Масалан, нечта киши шу пирамидага аъзо бўлди, якунда нечта кишининг қанча пули олиб чиқиб кетилди, у доллардами ёки бошқа валютада – шуларга қараб солиштирса бўлади. Ўзбекистонда бунинг кўп ёки камлиги бўйича аниқ бир нарса айтиб бўлмайди, таҳлиллар йўқ”, – дейди у.
Туропов одамларнинг пулини трейдингга тикиб ёки ўзи тикиб бераман деб, кейин курслар очиб, ижтимоий тармоқларда ўзини реклама қилувчилар ёки автомобил олиб беришни ваъда қилувчи “Авто-60 ой” ёки ZTY ишларини ҳам эслаб ўтди. Бу каби кейслар кўплигини таъкидлади.
“Семиртириб сўйишади” – инсон ҳуқуқлари фаоли
Абдураҳмон Ташановга кўра, фирибгарлик ишлари одамларга катта молиявий зарар етказмагунча тўхтатилмайди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кўп ҳолларда унинг ишлашига қўйиб беради.
“Ўзбекларда мақол бор: семиртириб сўямиз деган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари кўп ҳолларда қўйиб беришади, токи пуллар йиғилиб, қанақадир бир катта кармонлар, катта чўнтакларни тўлдириш даражасига етгунча. Аслида профилактика нуқтаи назаридан, ер тагида илон қимирласа биладиган орган ходимларимиз бунинг ҳаммасини билишади. Бунинг “тепа”да ҳомийлари бор. Яъни буни бир томондан коррупцион жиноят ҳам дейиш мумкин. Бу бориб давлат, коррупция билан боғланиб кетади.
Бизнинг кузатишларимиз “Қуест нет” даражасида бўладими ёки бошқа, жуда кўплаб маркетинг тармоқлари ёки оддий мамлакатдаги, айтайлик, бир носоғлом автосаноат муҳити билан боғлиқ жараёнлардан фирибгарлар кўпроқ фойдаланишади. Ёки миграция жараёнларидан ҳам кўпроқ фойдаланишади. Масалан, айтайлик, ишлаб топиб бериш, мана, хабарингиз бор, Korea Migration деган бир ташкилот жуда кўплаб одамларни чув тушириб кетди. Бунга умумий фирибгарлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ҳозир статистика бўйича бизнинг мамлакатимизда 44 минг маҳбус жазо муддатини ўтаётган бўлса, шунинг қарийб 30-40 фоизи фирибгарлик жиноятларини содир этган шахслар ҳисобланади”, – дейди у.
Ташановнинг қўшимча қилишича, бу статистика Ўзбекистонда қонун устуворлиги бўйича ностабилликни англатади. Қолаверса, суҳбатдош бозор қанчалик очиқ бўлиб, рақобатдошлар кўпайса, соҳадаги фирибгарликлар сони ҳам камайишини айтиб ўтди.
“Импорт машиналарга озгина рухсат берилган эди, автомобил соҳасидаги фирибгарлик даражаси пасайди. Яъни агар давлат ўзи нимани ушлаб турадиган бўлса, жиноятчиликка шароит яратиб берадиган бўлса, албатта, ўша соҳа ривожланиб кетмайди. Аҳмадбой ишида ҳам кўрдик, Аҳмадбой ишидан ютқазган асосан халқ бўлди. Чунки Аҳмадбой жуда катта пул тўплади. Яна ўғрини қароқчи урди дегандек, унинг бир қисмини давлат олди, ўзлаштирди. Мен кўп одамлар билан гаплашдим. Одамлар қуруқ қолди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари шубҳали тарзда ўша пулларни ўзлаштирди.
Кейин Муродбой дегани чиқди. Муродбой ҳам одамларнинг ичига кириб борди, молиявий пирамида қилди. Лекин афсуски, одамлар берган пулларини қайтариб олишолмади. Энди бунинг кўлами катта. Фақат пирамида эмас, масалан, онлайн фирибгарликлар, бошқалар. Буларнинг ҳаммаси учун мен тўғридан тўғри ўша ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва давлат айбдор деб ҳисоблайман, чунки бу соҳадаги сиёсатни ниҳоятда эҳтиёткорлик билан такомиллаштириб бориш керак бўлади”, – дейди Ташанов.
“Ҳар доим ўша оғриқли нуқтани топиш ва ўша нуқтага босиш” – психиатр
Гавҳар Тешабоева одамларнинг алданиб қолиши уларнинг оғриқли нуқталари билан боғлиқ эканини билдирди. Таъкидланишича, бу орқали инсондаги керакли ҳиссиётни чиқариш ва ундан фойдаланиш мумкин.
“Масалан, ҳозирги кунда фирибгарларни оладиган бўлсак, нимага алданиб қоляпти? Оғриқли нуқта бор. Бу нима? Бу – пулсизлик ёки ўша автомобилга бўлган эҳтиёж. Мақсад – ҳар доим ўша оғриқли нуқтани топиш ва ўша нуқтага босиш. Натижада инсоннинг ҳиссиётига босилади, ҳиссиёти билан ўйналади ва ўша инсон ўша ҳиссиётнинг устида шошмашошарлик билан ўйламасдан қарор чиқариб, бунақа фирмаларга алданиб қолиши мумкин.
Оддий мисол келтирайлик, қарияларни жуда кўп алдашади. Мен энди масштабли эмас, шу ўзимнинг қабулимга келадиганларни айтаман. Фалончи дорини фойдали деб эшитувдим, сотиб олувдим, лекин унақа фойда бўлмади. Яъни бу ерда реклама зўр бўлган. Ўша дори маҳсулоти билан оғриқли нуқтасига етиб боришган, “тезда шошилинг, ҳозироқ сотиб олинг” чақириғи билан, яъни бу, демак, биринчи ҳиссиётига ўйнади ва диққатини ўзига қаратиб олди ва учинчиси, ўйламасдан қарор қабул қилишга ёрдам берадиган техникалар ҳисобланади. Энди бу техникалар билан улар жудаям яхши таниш бўлади, уларнинг ҳаммасида шунақа бирин-кетин қиладиган инструктажлар бор, яъни фирибгарлар ёки масалан, ҳозир молия компаниялари ҳақида гапириляпти – ҳаммаси яхши ўқитилган ва ўзининг хулқ-атворида муаммоси бор бўлган шахслар томонидан амалга оширилади деса тўғри бўлади”, – дейди Тешабоева.
“Фирибгарлар бир қадам олдинда бўлади” – иқтисодчи
Шуҳрат Қурбоновнинг қўшимча қилишича, онлайн фирибгарликларнинг кўпайиши эски маъмуриятдан янгисига ўтилгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни иқтисодий таҳлилчини буни айнан Ўзбекистон иқтисодий-молиявий жиҳатдан очила бошлаганига улаган.
“Олдин валюта алмаштириш ҳам, картадан тўлов ҳам, нақд ечиш ҳам муаммо бўлган. Демак фирибгар сизнинг пулингизни ўғирласа ҳам, нима қилишини билмай, ташлаб кетарди, чунки картадан тўлаш имконияти йўқ эди. Ҳозир унақа имкониятлар кўпайган, бемалол чет элга ҳам тўлов қила оласиз, масалан, чет элнинг карталарига ҳам пул чиқара оласиз. Яъни бир тарафдан техник нуқтаи назар, иккинчи тарафдан ўша қонун нуқтаи назаридан имконият ҳам кўпайган. Хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, ҳар бир эволюциянинг ёнида барибир мана шунақа хавфлар ҳам келади. Асосий сабаблардан шу деб ўйлайман, айнан кўпайганининг сабаби.
Нимага давом қилганининг сабабини энди тўғри айтдилар, "social engineering" деган нарса бор, ўша ҳамма фирибгарлар ўрганиб, қанақадир оғриқли масаладан келиб чиқиб [ҳаракат қилишади]. Россиянинг мисолини айтадиган бўлсак, ҳамма билади, ҳамманинг қулоғида "Долина кейси" деб ҳамма жойда тарқаб, мана, пулларни алдаб олиб кетишган. Улар уруш баҳонасида қўрқитишяпти, сиз Украинага пул ўтказибсиз, у қилибди, сизга иш очилган, деб қўрқитишади.
Бизда бошқа, ўша машина муаммо бўлган вақтда сизда машина олиш имконияти, пулингизни йўқотаман деб қўрқиб турган вақтингизда пулингизни ўғирлаб кетиши мумкин ёки менинг номимга кредит олиши мумкин деган қўрқувда кимдир телефон қилиб, сизнинг номингизга кредит расмийлаштирилган, дейди. Яъни ўша ижтимоий қатламга, унинг муаммоларидан ёки қўрқувларидан келиб чиқиб, "social engineering" ёрдамида ўрганиб қилинади. Ҳозирги кунда бизда шу, дунёда аллақачон бир қадам олдинга кетиб бўлинган. Яъни ўша Facebook бўладими, Instagram бўладими ва ҳоказо ўша ижтимоий тармоқларда адресли ишлаб, ўша одам ҳақида маълумот йиғиляпти”, – дейди Қурбонов.
Қайд этилишича, йилдан йилга фирибгарлик усуллари ва турлари ўзгариб ривожланиб бораверади, фирибгарлар эса бир қадам олдинда бўлади.
Хўш, уларга қарши қандай курашиш керак? Молиявий пирамида ва онлайн алданиб қолишдан қандай ҳимояланиш мумкин? Суҳбат давомида шулар муҳокама қилинган. Тўлиқ видеони юқоридаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:02 / 10.12.2025
Қарз сўрайдиган сохта таниш – Telegram’да профилни нусхалаш билан боғлиқ фирибгарлик кўпаймоқда
17:43 / 16.08.2025
Тошкент шаҳар ИИББ талабалар ва уларнинг ота-оналарини “ижарачи” фирибгарлардан огоҳлантирди
18:16 / 23.07.2025
“Жиловланмаётган” жиноят: соддалик чегараси ва пихини ёрган фирибгарлар
18:10 / 19.05.2025