Жамият | 12:02
1129
5 дақиқада ўқилади

Қарз сўрайдиган сохта таниш – Telegram’да профилни нусхалаш билан боғлиқ фирибгарлик кўпаймоқда

Бирор танишингиз Telegram орқали ёзиб, сиздан қарз сўраётган бўлса, унга дарҳол пул беришга шошилманг: у аслида танишингизнинг профилини сохталаштирган фирибгар бўлиши мумкин. Айни кунларда Ўзбекистонда шу турдаги кибержиноят кўпайди. Бунда фирибгарлар асосан ҳамкасблар, синфдошлар, гуруҳдошлар ёки қариндошлар йиғилган очиқ гуруҳлардан фойдаланмоқда.

Ўзбекистонда шу кунларда Telegram орқали янги турдаги фирибгарлик оммалашмоқда. Бу очиқ гуруҳлардаги бирор шахс профилини сохталаштириш орқали ўша гуруҳдаги бошқа шахслардан қарз сўраш билан боғлиқ. Бу алдовга эса кўплар чув тушмоқда.

Курсдошим деб ўйлабман”

Навоий шаҳрида яшовчи Санобар Зокирова шу турдаги фирибгарликка алданганлардан бири. У Темур исмли гуруҳдошининг номидан қарз сўраган шахсга P2P кўринишида кетма-кет уч марта пул ўтказиб берган.

2025 йил 7 декабр куни эрталаб Темур исмли курсдошим Telegram’дан қарз сўраб ёзиб қолди. Аввалига 750 минг сўради ва бошқа шахсга тегишли карта рақам жўнатди. Хўп, дея ташлаб бердим. Орадан 1 соат ўтиб, яна 600 минг сўм бера оласанми, деб ёзди. Хўп десам, яна бошқа хил карта рақам жўнатди. Ўтказиб бердим. Орадан ярим соат ўтиб, яна 600 минг сўм чиқадими, дея сўради. Йўқ, картамда 200 минг сўм қолди, дедим. Ўша 200 минг сўмни ҳам бериб тур, мен сенга барини бир қилиб ташлаб бераман, карта рақамингни ҳам жўнатиб қўй, деди. Кейин билсам у курсдошим эмас, фирибгар экан”, дейди Kun.uz журналисти билан суҳбатда Санобар Зокирова.

Фирибгар биринчи бор Абдурасул Махмудов номидаги банк картасига 750 минг сўм ўтказдириб олган.

Кейинги ҳолатларда эса Элёржон Жўрабоев ҳамда Исмоил Абдуллаев номидаги банк карталаридан фойдаланилган.

Санобар Зокировага таниши номидан ёзган шахс пули нақдлигини, унга ўша куннинг ўзида қайтаришни ваъда қилган.

Шу тариқа, фирибгар Санобар Зокировадан жами 1 млн 550 минг сўм пул маблағини P2P кўринишида бошқа шахсларнинг номида бўлган банк карталарига ўтказиб олган. Санобар Зокирова ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилган.

“Ўша курсдошим билан Навоий шаҳар ИИБга бориб, ҳолат юзасидан ариза қолдирдик. Банкдан банк картамнинг амалиётлар тарихини ҳам олиб бердим. Ҳозирча жимлик, аризамиз билан шуғулланаётган ички ишлар ходими қўнғироқларимизга жавоб бермаяпти, чақиришмади ҳам”, дейди Санобар Зокирова.

Фирибгар буни қандай амалга оширади?

Telegram’нинг қидирув қисмидан фаол ҳолатдаги очиқ гуруҳларни излаб топиш мумкин. Масалан, Telegram’га оддий “курсдошлар” сўзини ёзиб, қидирувга берсангиз шу номдаги кўплаб гуруҳлар чиқиб келади.

Фирибгар ушбу гуруҳга аъзо бўлмаган ҳолда гуруҳ аъзолари рўйхатини кўриши, ёзишмаларни ўқиши мумкин. Сўнгра гуруҳ аъзоларидан бирининг профилини сохталаштиради. Яъни унинг номидан сохта профил очади: профил расми, исм-фамилия, username, био ва бошқа элементлар фирибгар томонидан айнан бир хил шаклда қайта яратилади.

Масалан, юқоридаги ҳолатда Timur исмли профил нусхаси яратилган. Сохта профилда ҳақиқийсидагига биргина i ҳарфини қўшиш орқали username яратилган: ҳақиқий профилда @timur_Тn1 бўлса, сохтасида @tiimur_Тn1.

Сохта профил яратилгач, фирибгар у орқали гуруҳдаги қолган аъзоларга қарз сўраб ёза бошлайди. Ва кимдир бу тузоққа илиниши мумкин.

Нималарга эътибор бериш керак?

Бирор танишингиз Telegram орқали ёзиб, сиздан қарз сўраса, унга дарҳол пул беришга шошилманг. Сабаби сизга ёзаётган шахс аслида фирибгар бўлиши мумкин.

Унга алданиб қолмаслик учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

  • танишингизнинг телефон рақамига қўнғироқ қилиб, ҳолатни аниқлаштиринг;
  • профил маълумотларини, хусусан, username’ни текшириб кўринг. Биргина белги қўшиш ёки олиш орқали ҳам ҳақиқий username’га ўхшашини яратиш мумкин;
  • агар ўша танишингиз билан шахсий ёзишмалар олиб борган бўлсангиз ёзишмалар тарихи бор ёки йўқлигига эътибор қаратинг;
  • бегона шахслар номидаги банк карталарига пул ўтказмаларини амалга оширманг.

Бундан ташқари, Telegram одатда сизга ёзаётган профил қачон рўйхатдан ўтказилганини маълум қилади. Агар танишингизнинг профили аввалдан фаол ҳолатда бўлса, бу ҳам шубҳага асос бўлади.

Kun.uz юртдошларимизни Telegram’даги бу каби фирибгарлик ҳолатларидан эҳтиёт бўлишга чақиради. Сизга ёзаётган шахс танишингиз эканига тўлиқ ишонч ҳосил қилмагунча қарз муносабатларига киришманг. Йўқса, ўзингиз фирибгарлик қурбонига айланишингиз мумкин.

Мавзуга оид