“1 млн сўм берсангиз бир соатда 25 млн сўмга кўпайтириб бераман” – ушбу ваъдага ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг кўзи тушган. Ҳатто юзлаб инсонлар бу рост экани, пулини “катта пулга” айлантириб олгани ҳақида видеолавҳалар эълон қилмоқда. Ҳақиқатан ҳам шунақа йўл билан пул кўпайтириш мумкинми? Ҳа, мумкин: фақат трейдер ниқобидаги фирибгарнинг пули кўпаяди. Мақола содда одамлар ва сохта трейдерларнинг алдов схемаси ҳақида.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда трейдер ниқоби остидаги фирибгарлар яна фаоллашди. Улар одамларни пулини бир соатда 20 бараварга кўпайтириб бериш ваъдаси билан чув туширмоқда. Ушбу ёлғонга алданиш учун эса инсон камида чилтор куй чалса ғоз ростдан ҳам тилла тухум қўйишига ишониш даражасида содда бўлиши керак. Афсуски, ана шунақа содда одамларнинг борлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тезкор реакция кўрсатмаслиги фирибгарлар тегирмонига сув қуймоқда.
Пул “машинаси”
Telegram’даги “Uzbekistan investuz” гуруҳи ана шунақа фирибгарлик гуруҳларидан бири. 2025 йилнинг 21 апрел куни ташкил этилган, 43 мингдан ортиқ аъзоси бор гуруҳ 3 ойдан буён фаол ҳолатда.
Ўзини трейдер деб тақдим этаётган шахслар одамларга бир нечта тарифда пулларини кўпайтириб беришни ваъда қилмоқда. Уларнинг бу ёлғонига эса юзлаб одамлар алданяпти.
Сохта трейдер билан мижоз сифатида суҳбатлашиб кўрдик. У пулни дунё бозорида акциялар олди-сотдисидан кўпайтиришини, бу хизмат бўйича лицензияга эга эканини билдирди.
“Мен дунё бозорларида, айниқса, Forex бозорида акциялар олди-сотдиси билан шуғулланиб келаман. Яқинда жамоамиз билан дастур яратдик. Дастурнинг ичида сунъий интеллект бор. Киритган сармоянгизни узоғи билан 60 дақиқада 20 бараваргача кўтариш имконияти бўлади”, дейди у.

Аслида сохта трейдернинг ушбу изоҳи унинг гаплари ёлғон, ўзи эса фирибгар эканини кўрсатиб турибди. Forex, акция бозори ва сунъий интеллект ҳақида етарлича тушунчага эга бўлмаганлар бу алдовга чув тушмоқда.
3 қадам ва блок
Биринчи қадам сифатида “мижоз”ларга 5 та тариф таклиф этилади. Улар 300 минг сўмдан 1,5 млн сўмгача бўлган тарифлар. Масалан, 1 млн сўм тўлаган одамга пули бир соатдан сўнг 30 млн сўмгача кўпайтириб берилиши ваъда қилинади.














