Ўзбекистон | 12:15 / 21.12.2019
12550
3 дақиқада ўқилади

«Уч йил олдин бу билан ҳеч ким шуғулланмаган» – Неъматов Россиядаги вақтинчалик марказларда сақланаётган муҳожирлар ҳақида

Фото: KUN.UZ

Россияда миграция қонунчилигини бузгани, паспортини йўқотгани ёки бошқа сабабларга кўра вақтинчалик марказларда сақланаётган, Ўзбекистон томонидан сўралган ҳужжатлар ўз вақтида етиб келмагани учун бу ерда олти ойлаб қолиб кетаётган меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масала юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов ўз фикрини билдирди.

Неъматов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу масалага ечим топилишини таъкидлади.

«Албатта, бу масала ҳам ечимини топади. Бу масала билан уч йил олдин ҳеч ким шуғулланмаган. Мана, уч йилдан бери президентимиз ўзлари бунга жуда катта аҳамият беряптилар. Ташрифлар давомида Россия билан битимлар имзоланди. Мана шу битимларга асосан биз Москвага ўзимизнинг Меҳнат вазирлигидан 9 нафар вакилимизни юбордик. 6та консуллик бўлимини очдик – Екатеренбургда, Қозонда, Владивостокда, Ростовда, Санкт-Петербургда. Олдин булар йўқ эди. Фақатгина элчихонанинг битта консуллик бўлими бор эди холос ва Новосибирскда бизнинг консуллигимиз бор эди.

Буларни очишдан мақсад нима? Асосий мақсад – пировард натижада Россияда ишлаётган фуқароларимизнинг манфаатини ҳимоя қилиш. Шунинг учун ҳам биз албатта бу масалаларни ечамиз. Ҳозирги кунда биз уларга жуда катта аҳамият беряпмиз, мана меҳнат мигрантларининг пенсия масаласини ҳал қиляпмиз. Ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас бу соҳада», – дейди Неъматов.

Маълумот учун, Россия миграция қонунчилигини бузган муҳожирлар то суд қарори чиққунга қадар вақтинча сақлаш марказларида тутиб турилади. Аслида бу ерда 10 сутка ушлаб турилиши керак бўлган мигрантлар Россия судларида иш ҳажмининг кўплиги, шунингдек, элчихонадан сўралган фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар вақтида етиб келмаслиги ортидан ойлаб, ҳатто йиллаб қолиб кетаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Вақтинча сақлаш марказларидаги аҳвол қониқарли эмаслиги, муҳожирлар лагерлари тобора кўпайиб бораётгани айтилади.

Аввалроқ Россияда ҳам меҳнат мигрантлари учун Green card жорий этиш мўлжалланаётгани, Россияда «қора рўйхат»га тушган 400 минг ўзбекистонликни рўйхатдан ўчириш устида иш олиб борилаётгани, хориждаги мигрантларга масофадан ўқиш ва дипломга эга бўлиш таклиф этилиши мумкинлиги хабар қилинганди.

Мавзуга оид