Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ Россиядан Эронга разведка маълумотларини бермасликни сўради
Аввалроқ ОАВда Россия Эронга АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига зарба бериши учун улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этаётгани хабар қилинганди.
АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Россиядан Эронга АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига зарба бериши учун улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этмасликни «қаттиқ» илтимос қилди. У бу ҳақда президент Доналд Трампнинг самолёти бортида журналистлар билан савол-жавоб чоғида маълум қилди.
Журналистларнинг АҚШда Москва Теҳронга ёрдам бераётгани борасида далиллар бор-йўқлиги ҳақидаги саволга Доналд Трамп жавоб берди.
У буни «билмаслиги», лекин Эроннинг «ишлари яхши эмаслиги»ни айтди
«Агар ёрдам бераётган бўлишса ҳам, унчалик эмас. Агар охирги ҳафтада Эрон билан нималар юз берганига қарайдиган бўлсак, ҳаттоки маълумот олаётган бўлишса ҳам бу уларга деярли ёрдам бермаяпти», деди у.
Трамп Россия низога қўшилаётгани ҳақидаги луқмага жавобан АҚШ Эроннинг ҳарбий салоҳиятини аллақачон йўқ қилганини айтди.
«Эшитинг, улар ўзлари истаган барча маълумотларни беришлари мумкин, лекин бу маълумотлар жўнатилаётган одамлар яксон қилинди. Россия ҳам яксон қилиниши мумкин эди», — деди АҚШ президенти.
Аввалроқ The Washington Post разведка маълумотлари билан таниш бўлган манбаларига таяниб Россия Эронга АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий объектларига зарба бериши учун улар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этаётгани ҳақида ёзганди.
Нашр суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, Россия тақдим этган маълумотлар Америка кемалари ва самолётларига оид маълумотларни ўз ичига олади. Россия ёрдамининг бу босқичдаги кўлами охиригача маълум эмас, лекин манба икки мамлакатнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини «анчагина кенг қамровли» деб атаган.
Экспертларнинг фикрича, Эрон Америка ҳарбий объектларига «жуда аниқ зарба бермоқда» ҳамда қўмондонлик марказлари ва назорат тизимларини йўқ қилиш учун буни «жуда мақсадли» амалга оширмоқда, 2025 йилда Исроил билан бўлган 12 кунлик ҳарбий низо билан солиштирганда Эрон зарбалари самарадорлиги ҳатто ошган.
АҚШ мудофаа вазирлиги ушбу хабар бўйича изоҳ бермаган.