Спорт | 16:06 / 29.11.2025
4405
17 дақиқада ўқилади

Лондонда дерби, Италияда пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси

Бизнинг футболда кўп ишлатиладиган “ жўжани кузда санаймиз” ибораси Европага унча тўғри келмайди. Бу ерда мавсум энди бошланяпти ва кузнинг охирги кунлари навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. У ерга кўпроқ “сараги саракка, пучаги пучакка” ибораси кўпроқ тушади – ҳали соврин эгалари аниқ бўлмаса-да, аста-секин лигаларда етакчилар ажраб чиқмоқда ва бемалол юқори ўринлар учун кураш асосан кимлар ўртасида бўлишини тахмин қилиш мумкин. 

Бу ҳафта дам олиш кунлари Англия ва Италияда турнир жадвалини бошқараётган жамоалар ўзаро орани очиқ қилишади. Айни пайтда дунёнинг энг яхши жамоаси бўлиб турган ва “Бавария”га қарши буни исботлаган “Арсенал” сафарда расмий жаҳон чемпиони ҳисобланган “Челси”нинг имтиҳонидан ўтади. Шунингдек, Бундеслигада юқори ўринлар учун қизиқарли баҳс, Испанияда Андалус дербиси ҳам бизни кутиб турибди. 

Фото: ESPN 

БАЙЕР – БОРУССИЯ Д (29 ноябр, 22:30)

Бундеслигада чемпионлик масаласини кўпчиликни ўйлантирмаса керак - “Бавария” жуда кучли. Аммо Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун кураш жуда қизғин бўлади ва даъвогар жамоалар ичида “Байер” ва “Боруссия” албатта бор. Шу билан бирга айни пайтда ҳар икки жамоа ҳам жуда яхши спорт формасида экани ушбу учрашувни янада кескин ва муросасиз ўтишини таъминласа ажаб эмас. 

“Байер” мавсум бошида, Эрик тен Хаг бош мураббийлик қилиб юрганда илк турни мағлубият билан бошлаган ва шундан сўнг деярли ютқазгани йўқ. Деярли, деганимизнинг сабаби фақат “Бавария”га ютқазган ва бу ҳозирда у қадар “айб” эмас. Худди шундай таърифни “Боруссия”га нисбатан ҳам ишлатишимиз мумкин. Дортмундликларнинг мавсумдаги ягона мағлубияти айнан “Бавария”га қарши учрашувда қабул қилинган. Ҳар икки жамоа ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида тўп суришди ва анча кучли рақиблар устидан чиройли ғалаба қозонилди. “Боруссия” ўз майдонида “Виляреал”ни 4:0 ҳисобида ютган бўлса, ливеркузенликлар сафарда “Манчестер Сити”ни енгишди. 

Умуман олганда айниқса “Боруссия” бу мавсум Чемпионлар Лигасини ҳам кучли ўтказмоқда. Айни дамда Нико Ковач шогирдлари кучли саккизликдан ўрин олиб туришибди, ҳамда турнирда фақат “ПСЖ” кўпроқ гол ура олган холос. Қизиғи, “ПСЖ”нинг 7 голи айнан “Байер” дарвозасига урилганини ҳам эслаб ўтиш керак. “Байер” эса аксинча, Бундеслигада энг кўп гол урган жамоалардан бири – 27 гол. Фақат “Бавария”да кўпроқ. Демак бу ўйин анча ҳужумкор, бойларга гол бўлиши эҳтимоли ҳам катта. 

Ўтган мавсумдаги натижалар ҳам буни исботлайди. Ливеркузендаги учрашувда меҳмонлар 2:4 ҳисобида ғалаба қозониб кетган бўлишса, биринчи даврада тескариси бўлган, яъни “Байер” сафарда 3:2 ҳисобида устун келганди. Умуман оладиган бўлсак, “Боруссия”да устунлик бор – охирги 30 учрашувнинг 16 тасида дортмундликларнинг қўли баланд келган. “Байер” 8 марта ғалаба қозонган. 

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, мезбонлар сафида йўқотишлар анча кўп.  Фернандес, Васкес, Артур каби асосий таркиб футболчилари ушбу ўйинда шерикларига ёрдам бера олишмайди. Меҳмонлардан эса фақат Никлас Зюле йўқ, аммо у ҳам аксарият ҳолларда захирада қолиб кетарди. Чемпионлар Лигасини ҳар икки жамоа ҳам бир кунда ўтказди, фақат “Байер” Англияга сафар қилган бўлса, “Боруссия” ўз уйида ўйнади. Аммо бу турда “Байер” мезбон, яъни “Боруссия” сафар қилганини эътиборга олсак, бу борада имкониятлар тенг. 

11 турдан кейин “Байер” 23 очко билан учинчи, “Боруссия” эса 22 очко тўплаган ҳолда тўртинчи ўринда. Демак ғолиб жамоа кучли учликда бўлиши, ҳатто 2-ўриндаги “Лейпциг”ни (25 очко) қувиб ўтиши мумкин. Мағлуб жамоа эса ҳатто 7-ўринга тушиб кетиш хавфи бор.

Фото: La Liga

СЕВИЛЯ – БЕТИС (29 ноябр, 22:30)

Испанияда ҳар йили чемпионлик кураши қайси жамоалар ўртасида кечиши ҳам, бошқаларнинг уларга тенглашиши деярли имконсизлиги ҳам маълум бўлса-да, яхшиямки, турли қизиқапли қарама-қаршиликлар, анъаналар ва дербилар бор. Айнан шундай учрашувда Ла Лигага қўшимча ранг беради ва эътиборни жалб қилади. Мана шундай тўқнашувлардан бири албатта, Андалусия дербисидир. 

Шубҳасиз, бу икки жамоа ичида “Севиля”нинг обруйи анча баланд, айниқса Европа Лигасида қозонилган ғалабаларни бошқа бир клуб такрорлаши жуда қийин бўлади. Аммо сўнгги пайтларда жамоада сезиларли пасайиш кузатилди, аксинча, Андалуснинг бошқа жамоаси бўлмиш “Бетис” юқори ўринлар учун курашадиган барқарор жамоага айланди. Мануэл Пеллегрини шогирдлари ўтган мавсумда фақат сўнгги турларда Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан қуруқ қолган, аммо бошқа бир еврокубок финалигача етиб борганди. “Бетис” ушбу мавсум ҳам планкани тушириб юбормади ва айни дамда турнир жадвалида 5-ўринда бормоқда. Тўғри, тўртлик билан орадаги фарқ катта, аммо агар бу сафар ҳам ўтган йилги каби Испанияга 5 ўрин ажратиладиган бўлса, “Бетис” ушбу йўлланма учун асосий даъвогарлардан бири экани шубҳасиз,

Аммо афсуски, “Севиля”га қарши дербида “Бетис”нинг икки асосий футболчиси майдонга туша олмайдиган бўлди. Жамоа етакчиси Иско “Утрехт”га қарши Европа Лигаси учрашувининг 10-дақиқасидаёқ жароҳат туфайли алмаштирилди ва катта эҳтимол билан бир ойга яқин майдонга туша олмайди. Яна бир асосий ҳужумчилардан бири Антони эса “Жирона”га қарши ўтган турдаги ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳакам томонидан майдондан четлатилди ва дисквалификацияга эга. Бу икки футболчисиз “Бетис”нинг ҳужум чизиғи анча ғариблашиб қолиши аниқ. 2025 йилни тўлиқ оладиган бўлсак, Искода гол+пас бўйича 12+12, Антонида эса 15+7. Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. 

Дарвоқе, “Утрехт”га қарши ўйиннинг 15-дақиқасида яна бир муҳим футболчи Софян Амрабат ҳам жароҳат туфайли алмаштирилганди.Хуллас Европа Лигасидаги ғалаба жамоа учун анча қимматга тушди. Шу билан бирга ушбу турнирда “Бетис” етакчилар сафида экани ва ҳали мағлубиятга учрамаганини ҳам айтиш керак. Ўзи умуман “Бетис” ушбу мавсумда барча мусобақаларда атиги икки марта мағлубиятга учради холос. Қизиғи, иккиси ҳам ўз майдонида. “Атлетик” ва “Атлетико”га. 

“Севиля”га тўхталадиган бўлсак, жамоа анча беқарор – 16 очко билан жадвалнинг иккинчи ярмида бормоқда. Лекин мухлислар “Севиля”ни бу мавсум “Барселона”га қарши ўйин туфайли яхши билишади. Ўша куни Матиас Алмейда шогирдлари пешқадам устидан 4:1 ҳисобида чиройли ғалабага эришгандилар. Демак муҳим, катта ўйинларда жамоа барибир хавфли ва кучли бўлиб қолаверади. Табиийки, “Бетис”га ҳам осон бўлмайди. Охирги мартда “Бетис” “Писхуан”дан 2018 йилда уч очко олиб кетган. Ўша ўйинда 5:3 ҳисоби қайд этилганди. Ушбу стадиондаги сўнгги 12 учрашувнинг 9 тасида мезбонларнинг қўли баланд келган.

“Севиля”нинг еврокубокларда қатнашмаётгани рақиби олдида устунлик беради, аммо шу билан бирга таркибда жароҳатланганлар жуда кўп – Аспиликуэта, Куасси, Суазо, Ромеро, Варгас ва Янузай. 

Фото: Getty Images 

ЧЕЛСИ – АРСЕНАЛ (30 ноябр, 21:30)

Бир неча ҳафта олдин бўлганида ушбу Лондон дербисида “Арсенал”нинг устунлиги яққол туюлган бўларди, чунки “Челси” анча беқарор натижалар қайд этаётган, “Арсенал” эса ҳатто дарвозасига зарба беришга йўл қўймаётганди. “Арсенал” ўзгармади албатта,аммо “Челси”нинг сўнгги ўйинлари бу сафар пешқадамга осон бўлмаслигидан далолат қилмоқда. 

“Сандерленд”дан ўз майдонида қабул қилинган ачинарли мағлубиятдан сўнг “Челси” АПЛ да қаторасига уч ғалабага эришди ва бу ўйинларда бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. Бундан ҳам кўра Мареска жамоасининг Чемпионлар Лигасида “Барселона”га қарши ўйини ҳам жуда кучли чиқди – “Челси” 3:0 ҳисобида испанларни ҳам мағлубиятга учратди. Ҳаммаси бўлиб жамоада барча мусобақаларда 6 ўйинлик мағлубиятсиз серия бор. “Челси”нинг айниқса катта ўйинларда муносиб ўйнай олишини эътиборга олсак, “Арсенал”га осон бўлмайди. Шу билан бирга интрига учун ҳам мезбонларнинг ғалаба керак, албатта. Агар меҳмонлар ғалаба қозонадиган бўлса, Артета шогирдлари ҳозирданоқ 7 очколик фарқ билан 1-ўринга жойлашиб олишади. “Челси” ютадиган бўлса, 3 очколик масофада “Арсенал”га яқинлашиб олади.  

“Арсенал”нинг спорт формаси ҳам, кайфияти ҳам жойида. Агар Артета шогирдларининг охирги мағлубиятини қидирсак, ёз ойларига бориб қоламиз. Демак бу ўйин кузнинг охирги куни эканини эътиборга олсак, мабодо “Арсенал” мағлубиятга учрамайдиган бўлса, бутун кузни мағлубиятсиз ўтказган Европадаги ягона жамоага айланади. Кучли бешлик назарда тутиляпти албатта. Умуман жамоанинг анча муваффақиятли серияси пайтида кўпчилик тақвимнинг ҳам таъсири борлигини, ўша даврда “Арсенал” анча кучсизроқ рақибларга дуч келганини ҳам ёзганди. Мана шу ҳафтанинг ўзида “Арсенал” қаторасига “Тоттенҳэм”, “Бавария” ва “Челси”га қарши ўйинлар белгиланган, демак айнан шу ҳафта жамоанинг ҳақиқий кучига баҳо беришга асос бўларди. Ҳозирча шубҳа қолмаяпти, қийин сериянинг дастлабки икки ўйинида 4:1 ва 3:1 ҳисобида ишончли ғалабалар қайд этилди, энди навбат “Челси”га. Ўзи умуман бу ҳафта Чемпионлар Лигасида АПЛдан қатнашган 6 жамоадан фақат иккитаси ғалаба қозонди – “Челси” ва “Арсенал”.  

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, сўнгги йилларда “Челси”нинг “Арсенал”га қарши статистикаси жуда ёмон. АПЛ доирасидаги охирги 11 ўйинда “Челси” ғалаба қозона олмаяпти. Бу даврда икки дуранг, 9 ўйин “қизилларнинг” ғалабаси билан тугаган. Агар “Стемфорд Бриж”даги сўнгги ғалабани қидирсак, янаям олдинроққа кетамиз – “Челси” уйида “Арсенал”ни ютган ўйинда, яъни 2018 йилнинг августида (3:2) голларни Алонсо, Педро, Мората, Мхитарян ва Ивоби каби футболчилар урган. Ўша ўйинда майдонга тушган футболчилардан эртага фақат Кепа майдонга тушиши мумкин, у ҳам энди “Челси” эмас, “Арсенал” сафида. Бутунлай янгиланиб кетди жамоалар. 

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, “Челси”да йўқотишлар деярли йўқ. Фақатгина Лавия навбатдаги жароҳатини олди ва камида икки ҳафта ўйнай олмайди. Меҳмонлар таркибида эса Хаверц ва Габриел ўйнамаслиги аниқ, Габриел Жезуснинг эса машғулотларга киришгани айтилмоқда. Леандро Троссарнинг ҳолати сўроқ остида қолмоқда. 

Фото: Getty Images 

РОМА – НАПОЛИ (1 декабрга ўтар кечаси, 00:45)

Шу куни нафақат Англияда, балки Италияда ҳам пешқадамлар ўртасида ўзаро тўқнашув бор. Ўтган турда “Интер”нинг қоқилишидан сўнг якка пешқадамга айланиб олган “Рома” ўз майдонида “Наполи”ни қабул қилади. Римликлар ҳисобида 27, 2-3 ўринларни эгаллаб турган “Милан” ва “Наполи”да эса 25 тадан очко бор. 

Қизиқ томони, “Рома” ўзаро ўйинда икки асосий рақибига, ҳам “Интер”, ҳам “Милан”га имкониятни бой берган. Аммо бошқа ўйинларда максимал очко олмоқда ва катта ўйинлардаги мағлубият ҳам Гасперини шогирдларига ҳалақит бермаяпти. 9 ғалабадан 7 тасида “Рома” ўз дарвозасини дахлсиз сақлагани ҳам жамоа анча ишончли ўйнаётганидан дарак беради. “Наполи”га қарши ўйин ҳам навбатдаги жиддий синов бўлиши керак. 

“Наполи” сўнгги икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди, лекин Антонио Конте жамоаларига хос бўлган ишонч ва хотиржамлик бу мавсум унча сезилмаяпти. Бунинг сабаби, албатта, энди “Наполи” бир неча фронтда тўп сураётгани. Ўтган чемпионлик мавсумида айнан шу фактор, еврокубокларда иштирок бўлмагани туфали Конте жамоаси анча юқори жисмоний ҳолатда бўлганди. Албатта, буни сезган ҳолда клуб ёзда анча фаол бўлди, таркибни кенгайтиришга ҳаракат қилинди. Лекин энди жароҳатлар оптимал таркибни туширишга доим ҳалақит қилиб келмоқда. Ҳозирда Гилмур, Спинаццола, Гутиерес, Замбо-Ангисса, де Брёйне ва Ромелу Лукакулар жамоага ёрдам бера олишмайди. Уларнинг ҳар бири асосий таркиб футболчилари ҳисобланишади. Римликлар сафида эса Куадио Коне еврокубок ўйинида жароҳат олиб алмаштирилди ва ушбу ўйингача тайёр бўлиши сўроқ остида қолмоқда. Шунингдек, Артём Довбик яна камида уч ҳафта шерикларига ёрдам бера олмайди. 

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, “Наполи” одатда бу стадионда анча муваффақиятли тўп суриб келган. Сўнгги 14 ўйиннинг 6 тасида мезбонларнинг қўли баланд келган бўлса, худди шунча ўйинни “Наполи” ўз фойдасига ҳал қилиб кетган. Ўтган йили эса “Рома” 90+2 дақиқада Анхелинонинг голи эвазига (1:1) мағлубиятдан қутулиб қолганди. Дарвоқе, Анхелино ҳам бу ўйинни ўтказиб юборади. Испаниялик ҳимоячи икки ой олдин вирусга чалинганди ва қачон тўлиқ тикланиши маълум эмас. 

Айтганча, Италия чемпионати пешқадамлари сифатида доим “Интер”, “Милан”, “Рома” ёки “Наполи”ни кўп тилга оляпмиз-у, ортда “Болоня” деган жамоа қувиб келаётганига ҳам эътибор қаратиш лозим. Жамоа барча мусобақаларда 12 ўйиндан бери мағлубиятга учрамай келмоқда ва айни пайтда 24 очко билан 5-ўринга жойлашиб олган. Яъни пешқадам билан орадаги фарқ атиги 3 очко ва бу турда “Кремонезе”ни қабул қилади. Демак агар ғалаба қозонса, “Болоня” бемалол юқоридаги учрашувда мағлуб бўлган жамоани қувиб ўтиши ва ҳатто кучли учликка ҳам кириб олиши мумкин. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР

29 ноябр. БАВАРИЯ – САнкт Паули (19:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Лидс Юнайтед (20:00), БАРСЕЛОНА – Алавес (20:15), Монако – ПСЖ (21:00), ЮВЕНТУС – Калияри (22:00),Эвертон – НЮКАСЛ (22:30), МИЛАН – Лацио (30 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), ТОТТЕНҲЭМ – Фулҳэм (30 ноябрга ўтар кечаси, 01:00), АТЛЕТИКО – Овиедо (30 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

30 ноябр. Кристал Пэлас  - МЮ (17:00), Пиза – ИНТЕР (19:00), АСТОН ВИЛЛА – Вулверҳэмптон (19:05), Вест Ҳэм – ЛИВЕРПУЛ (19:05), Жирона – РЕАЛ (1 декабрга ўтар кечаси, 01:00)

Қаҳрамон Асланов
Муаллиф Қаҳрамон Асланов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид