Ўзбекистон | 11:12 / 07.08.2023
21251
2 дақиқада ўқилади

Саудия Ўзбекистон фуқаролари учун электрон виза олиш имконини очди

Энди ўзбекистонликлар махсус портал орқали онлайн виза олиши мумкин. Кўп марталик бу виза йил давомида Умра қилиш ҳамда подшоҳлик бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради. Электрон виза – Ҳаж қилиш, Саудия Арабистонида яшаш ҳамда ишлаш ҳуқуқини бермайди.

Фото: Kun.uz

Саудия Арабистони яна 8 та давлат фуқаролари учун подшоҳликка кириш визасини электрон виза портали орқали олиш имкониятини очди. Ушбу давлатлар фуқаролари, шунингдек визани Саудия портлари ёки чегараларида ҳам олиши мумкин. 

Подшоҳлик туризм вазирлигининг маълум қилишича, визалар беришни кенгайтириш мақсадида очилган ушбу тизимдан эндиликда жами 57 та давлат фуқаролари фойдалана олади. Ушбу мамлакатлар қаторига Албания, Малдив ороллари, Озарбайжон, Грузия, Жанубий Африка, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳам қўшилди.

Бу давлатлар фуқаролари визани Саудия Арабистонига кириш аэропортлари ва портларидаги чегараларига келганда ҳам расмийлаштириб олиши мумкин.

Бунга қадар МДҲ мамлакатларидан фақат Россия, Украина ва Қозоғистон фуқароларида шундай имконият бор эди.

Саудия Арабистони E-visa'си бир йиллик, кўп марталик кириш визаси бўлиб, сайёҳларга мамлакатда 90 кунгача бўлиш имконини беради.

Сайёҳлик визаси билан турли тадбирлар, саёҳат ва дам олиш, оила ва қариндошлар билан меҳмон сифатида ташрифи, шунингдек Умра зиёратини амалга ошириш мумкин.

Ушбу виза билан Ҳаж зиёрати қилиш мумкин эмас. Шунингдек, электрон виза подшоҳликда ишлаш ҳамда яшаш ҳуқуқини бермайди. Электрон виза муддати тугагач, уни янги муддатга расмийлаштириш мумкин.

Маълумотларга кўра, виза нархи: онлайн олинса 535 риёл (142 доллар), чегарада олинса 480 риёл (126 доллар).

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2023 йил 1 январдан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун қайтиш ёки учинчи давлатга жўнаб кетиш чипталарини тақдим этган ҳолда 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этган эди.

Мавзуга оид