Ўзбекистон | 21:45 / 07.06.2018
5747
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда меценатлар учун самарали ва ишончли механизм ишлаб чиқилади

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Меценатлик тўғрисидаги қонунда асосий эътибор фақат меценатларга бериладиган имтиёзларга қаратилмайди. Асосий мақсад меценатлик анъанасини йўлга қўйишдан иборат. Буларнинг бари меценатларнинг самарали механизмга эга бўлиши учун амалга оширилмоқда, яъни бенефициарлар меценатларга муайян ҳисобот бериб боради. Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ҳуқуқшуноси Антон Ким Халқаро Пресс-клубнинг меценатлик анъанасига бағишланган сессияси доирасида шундай баёнот берди.

"Тасаввур қилинг, сиз - меценатсиз. Табиийки, сиз бенефициарлардан маблағларингиз керакли мақсадларга сарфланганига доир ҳисобот олиш имконига эга бўлишни истайсиз. Биз айнан шундай механизмни кўзлаяпмиз. Бундай ҳисоботлар оммавий ахборот воситалари ёки бенефициарларнинг сайтларида тақдим этиб борилади", - дейди у. 

Шу ўринда эксперт Россия қонунчилигида Меценатлик тўғрисидаги қонун таназзулга учраганини эслатиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, РФда икки марта - 2008 ва 2013 йилда меценатлик тўғрисидаги қонун муҳокамага қўйилган. "Иккинчи уринишда қонун қабул қилинганига қарамай, у амалда аҳамиятсиз. РФнинг меценатлик тўғрисидаги қонуни ҳеч қандай имтиёзлар тақдим этмайди", - қўшимча қилди  Антон Ким.

Маълумот учун: Меценталик фаолияти - бу бенециар (пул маблағларини қабул қилувчи юридик ёки жисмоний шахс) томонидан Ўзбекистон Республикасининг моддий ва номоддий маданий меросини ташкил қилувчи маданий объектларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида беминнат асосда ҳар қандай мулкий ҳуқуқларнинг берилиши, пул қийматига эга ишларнинг бажарилиши, хизматларнинг тақдим этилиши.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид