Ўзбекистон | 09:42 / 29.01.2026
12137
2 дақиқада ўқилади

Хоразм ҳокимликларида ўрганиш: 60 га яқин ходимнинг тадбиркорлик фаолияти аниқланди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг Ҳазорасп туманида ўтказилган сайёр йиғилишида Хоразм вилоятидаги вазият кескин танқид қилинди. 2025 йилда коррупциявий жиноятлар 34 фоизга камайгани қайд этилган бўлса-да, айрим хавф-хатар юқори соҳаларда профилактика ва бартараф этиш чоралари етарлича таъминланмаётгани айтилди.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида бўлиб ўтган сайёр мажлисида вилоятда коррупцияга қарши курашиш натижадорлиги ва мавжуд муаммолар танқидий руҳда муҳокама қилинди. Йиғилишга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилди.

Маълум қилинишича, Хоразм вилоятида 2025 йилда 2024 йилга нисбатан коррупциявий жиноятлар сони 34 фоизга камайган. Бироқ, ўрганишлар давомида коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган айрим йўналишларда коррупция омилларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси ҳануз етарли даражада таъминланмаётгани аниқланган.

Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ахборот берди. Унинг маълум қилишича, 2025 йилда вилоятда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани ҳамда давлат хизматида тадбиркорлик билан шуғулланишга оид чекловлар бўйича қонунчилик талабларига амал қилмагани учун 12 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шу билан бирга, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларида ўтказилган ўрганишлар натижасида 60 га яқин бошқарув ходимларининг тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатидаги фаолияти сақланиб қолаётгани маълум бўлди. Мажлисда бу ҳолат коррупция хавфини кучайтирувчи омил сифатида баҳоланиб, масала юзасидан тегишли тушунтиришлар тингланди.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифаларни амалга оширишда тизимли камчиликларга йўл қўйган 10 нафардан ортиқ масъул раҳбарга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича миллий кенгашга таклиф киритилгани ҳам маълум қилинди.

Шунингдек, мажлисда Ҳазорасп туманини «Коррупциядан холи ҳудуд»га айлантиришга қаратилган алоҳида амалий чора-тадбирлар белгиланиб, муҳокама якунида масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юкланди ва уларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид