Жаҳон | 20:49 / 17.03.2023
59460
3 дақиқада ўқилади

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Путинни ҳибсга олишга ордер берди

Россия президенти Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилганликда гумонланмоқда.

Фото: Pavel Bednyakov/SPUTNIK/AFP/Getty Images

Нидерландиянинг Ҳаага шаҳридаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. Тегишли пресс-релиз суднинг веб-сайтида жойлаштирилган.

Путин Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилганликда гумонланмоқда. Суд тушунтирганидек, бунинг учун шахсан Путин жавобгар, деб ҳисоблаш учун «оқилона асослар» бор.

Худди шундай ҳибсга олиш ордери Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган.

Владимир Путин ва болалар омбудсмени Мария Лвова-Белова. Фото: kremlin.ru

13 март куни The New York Times ўз манбаларга таяниб, ХЖС яқин келажакда Украинадаги жиноятлар бўйича россиялик амалдорларга қарши иккита иш қўзғатишини ёзган эди: бири украиналик болаларнинг ноқонуний депортация қилиниши, иккинчиси – қасддан аҳоли инфратузилмаларига ракета зарбалари бериш. Ушбу хабарлар фонида Кремл Россия Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олмаслигини эслатди.

Энди Владимир Путиннинг чет элга чиқиши чекланган. Рим статутини ратификация қилган ва суднинг юрисдикциясини қабул қилган мамлакатлар уни ҳибсга олиш мажбуриятига эга. Бу – 123 та давлат. Жумладан, Европа ва Жанубий Американинг барча мамлакатлари, Тожикистон, Бразилия ва Жанубий Африка, шунингдек, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси, Нигерия. Агар Путин шу давлатлардан бирига ташриф буюрса, маҳаллий ҳукумат уни ҳибсга олишга мажбур бўлади.

Россия томони Владимир Путин ва Мария Лвова-Белованинг ҳибсга олиниши учун ордер берилганига муносабат билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова:

«Халқаро жиноят судининг қарорлари мамлакатимиз учун, жумладан, ҳуқуқий нуқтайи назардан ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Россия Халқаро Жиноят Суди Рим статутининг иштирокчиси эмас ва у бўйича ҳеч қандай мажбуриятларни ўз зиммасига олмайди. Россия бу орган билан ҳамкорлик қилмайди ва Халқаро суддан келадиган ҳибсга олишнинг мумкин бўлган «рецептлари» биз учун қонуний кучга эга бўлмайди».

Ўзбекистон ҳукумати Халқаро жиноят судига шахсларни топшириш ҳақида АҚШ ҳукумати билан келишув имзолаган. У 2003 йил 7 январдан амал қилмоқда. «Шахс» деганда АҚШ ёки Ўзбекистоннинг амалдаги ёки собиқ давлат амалдорлари, ходимлар (шу жумладан пудратчилар) ёки ҳарбий хизматчилар ёки томонлардан бирининг фуқаролари назарда тутилган.

Мавзуга оид