Жаҳон | 20:24
1576
5 дақиқада ўқилади

Пермда ҳам Украина ҳужумидан кейин «нефт ёмғири» ёғди

Перм чеккасида «Транснефт» компаниясига тегишли объект зарба остида қолган. Украина дронлари Оренбург областига ҳам ҳужум қилган. Туапседа эса ёнғин давом этмоқда.

Exilenova+

Украина қуролли кучлари 29 апрелга ўтар кечаси Перм ўлкасига ҳужум қилди. Регион губернатори Дмитрий Махониннинг сўзларига кўра, шаҳар чеккасидаги Перм муниципал округида жойлашган саноат ҳудуду зарба остида қолган. Корхона ҳудудида ёнғин чиққан, ишчилар эвакуация қилинган, яраланганлар йўқ, дея маълум қилган ўлка раҳбари.

Украинадаги Exilenova+ телеграм-канали ҳамда Россиянинг Astra нашри маълумотига кўра, «Транснефт» компаниясига тегишли бўлган объект ҳужумга учраган. Маълум бўлишича, бу Башкултаево қишлоғи яқинидаги «Перм» ишлаб чиқариш-диспетчерлик станцияси бўлиб, ундан магистрал қувурлар орқали нефтни қабул қилиш, сақлаш ва узатиш учун фойдаланилади. Бу Перм – Алметевск нефт қувурининг бир қисми бўлиб, станция «Транснефт — Прикаме» компаниясига тегишли ҳисобланади, дея ёзади «Агентство». Айнан мазкур станция зарбага учрагани расман тасдиқланмаган. Шу билан бирга, FIRMS сунъий йўлдош мониторинги лойиҳаси маълумотлари бу жойда ёнғин содир чиққанини кўрсатади. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дронлардан бири яқин атрофдаги Мокино қишлоғига қулаган.

Ёнғин туфайли Перм осмонини қуюқ қора тутун қоплади.

Гувоҳларнинг айтишича, шаҳарга «нефт ёмғири» ҳам тушган, натижада автомобиллар, бинолар деразалари, киймлар ва одамларнинг терисида қора доғлар пайдо бўлган. «Перм 36,6» телеграм-канали ёзишича, мазкур ҳолатга қарамай, Пермдаги мактаблар ва болалар боғчалари одатий режимда ишлашда давом этган.

Украина дронлари 29 апрелга ўтар кечаси Оренбург областига ҳам ҳужум қилган. Регион губернатори Евгений Солнцев расмий хабарида фақат бир неча саноат корхоналари зарбага учрагани, жабрланганлар йўқлигини айтган.

Astra нашри аниқлашича, Орскдаги «Орскнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилинган. FIRMS маълумотига кўра, завод ҳудудида ёнғин йўқ, аммо Орск яқинидаги Новотроицкда (бу ерда «Уралская стал» компанияси ишлаб чиқариш корхонаси жойлашган) йирик аланга кузатилган. Бу ёнғин дронлар ҳужуми билан боғлиқлиги аниқ эмас.

Маҳаллий полиция Қозоғистон ғарбидаги Ақтўбе областида (Оренбург области билан чегарадош) қулаган дрон парчаларини аниқлаган. Ушбу парчалар аҳоли яшаш манзилидан ташқарига қулаган.

Орск шаҳри худди Перм каби Украина билан чегарадан 1500 километр масофада жойлашган. Украина пилотсиз тизимлари кучлари қўмондони Роберт Бровди (Мадяр) яқинда BBC учун берган интервюсида бугунги кунда Россия 1500-2000 километр масофадаги ички ҳудудлари энди «фронт ортидаги тинч ҳудуд» ҳисобланмаслигини айтганди. Ўтган шанба куни, 25 апрелда Украина қуролли кучлари илк бор Украина чегарасидан 1700 километр масофада жойлашган Екатеринбург шаҳрига дронлар билан ҳужум қилганди.

Туапседаги нефт заводида чиққан ёнғин аҳоли уйларига ўтди

Краснодар ўлкасининг Туапсе шаҳрида 29 апрел куни ҳам бир кун олдин Украина дронларининг нефтни қайта ишлаш заводига қилган ҳужуми оқибатида чиққан йирик ёнғинни ўчириш ишлари давом этди.

28 апрел куни ФВВ ёнғин вақтида резервуарлардан биридан қайнаб турган нефт кўчага сизиб чиқиши оқибатида бир неча автомобил шикастлангани ҳақида хабар берганди. Ёнғин чиққан объект атрофидаги кўчалардан 60 га яқин киши эвакуация қилинган.

29 апрелга ўтар кечаси заводдаги ёнғин унинг ёнидаги икки қаватли турар жой биносига ҳам ўтган. Бинода одамлар бўлмаган. Ёнғин ушбу бинодаги 150 метр квадрат майдонни қамраб олган, уни ўчиришга икки соат вақт кетган.

Регион расмийлари 29 апрел кунига келиб нефтни қайта ишлаш заводидаги ёнғин тарқалиши назоратга олинганини маълум қилди. Йирик ёнғинни ўчириш ишларига 300 дан ортиқ киши жалб этилган. Шу билан бирга, гувоҳлар томонидан олинган фото ва видеоларга қараганда, ёнғин туфайли Туапсе осмонига қора тутун кўтарилиши давом этмоқда. Бу фонда Туапседаги мактаблар ва ўқув марказларида машғулотлар бекор қилинган.

РФ президенти Владимир Путин 28 апрел куни илк марта Украинанинг Туапседаги нефт инфратузилмасига берган зарбалари юзасидан изоҳ берди. «Фуқаролик инфратузилмасига дронлар орқали ҳужумлар тобора кўпаймоқда. Мана охирги мисол – Туапседаги энергетика объектларига берилган зарбалар, бу эса жиддий экологик оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Тўғри, губернатор ҳозиргина шундай ҳисобот берди: унга кўра, жиддий таҳдидлар йўқ, одамлар дуч келаётган муаммолар жойида ҳал этилмоқда», – деди Путин.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 29 апрел куни «Киев режимининг Туапсега ҳужум қилишдек жиноий ҳаракатлари» халқаро бозорда нефт тақчиллигини «қўзғатиши»ни айтиб ўтди. У Киев Россиянинг нефт экспортига тўсқинлик қилиш мақсадида Туапсега зарба бераётганини таъкидлаган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид