Жамият | 15:22 / 04.11.2025
12026
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ота алимент бўйича чиққан жанжал оқибатида хотини ва 2 ёшли қизини пичоқлаб ўлдирди

Ҳолат кеча, 3 ноябр куни Ўзбекистон туманида содир бўлган. Она ва қиз оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган. Воқеа жойидан қочиб яширинган 34 ёшли эркак кўп ўтмай қўлга олинган.

Фото: Pixabay

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида эр ўз турмуш ўртоғи ва вояга етмаган қизининг қотилига айланди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди. Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатни Kun.uz’га тасдиқлади.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон туманининг Нурсуҳ маҳалласида яшовчи 34 ёшли А.Х. 3 ноябр куни 1998 йилда туғилган турмуш ўртоғи С.С. билан алимент тўлови борасида жанжаллашиб қолган. Жанжал оқибатида эркак ошхона пичоғи билан хотини ҳамда 2023 йилда туғилган қизи М.М.га жароҳат етказган.

Аёл ва қизи олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонага олиб борилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улар вафот этган. А.Х. эса воқеа жойидан қочиб, яширинган.

Бош прокурор матбуот котибига кўра, ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ушланган.

Олдинроқ Қамаши туманида икки аёл пичоқлаб ўлдирилган ва қотилликда гумонланиб собиқ ҳарбий қўлга олинганди.

Мавзуга оид