Иқтисодиёт | 18:59 / 20.11.2025
3090
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда машҳур брендларнинг аутлет марказлари очилади

2030 йилгача Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари атрофларида (шаҳар чеккаларида) жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларининг аутлет марказлари очилиши керак. Президент қарорида шундай вазифа белгиланди. Аутлетлар миллий архитектура услубида қурилади.

Фото: Adobe Stock

Ўзбекистонда жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларининг аутлет марказлари ташкил этилади. Бу – туризмни ривожлантириш бўйича президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, аутлет марказлари миллий архитектура услубида бўлади ва шаҳарлар четларида (атрофларида) жойлашади.

Аутлетлар биринчи босқичда (2030 йилгача) Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида, иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) туристик салоҳияти юқори бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилиши кўзда тутилган.

Бу топшириқ ижроси учун Инвестициялар вазирлиги, Туризм қўмитаси ва маҳаллий ҳокимликлар масъул.

Маълумот учун, аутлетлар – бу кийим-кечак брендларининг чегирмали нархдаги дўконлари бўлиб, уларда одатда ўтган мавсумдан қолган ёки яхши сотилмаган товарлар бўлади. Шунингдек, айрим брендлар айнан аутлетларда сотиш учун бюджет вариантдаги товарларни ҳам ишлаб чиқаради, бу товарлар бренднинг юқори сегментдаги бошқа маҳсулотларидан сифат борасида фарқ қилиши мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид