Жаҳон | 23:17 / 18.03.2026
7505
7 дақиқада ўқилади

“Хитойнинг мақсади – радарларни синаб кўриш” — Ҳикматилла Казакбаев

Тайван атрофида ҳарбий фаоллик яна кучайди: якшанба куни ХХРнинг 26 та ҳарбий самолёти ва 7 та ҳарбий кемаси Тайван иқтисодий зонасига кирган, уларнинг 16 таси бевосита хавфсизлик зонасида қайд этилган. Бу ҳодиса Тайван парламентининг АҚШдан яна қурол-яроғ сотиб олиш қарорлари фонида юз берди.

Мавзу юзасидан Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шарҳи.

Ҳикматулла Казакбаев: 16 март куни Хитойнинг 26 та ҳарбий самолёти ва 7 та ҳарбий кемаси Тайваннинг иқтисодий зонасига кирган. Шу самолётларнинг 16 таси тўғридан тўғри Тайван ҳаво ҳудудига ҳам кириб борган. Бундай ҳолатлар сўнгги пайтларда тез-тез кузатилмоқда. Масалан, охирги марта 6 март куни шунга ўхшаш воқеа қайд этилган эди. Ундан аввал эса 27 феврал куни ҳам шундай ҳолат кузатилган.

Бунинг сабаби, 12 март куни Тайван парламенти АҚШдан 9 миллиард долларлик қурол-яроғ сотиб олиш бўйича келишувни маъқуллади. Яъни ҳукуматга АҚШдан катта миқдорда ҳарбий техника харид қилиш учун рухсат берилди. Ушбу пакет таркибида асосан HIMARS ракета тизимлари ва танкка қарши Javeline ракеталари бор.

Бундан ташқари, 16 март куни Тайван парламентида яна қўшимча 14 миллиард долларлик АҚШ қурол-яроғларини сотиб олиш масаласи муҳокамага қўйилди. Бу – Тайваннинг ҳарбий салоҳиятини сезиларли даражада оширишга қаратилган қадам сифатида кўрилмоқда.

Хитой одатда Тайванда юз берадиган бундай сиёсий ёки ҳарбий қарорларга ўзининг ҳарбий фаоллиги билан жавоб қайтаради. Масалан, Тайванга АҚШ вакиллари ташриф буюрса, Тайван бошқа давлатлар билан ҳарбий ёки иқтисодий келишувлар тузса, ёки оролда сайловлар ўтказилса, Пекин кўпинча ҳарбий машғулотлар ёки куч намойиши орқали реакциясини билдиради.

Ҳозирги вазиятда яна бир муҳим омил бор. Маълумки, АҚШнинг Еттинчи флоти асосан Жануби-Шарқий Осиё минтақасида жойлашган. Бироқ Эрон билан боғлиқ можаролар сабаб ушбу флотнинг айрим қисмлари ҳозирда Яқин Шарққа кўчирилган. Бу эса маълум даражада АҚШ эътиборининг ҳозирча бошқа минтақага қаратилганини англатади. Шундай шароитда, Хитой ҳам ўз ҳарбий салоҳиятини намойиш қилишга ҳаракат қилмоқда.

Бундан ташқари, бундай парвозлар ва ҳарбий ҳаракатлар яна бир мақсадга ҳам хизмат қилиши мумкин – Тайваннинг радар ва кузатув тизимларини текшириш. Чунки Хитой самолётлари ёки кемалари киргани ҳақидаги маълумотлар асосан Тайван радар тизимлари орқали аниқланади. Шу билан бирга, Хитой ҳозир бешинчи авлод қирувчи самолёти – G-20'ни такомиллаштириш устида ишламоқда. Бундай учишлар ушбу технологияларни синовдан ўтказиш учун ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Замонавий уруш стратегиясига қарасак, бугунги кунда асосий устунлик қуруқликдаги қўшинлар сони билан эмас, балки ҳаво ва денгиздаги назорат билан белгиланади. Шунингдек, баллистик ва қанотли ракеталар ҳам муҳим рол ўйнайди. Яъни замонавий урушларда асосий эътибор ҳаво устунлиги ва денгиз назоратига қаратилмоқда.

Шу сабабли Хитой тез-тез бу ҳудудда ҳарбий машғулотлар ўтказишини эълон қилиб, маълум вақтга минтақадаги ҳаракатларни чеклаб қўяди. Бу сигнал фақат Тайванга эмас, балки Япония ва Жанубий Кореяга ҳам қаратилган. Чунки Тайван бўғози орқали Япония ва Кореяга тегишли кўплаб савдо кемалари ўтади. Айниқса, Малакка бўғозидан келаётган нефт танкерларининг муҳим қисми айнан шу йўналиш орқали ҳаракатланади. Бундан ташқари, Тайван бўғози Хитой учун Тинч океанига чиқадиган стратегик йўллардан бири ҳисобланади.

Тайван – Хитой атрофидаги “биринчи ороллар занжири” деб аталадиган геостратегик тизимнинг марказий нуқталаридан бири. Шу сабабли Пекин Тайвандаги ҳар қандай сиёсий фаолликка доимий равишда ҳарбий сигнал орқали жавоб бериб келади.

Санжарбек Рашидов: Ўзбекистон ҳам “ягона Хитой” концепциясини қўллаб-қувватлайди, яъни Хитой Тайпейи алоҳида мустақил давлат сифатида тан олинмайди. Шу сабабли бу масалани Исроил ва Эрон ёки АҚШ ва Эрон ўртасидаги можаролар билан солиштириш тўғри бўлмайди. Чунки Хитой Тайван масаласини ташқи сиёсий можародан кўра ўзининг ички масаласи сифатида кўради.

Пекиннинг позициясига кўра, агар бирор давлат Тайван билан дипломатик алоқалар ўрнатса ёки унга ҳарбий, иқтисодий ёрдам кўрсатса, бу Хитойнинг ички ишларига аралашув сифатида баҳоланади. Хитой бу мавзуга доимо жуда сезгир ва кескин муносабат билдириб келади.

Тайваннинг бошқа давлатлар билан сиёсий, иқтисодий ёки ҳарбий алоқалари Хитой томонидан жуда оғриқли қабул қилинади. Чунки Пекин Тайванни ўз ҳудудининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди ва шунинг учун бундай ҳолатларга тезкор реакция билдиради.

Албатта, бу масаланинг тарихий илдизлари ҳам бор. У Гоминдан даври ва Чан Кайши ҳукуматининг Тайванга чекиниши билан боғлиқ. Бироқ ҳозирги реал сиёсатда асосий омиллардан бири – АҚШнинг роли ҳисобланади.

Масалан, АҚШ Конгресси спикери бўлган Ненси Пелосининг Тайванга ташрифи катта сиёсий шов-шувга сабаб бўлган эди. Чунки бунгача АҚШнинг юқори мартабали раҳбарлари бундай даражадаги ташрифни амалга оширмаган.

Расмий жиҳатдан АҚШ ҳам Тайванни мустақил давлат сифатида тан олмайди, бироқ у билан ҳамкорликни давом эттиради ва маълум даражада ҳарбий ёрдам ҳам кўрсатади. Бу ҳолат халқаро сиёсатда “статус-кво”ни сақлаш сиёсати сифатида кўрилади.

Аммо сўнгги йилларда Хитой назарида айнан АҚШ ва унинг иттифоқчилари бу статус-квони бузаётган томонга айланмоқда. Масалан, 2025 йил охирида АҚШ Конгресси Тайванга тахминан 11 миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб бериш бўйича қарорни маъқуллади. Бу эса Пекиннинг кескин реакциясига сабаб бўлди.

Шундан кўп ўтмай, 2025 йил декабр ойида Хитой “Адолат миссияси – 2025” номли йирик ҳарбий машғулотларни ўтказди. Ушбу машқларда Хитойнинг катта денгиз флоти, ҳарбий самолётлари ва бошқа кучлари иштирок этди. Бу амалда Пекиннинг сиёсий сигналига айланган эди.

Ҳозирги вазиятга қарасак, Тайван деярли тўрт томондан Хитой ҳарбий фаоллиги билан ўралиб турибди.

Орол атрофида мунтазам равишда Хитой ҳарбий кемалари патрул қилмоқда ёки ҳарбий самолётлари парвоз қилмоқда. Шу билан бирга, Хитой Тайванга тўғридан тўғри ҳарбий бостириб кириш масаласида ҳозирча аниқ қарор қабул қилгани йўқ. Бу борада халқаро сиёсий доираларда ҳамон кўплаб баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Ҳозирги пайтгача Хитой Тайванга нисбатан очиқ қуролли тажовуз қилмаган. Бироқ ҳарбий машғулотлар ва куч намойишлари орқали орол атрофида доимий стратегик босим сақланиб қолмоқда.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид