Ўзбекистон | 20:01 / 26.05.2021
65275
15 дақиқада ўқилади

Қонун ҳимоячилари қонунни бузганда... ёхуд "Суриш керак" трендининг сабаблари ҳақида

Kun.uz ҳуқуқ-тартибот органларининг қонунлардан чекиниши, ҳақсиз равишда айниқса фаол фуқароларга нисбатан зулм ўтказиши мавзусида суҳбат уюштирди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўзлари ҳуқуқингизни бузганда, дунёқарашингизда жиддий ва шиддатли силжиш содир бўлади. Ички тизимингиз чалкаш-чулкаш бўлиб кетади деса ҳам бўлади. Бундай ўзгаришни мажоз билан тасвирлайдиган бўлсак, буни бир замонлар содир бўлган, бутунбошли қитъалар силжишига – шиддатли тектоник ҳаракатларга ўхшатса бўлади.

«Нега?» деган савол ичингизда улкан, кенг елкали тоғдек қад ростлайди шунда. Мана шу «нега»нинг замирида бир дунё маъно бор.

«Ҳуқуқ-тартибот идоралари: ички ишлар, давлат хавфсизлик хизмати ва бошқалар – аввало шулар эмасмиди қонунни ҳурмат қилиши керак бўлган, «қонун» сўзининг улкан аҳамиятини ҳаммадан яхшироқ тушуниши керак бўлганлар?» Бу саволлар ақлингизнинг ёқасидан олади.

Шунда, ақлингиз қалбингизга нимадир жавоб беришга уринади, бироқ... додингизни Худодан бошқага айтолмаслигингизни, шикоят қилсангиз шикоятингиз барибир ўша қонунбузарга қайтиб келишини билиб, жим қоласиз.

Шунда, ночор аҳволда қолган вужудингиз, ўзингиз билмаган ҳолда... бунга кўника бошлайди! Ва энг мудҳиши айнан шу – бунга кўникиб қолиш! Чунки бунда сизнинг «давлат» тушунчасига бўлган қарашларингизда силжиш содир бўлган бўлади, зеро ҳуқуқ-тартибот идоралари бу – давлатнинг ажралмас қисми, унинг қўли, кўзи, оёғи.

Кўникиб қолишни нега энг мудҳиш ҳолат деб баҳоладик? Чунки сиз бунда ишончсизликка кўникаётган бўласиз. Бунга кўниккандан кейин сиз фаол, қалби жўшиб турадиган, юзидан нур ёғадиган бунёдкорлар жамияти аъзоси эмассиз, балки жамият ишларидан ўзини четга олиб қочадиган, имкон топиб бошқа – «жамият» деса бўладиган юртларга кетишни истайдиган кишига айланасиз.

Дарвоқе, АҚШга грин-карта бўйича кетишни истовчилар сони бўйича Ўзбекистон 5-ўринда экан.

Бир саволга жавоб берайлик: ҳуқуқ-тартибот идораси ходими учун қачон қонун энг катта приоритетга, «отаси-ю онасига» айланади, тепасидаги бошлиғининг буйруғи эмас, айнан қонун унинг онгида устуворликка эга бўлади?

Зеро айнан шундагина ҳуқуқ-тартибот идораси ходими ҳақиқий маънода ҳуқуқ-тартибот идораси ходимига айланади, бошлиғи қонунбузарликка чақирганда ҳам ўзини, ўзлигини йўқотмайди.

Ўзаро ишонч муҳити ҳукм сурган муҳитдагина ижобий ўзгаришлар содир бўлади ва алалоқибат омма ҳақиқий жамиятга айланади, улкан натижаларга эришилади. Ким бизга бундай жамиятга айланишга халақит қиляпти ва... ҳуқуқ-тартибот идораларида ислоҳотлар нега бунча секин амалга ошяпти?

Kun.uz шу мавзуда блогерлар Жамолиддин Муҳаммаджон, Мусанниф Адҳам, Муҳаммад Шакур, Бобир Исмоилов ва Сардор Салим билан суҳбат уюштирди. Бугун суҳбатнинг 1-қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қуйида кўрсатувдан айрим парчалар матн шаклида тақдим этилади, суҳбатни тўлиқ ҳолда видеокўрсатувда томоша қилишингиз мумкин.

Жамолиддин Муҳаммаджон: «Агар мен ҳам қолганлар қатори жим турганимда, балки бу амалиёт ёйилиб кетган бўларди»

— [2019 йилда, Тошкентдаги «Малика» савдо мажмуасида ўтказилган «соқол рейди» бўйича] ўшанда берилган расмий баёнотда жами 138 киши деб айтилган. Ўша 138 киши орасида мендан ташқари ҳеч бири бунга муносабат билдирмаганди. Дастлаб эълон қилинган расмий баёнотда эса ҳеч кимнинг соқоли мажбуран олдирилмагани айтилган, бу эса ҳақиқий воқеага умуман зид эди.

Иккинчидан, ўша вазиятда мен ҳам 138 кишига қўшилиб сукут сақлаганимда, балки бу каби рейдлар бугунги кунда бундан ҳам кенгайиб кетиши мумкин эди. Шунинг учун бирор вазиятга тушганда одам фақат ўзини ўйламаслиги керак. «Агар ҳозир мен ҳаракат қилсам, нимагадир қаршилик қила оламан, ниманидир тўхтатаман», деган нуқтайи назардан фикрлаш керак.

Натижа ҳам шунга яраша бўлди. Жуда катта саъй-ҳаракат қилмаган бўлсам-да, жим турмаганимнинг ўзи натижа бўлиши учун етарли бўлди. Ана шу натижадан ўзим мамнунман.

Мусанниф Адҳам: «Барибир фойдаси йўқ, энг енгили шу – 15 сутка» дейишган»

— Уйингизга тинтув ўтказиш учун келишса, барчага маълум муайян қоидаларга амал қилиш керак. Уйни тинтув қилишга ордер бор-йўқлигини сўрашингиз, бошқа ҳуқуқларингизни талаб қилишингиз керак. Мен билан рўй берган ҳолатда мен ҳам шундай йўл тутганман.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари билан илк тўқнашувим уч йил олдин, [мактаб ўқувчиларига дарс вақтида бош кийимда бўлишни тақиқловчи] 666-сонли қарорни танқид қилганимда бўлган. Тинтув ўтказиш учун уйга келишган. «Уйингизда қидирувдаги одамни яшираётган экансиз, шунақа хабар келди», деган.

Ордер сўраганман. Қайсидир прокурор қўл қўйган санкцияни кўрсатишган. Сизлар одам қидиргани келдиларингми, деб икки марта сўрадим, ҳа дейишган, уйга киргиздим. Киргач, биринчи қилган ишлари – телефон, компютер, китобларни йиғиштириб олишди.

Қўлланмаларда ёзилганидек иш тутдим, уларнинг бундай хатти-ҳаракатлар учун рухсатлари бор-йўқлигини сўрадим. Ўтириб, баённома ёзишди. Баённоманинг тагида: «Битта нусхасини олдим» деб ёзилган, мен шуни тасдиқлаб қўл қўйишим керак. Қўл қўйишдан олдин сўрадим:«Нусхасини берасизларми?» «Ҳа, ҳозир кўчага чиқиб, ксерокопия қилиб, берамиз», дейишди.

«Паспортингизни олиб олинг, ИИБга бориб, нарсаларингизни текширамиз ва ҳеч нарса чиқмаса, қайтариб бериб юборамиз», дейишди. Табиийки, улар қидирувдаги шахсни қидираётганлари эсларидан чиқиб кетди. Мен бу ерда нима бўлаётганини, гап нима ҳақида кетаётганини тушундим.

Асл мавзу (666-сонли қарорни танқид қилганим) йўлга чиққанимиздан кейин очилди. «Нима учун келганимизни биласиз...» дейишди йўл давомида. Борганимдан кейин менга адвокат беришлари кераклиги, унгача ҳеч нарса гапирмаслик ҳуқуқим борлигини айтдим. Кулишди. Адвокат берилиши, адвокат иштирокида сўроқ қилиниши қонунда ёзиб қўйилган. Улар: «Бу тергов эмас, терговгача бўлган жараёнда адвокат керак эмас», дейишди.

Ўша ерда расмга олишди, қанақадир «дело»лар очишди, босим билан суҳбатлар бўлди. Ҳеч ким урмаган бўлса-да, сўкиниш, ҳақоратлар – булар ҳаммаси бўлди. У ҳақоратлар – мен эшитмаган ҳақоратлар. Оғзига келганини гапиради...

3-4 соатдан кейин олиб бориб суд қилишди ва 15 сутка беришди. Сабаби – Маъмурий кодекснинг 195-моддаси, яъни ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатиш. Ҳолбуки, мен ҳеч қандай қаршилик кўрсатмадим. Уйимнинг эшигини тақиллатиб келишди, нега келдиларинг дедим, ордер кўрсатгач, мана, киринглар, дедим. Бу ерда мен томонимдан уларга ҳеч қандай қаршилик бўлгани йўқ.

«Айбимга иқрорман, ички ишлар ходимига қаршилик кўрсатдим», деб тушунтириш хати ёзишга ҳам мажбурлашди. Қаршилик билдирганимда эса: «Шунақа ёзавер, барибир фойдаси йўқ, энг енгили шу, 15 сутка оласан, ўтириб-чиқасан» дейишди. Охири ёзганман. Судья айбингизга иқрормисиз, деди, мен ҳа дейишим керак экан, шундай дедим. Судья 10 сутка деб чиқиб кетди, кейин эса хуллас 15 сутка қилишди.

Хўп, нима қилиш керак? Ўз бошимдан ўтказган инсон сифатида айтишим мумкинки, шунақа вазиятга тушган одам ҳуқуқини талаб қилишда давом этавериши керак. Кейинги гал «Айбимга иқрорман» деб ёзмаслик керак... Қайсидир нуқтагача қоидаларга биноан иш тутдим, қайсидир жойга бориб қоидадан чекиндим. Барибир чекинмаслик керак. Бир менда бўлар, кейин иккинчи, кейин учинчи одамда шундай бўлар, лекин кўпчилик шундай ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши чиқавергач, қоида бўйича иш кўрилишини талаб қилавергач, бу нарса охир-оқибат органдагиларга ҳам етиб боради.

Сардор Салим: «Блогерлар билан терроризмга қарши бўлим шуғулланади. Блогерлик терроризм билан тенглаштириляптими?»

— Велосипедни қайтадан ихтиро қилиб ўтириш шарт эмас. Конституция шунинг учун ҳам ёзилади: миллионта одам, миллионта фикр, бироқ ҳамма биргаликда, ҳамжиҳат яшаши керак. Ҳаммаси ҳар хил индивидлар. Фақат конституцияга, қонунчиликка амал қилиб. Бўлди.

Қонунчиликда фалон нарса ман қилинмадими, демак у мумкин деб ҳисобланади. «Асал ейиш мумкин эмас», дейилдими, демак мумкин эмас. Шу ягона чеклов.

Бизнинг ҳуқуқ-тартибот органлари, хусусан ДХХнинг «профилактик суҳбат» деган амалиёти бор. Бу – янги амалиёт эмас, эски совет давридан, КГБ давридан давом этиб келаётган амалиёт. Яъни нимадандир норози инсонлар билан «суҳбат ўтказиш» амалиёти.

Бу амалиёт Сталин ўлгандан кейин, «оттепель» пайтида пайдо бўлди. Чунки КГБ қарадики, ҳаммани қатағон қилиб бўлмас экан. Жамият буни қабул қилмаяпти. Демак, норози инсон билан алоҳида ишлаш керак.

КГБ «норозилар»ни чақирар, «Ўртоқ, сен партия айтган нарсадан четга чиқиб кетяпсан, бизлар сенга хайрихоҳ инсонлар сифатида тўғри йўлни кўрсатяпмиз, мана сенга расмий огоҳлантириш, тузалмасанг, ишинг судга кетади». Бу амалиёт ҳозиргача бор, эски тузумдан қолиб кетган. Каримов даврида ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор.

Сиз нима қилиш керак деяпсиз. Жамиятга қандайдир фаол сифатида жамоат ҳаётида қатнашмоқчи бўлсангиз, албатта адвокатингиз бўлиши керак. Масалан, ҳозир сизга телефон қилади кимдир, отини айтмайди: «Фалончиман, фалон жойга келиб кетинг», дейди.

«Повестка» (чақирув қоғози) бўлмаса, бормасликка қонунан ҳақлисиз. «Повестка юбор, кейин бораман», десангиз, бу ҳам бўлади. Лекин биздаги кўплаб фаоллар, шахсан ўзим ҳам жуда унчалик даражага олиб боришни истамаймиз. Одатда «РОВД»га чақиришади. «РОВД»да бошқа идорадан одам бўлади, ДХХдан бўлади одатда.

Шу ерда бир эътиборли жиҳат: блогерлар билан терроризмга қарши бўлим шуғулланади. Блогерлик жамиятда терроризм билан тенглаштириляптими?

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, менга қилинган асосий таъна – «Сиз блогерлар халқни нотўғри йўлга чорлаяпсизлар, эртага халқ кўтарилиб кетиши мумкин», дейди. Савол туғилади: қандай қилиб бир ҳовуч одам фейсбукда ўтириб, халқни ғалаёнга чорлаши мумкин? Ҳеч қандай маъмурий ёки бошқа ресурссиз? Буни халққа нисбатан ҳурматсизлик деб ҳисоблайман.

[...] Паскал айтган экан, «Франциядан 300 нафар энг олди зиёли кетса, бу Франция аҳмоқлар мамлакатига айланиб қолади». Бизда 300 нафар эмас, 30 000 нафари кетганов камида...

Муҳаммад Шакур: «Инсон қўрқув муҳитидан кетишни истайди»

— Назаримда, бу ерда муносабатни ўзгартириш керак. Инсонга нисбатан муносабатни. Инсон қадрига нисбатан муносабатни. Шунда демократиянинг аҳамиятини тушунтириш ҳам осон бўлади.

Бизда инсон қадри тушиб кетгани учун биз тушуна олмаяпмиз. Яхши натижаларга эришган мамлакатлар, ҳаётий тартибини бирмунча яхшилаб олган, инсон ҳуқуқлари маълум миқдорда рўёбга чиққан мамлакатлар бор. Агар эътибор берсангиз, у ерда инсон қадрига муносабат бошқача.

Суҳбатимизнинг руҳиятига эътибор берадиган бўлсак, кучишлатар тизимларимиз гўё Марс сайёрасдан келгандек. Аслида бу нотўғри. Булар ўзимизнинг ташкилот-ку, ўзимизнинг солиқларимиз эвазига фаолият юритади, ўзимизнинг миллатимиз вакиллари.

Мана шу ҳақда кўпроқ ўйлаш керак-да: нега бундай бўлиб қолди?

Сардор КГБ ҳақида гапирди. КГБ бу – совет иттифоқида бўлган ташкилот. Бу ташкилот ўша тузумга керак эди. Ўша тузумнинг таркибий қисми эди. Ўша тузум учун, қайсидир маънода, фойда ҳам келтирди. Энди савол туғилади, қандай қилиб фойда келтирди у тузумга? Шунга бир назар ташласак.

Бу ташкилотга маълум вазифа юклатилган эди – оммани маълум чизиқ ичида сақлаб туриш. Бу учун оммани қўрқув остида сақлаб туриш керак бўлди. Нега керак эди оммани қўрқув остида сақлаш? Гап шундаки, одамларга бир қанча эркинликлар берилмаган эди. Мисол учун, ўша дин эркинлиги. Дейлик, динингизни ўрганмоқчи бўлсангиз, китоблар йўқ эди. Давлат ишида ишлаб, намоз ўқисангиз, КГБ олиб кетарди. Ҳақ-ҳуқуқлар таъминланмагани учун оммани қўрқув остида сақлаш эҳтиёжга айланган эди – омма ичида норозилик пайдо бўлиши аниқ эди.

КГБ ўша тузумга фойда берди, натижа берди, нега? Чунки СССР ёпиқ мамлакат эди: чегаралари ёпиқ эди, ахборот учун чекловлар қўйилган эди, кўчиб кетиш имконияти деярли йўқ эди. Шу учун қўрқув муҳити фойда берар эди.

Энди, очиқ мамлакатда бу нарса фойда берадими, йўқми, деган савол туғилади.

Биз очиқ мамлакатмиз, чегаралар очиқ, информация кириб-чиқиб ётибди. Бунақа шароитда қўрқув муҳити қандай натижа беради? Шу саволга жавоб берайлик.

Аввало, инсон қўрқув билан яшашни истамайди. Қўрқувсиз яшаш инсон учун – базавий эҳтиёж. Шу учун қўрқув муҳитидан, ҳар қандай лаҳзада қонунсиз уйингдан олиб кетилишинг мумкин бўлган муҳитдан одамлар имкон қадар бошқа – тинчроқ жойга кўчишга ҳаракат қилишади.

Энди савол туғилади: ким кўчади? Жавоб: аввало ўз касбини яхши эгаллаган инсонлар чиқиб кетади. Чунки чет элда бундай инсонларга талаб катта. Иккинчидан, фаол инсонлар чиқиб кетади, зеро фаол инсонларнинг табиатан амбициялари катта бўлади, катта-катта орзулар қилади. Бундай муҳитда улар ўзини яхши ҳис қилмайди, чиқиб кетади.

Яъни мамлакат ўзининг яхши касб эгалари, зиёлилари, олимлари, фаол инсонлар – тадбиркорлар, орзуси кўкка етиб борадиган инсонларидан айрилади. Бу нарса бизда 25 йилдан бери давом этяпти.

[...] Иккинчидан, қўрқув муҳити иқтидорларни сўндиради. Чунки иқтидорли одамга эркинлик керак. Иқтидор (талант) шундай нарсаки, у эркинлик муҳитида униб, ўсиб, кўкаради.

Қўрқув муҳити қаердан пайдо бўлади? Агарки қонунларга ҳамма амал қилмаса, қўрқув муҳити пайдо бўлади. Ҳамма бирдек амал қилмаса. Дейлик ҳамма амал қиляпти, аммо кимдир, қайсидир идора амал қилмаяпти. Ўшанда инсон эртанги кунини башорат қилолмай қолади. Яъни қонун ҳимоячилари қонунга амал қилмаса, инсон эртага қайси ҳаракати учун таъқибга учрашини башорат қила олмайди.

Суҳбатни Бобур Акмалов олиб борди.

Кўрсатувнинг 2-қисми тез орада эълон қилинади.

Мавзуга оид