Ўзбекистон | 14:59 / 28.08.2021
30924
6 дақиқада ўқилади

Талабалар шаҳарларга қайтмоқда. Ижара тўловига ёрдам бўйича президент фармони қандай ижро этилади?

2021/22 олий ўқув йили бакалавриат ва магистратура талабалари учун анъанавий (офлайн) шаклда 6 сентябрдан бошланади. Шу кунларда юз минглаб талабалар Тошкент шаҳри ва вилоят марказларига ўқишни бошлаш учун қайтмоқда.

Талабалар – шаҳарлар кўрки. Аммо шаҳарлар талабаларни яна одатий муаммо – турар жой излаш ва қиммат нархлар билан кутиб олади.

Шу йил 20 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоялаш борасида фармони қабул қилинганди.

Унга кўра, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши айтилган.

Хўш, 1 майдан амалга киритилган фармон ижроси янги ўқув йилида қандай тартибда ижро этилади?

Kun.uz мухбири Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сардорбек Усмонов билан боғланди ва мавзу бўйича қатор саволларга жавоб олди.

Сардорбек Усмонов

— Сардорбек ака, фармон ўтган ўқув йилининг сўнгги ойлари учун ҳам амал қилган. Лекин ўқишлар онлайн тарзда ташкил қилингани учун кўпчилик бу ёрдамдан фойдаланмаган. Хўш, янги ўқув йилидан унинг ижроси қай тартибда таъминланади?

— Ҳақиқатан ҳам фармонда ётоқхона билан қамраб олинмаган, ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.

Фармон билан киритилган янги тартиблар май ойидан бошлаб ижро этилиб келинмоқда.

Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни эслатишим керак: бу имтиёз фақат давлат олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган талабаларга тааллуқли.

Якунига етган ўқув йили охирида 43 та давлат олий таълим муассасаларидан келиб тушган аризаларга мувофиқ май-июнь ойлари учун 3163 нафар талабага 920 миллиондан зиёд маблағ давлат бюджети томонидан тўлаб берилди.

Рақамлардан кўринадики, ўтган ўқув йилида имтиёз учун талабгор бўлганлар сони кўп бўлмади. Қайси талаба расмий ижара шартномаси билан келиб мурожаат қилган бўлса, уларнинг барчасига маблағлар тўлаб берилган. Янги ўқув йилида ҳам шу тартибга амал қилинади.

Вазирлик давлат олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорларига фармон ижроси бўйича барча керакли тавсияларни берган.

Янги ўқув йилидан бошлаб имтиёз учун мурожаат қилган ва керакли ҳужжатларни тақдим этган талабаларга компенсациялар албатта тўлаб берилади.

— Талабаларнинг ижара тўловига кўмаклашишда улар қайси тартибда саралаб олинади?

— Талаба ўзи таълим олаётган факультетга, олий таълим муассасаларида ташкил этилган бўлимга ёзма ариза билан мурожаат қилиши керак.

Масъуллар бир ҳафта муддатда ариза берувчининг маълумотлари ижтимоий мезонларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади.

Умуман олганда, ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми эҳтиёжманд оила фарзандлари, имконияти чекланган шахслар, олийгоҳнинг академик ва жамоат ҳаётида фаоллик ва ўрнак кўрсатган талабалар учун қўлланади. Шу вақтнинг ўзида қуйидаги мезонларга эътибор қаратилади:

Биринчи навбатда, ариза берувчи талабада давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган кўчмас мулк (квартира) ижара шартномаси мавжуд бўлиб, бу шартнома расмийлаштирилган бўлиши керак.

Иккинчидан, талаба ижара шартномасида кўрсатилган манзилда яшаши керак. Бу манзил ота-онасига тегишли бўлмаслиги керак.

Кейинги мезон бу — ариза берувчи талаба кам таъминлангани ёки оила аъзолари хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётгани.

Яна бир мезон – ариза берувчининг оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тоифасига мансублиги.

Ва сўнгги муҳим мезон – ариза берувчининг олий таълим муассасасида ўрнак кўрсатгани ва фаол бўлгани.

— Талабаларга ижара тўлови учун кўмаклашишда тўловлар қайси тартиб ва муддатда ўтказиб берилади?

— Талаба таҳсил олаётган давлат олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)нинг буйруғига мувофиқ бухгалтерия бўлими томонидан талабгорнинг ёзма розилигига асосан ижара ҳақининг бир қисмини қоплаш учун бериладиган маблағлар унинг пластик картасига пул ўтказиш йўли билан ҳар ойда ўтказиб борилади.

— Имтиёз учун талабаларни саралаб олиш жараёнида коррупция ҳолатига йўл қўйилмаслиги қандай назорат қилинади? Умуман, жараённинг умумий назорати кимнинг зиммасида?

— Тўловлар тўғри тўланишининг доимий назорати олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори), Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари), бош бухгалтер ва бош аудитор зиммасига юклатилиб, жамоатчилик назорати остида амалга оширилади.

Шунингдек, жараён устидан умумий назорат Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ҳамда вазирлик ва идораларнинг ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан амалга оширилади.

— Бу тизимнинг кутилганидек ишлаб кетишида хатосиз ва узлуксиз ишлайдиган механизм яратилди деб айта оласизми?

— Албатта.

— Маълумотларингиз учун раҳмат.

Илёс Сафаров тайёрлади.

Мавзуга оид