Ўзбекистон | 19:22 / 18.02.2026
3588
4 дақиқада ўқилади

Президент ўзбекистонликларни Рамазон ойи билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбдан самимий муборакбод этди. Давлат раҳбари барчага сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларга тинчлик ва фаровонлик тилади. «Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин! Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!», дейилади табрик сўзида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Рамазон табригини йўллади.

«Қадрли ватандошлар! Аввало, сиз, азизларни, бутун халқимизни юртимизга меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик тимсоли бўлган муқаддас Рамазон ойининг кириб келиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Албатта, ушбу қутлуғ айёмда барчамизни Рамазони шарифга мана шундай соғ-омон, бирлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигори оламга чексиз шукроналар айтамиз», дейилади табрик сўзи бошида.

Давлат раҳбари инсонни эзгу ва савоб ишларга даъват этадиган ушбу ойни муносиб тарзда ўтказиш мақсадида бу йил ҳам катта тайёргарлик ишлари амалга оширилаётганини таъкидлади.

«Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ва ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон ва маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда. Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта», деди Мирзиёев.

Президент Рамазон ойининг улуғ фазилатлари, ахлоқий-маънавий аҳамияти айнан ана шундай олийжаноб ишларда яққол намоён бўлишини таъкидлади.

«Бу ҳақда сўз юритганда, кейинги йилларда инсон қадрини, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий адолат Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, шу асосда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимиз халқимиз ҳаётини тубдан ўзгартираётганини таъкидлаш ўринлидир. Жорий йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилганимиз ва бу борада тегишли амалий ишларни бошлаб юборганимиз замирида ҳам ана шундай буюк интилишлар мужассамдир», деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари Аллоҳ таолонинг марҳамати ёғилиб турган мана шундай саодатли кунларда аждодлар хотирасини, уларнинг эзгу ишлари, хайрли амалларини эслаш ва давом эттириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, сўнгги йилларда ислом дини ва маданияти равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар муқаддас қадамжоларини обод қилиш, илмий меросини тиклаш ва ўрганиш, халқимиз, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб этиш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилаётганини айтди.

«Афсуски, ҳозирги вақтда жаҳоннинг турли минтақаларида уруш ва жанжаллар давом этмоқда. Пок ниятлар қабул бўладиган ушбу муборак айёмда низо ва адоватлар барҳам топиб, тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик алоқалари қарор топишини чин дилдан истаб қоламиз. Фурсатдан фойдаланиб, узоқ ва яқин мамлакатлардаги ватандошларимизга, бутун мусулмон умматига ҳам самимий табрик ва тилакларимизни йўллаймиз», деди президент.

«Муҳтарам юртдошлар! Сизларни эзгулик, меҳр-мурувват ва барака ойи – моҳи Рамазоннинг бошланиши билан яна бир бор табриклайман. Ушбу шукуҳли кунларда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман. Рўза кунларида қилинадиган барча ибодатлар, эзгу ният ва амаллар ижобат бўлсин! Халқимизни, Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин! Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!», дейилади табрик сўзи якунида.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид