Жаҳон | 14:05 / 12.02.2026
9223
8 дақиқада ўқилади

Ядровий келишув ва стратегик шериклик битими – Вэнснинг Кавказга ташрифи тафсилотлари

АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс Озарбойжон билан стратегик шериклик битимини имзолади. Янги АЭС қуришни режалаштираётган Арманистон билан эса ядровий келишув тузди. Бундан ташқари, Вэнс «арманлар геноциди»га доир постини ўчириб ташлади. Кремл унинг ташрифига муносабат билдирди.

АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс 10 феврал куни Еревандаги халқаро аэропортда Озарбойжонга жўнаб кетиш учун автомобилдан тушмоқда. / Фото: Reuters

Арманистон ва Озарбойжон ўтган йили Трамп билан учрашганидан сўнг қарийб 40 йиллик можарони якунлаш йўлида қадамлар ташлаган. Бироқ ҳозирча расмий тинчлик шартномаси имзоланмади. Лекин, айрим энергетик етказиб беришлар қайта тикланган. Ушбу келишувларнинг мантиқий давоми ўлароқ АҚШнинг энг юқори мартабали амалдори жанубий Кавказга ташриф буюрди.

Арманистон билан келишувлар

9 февраль куни Ереванда Арманистон ва АҚШ фуқаровий ядровий соҳада ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Ядровий соҳа бўйича келишувга оид баёнот Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва АҚШ вице-президенти Ж.Д. Вэнс томонидан имзоланди.

Никол Пашинян ва Вэнс / Фото: Reuters

«123-келишув» деб аталадиган ҳужжат бўйича эришилган келишув АҚШга бошқа давлатларга ядровий технология ва ускуналарни қонуний лицензиялаш имконини беради.

Вэнсга кўра, ушбу келишув Арманистонга АҚШдан дастлабки босқичда 5 миллиард долларгача экспортни таъминлайди. Шунингдек узоқ муддатли ёқилғи ва техник хизмат кўрсатиш шартномалари доирасида қўшимча 4 миллиард доллар берилади.

«Бу келишув Арманистон ва АҚШ ўртасидаги энергетика ҳамкорлигини чуқурлаштиришда янги саҳифа очади», деди Пашинян Вэнс билан қўшма матбуот анжуманида.

Арманистон энергия таъминотида узоқ йиллар давомида Россия ва Эронга қаттиқ қарам бўлиб келган. Уларда Россия қуриб берган эскирган Метсамор атом электр станцияси бор. Ереван ҳозирда АҚШ, Россия, Хитой, Франция ва Жанубий Корея компанияларининг янги ядровий реактор қуриш бўйича таклифларини кўриб чиқмоқда.

Ҳозирча якуний танлов қилинмаган, бироқ душанба кунги эълон АҚШ таклиф қиладиган лойиҳа танланиши учун йўл очади. Бу эса анъанавий равишда Жанубий Кавказни ўз таъсир доираси деб билиб келган Россия учун зарба бўлиши мумкин.

«Трамп йўлаги» ҳақида

Вэнс ташрифи давомида «Халқаро тинчлик ва фаровонлик учун Трамп йўлаги (TRIPP)» деб аталган ташаббусни илгари суришга ҳаракат қилди. Таклиф этилаётган 43 километрлик йўлак Арманистон жануби орқали ўтади. У Озарбойжонга ўзининг Нахчивон эксклавига, у ердан эса иттифоқчиси бўлган Туркияга тўғридан-тўғри чиқиш имконини беради.

Ушбу йўлак Осиё ва Европани янада яхшироқ боғлайди. Вашингтон учун муҳим жиҳати шундаки, Ғарб давлатлари Россиядан энергия ва савдо йўналишларини диверсификация қилишга интилаётган бир пайтда Россия ва Эронни четлаб ўтади.

Озарбойжон ва унинг Нахчивон эксклавини боғлайдиган йўлак харитаси / Фото: BBC

Reuters’нинг ёзишича, йўлак – янги ёки модернизация қилинган темирйўл инфратузилмаси, нефть ва газ қувурлари ҳамда оптик толали кабелларни назарда тутади. Йўлак чегаралари ёпиқ ва узоқ йиллик этник можаролар билан ажралиб турадиган Жанубий Кавказ минтақасини тубдан ўзгартириши кутилмоқда.

«Умидимиз шуки, (TRIPP) иқтисодий ҳамкорликни, табиий ресурслар ва муҳим фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Шу билан бирга Озарбойжон ҳамда Арманистон ўртасидаги ушбу тарихий тинчлик келишувининг чинакам барқарор бўлишини таъминлайди», деди Вэнс Алиев билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Бокудаги келишувлар

Сешанба куни Вэнс Озарбойжонга унинг қўшниси ва узоқ йиллик рақиби Арманистонга ташрифидан сўнг келди. АҚШ ва Озарбойжон Бокуда стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжатни имзолади.

Илҳом Алиев ва Вэнс / Фото: Reuters

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва АҚШ вице-президенти имзолаган келишув иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни қамраб олади.

Алиевнинг айтишича, Боку ва Вашингтон мудофаа ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликда «мутлақо янги босқич»га ўтмоқда. Шунингдек энергетик хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик давом эттирилади.

АҚШ Жанубий Кавказда энергетик киришни қўллаб-қувватлашга интилмоқда. Нашрнинг ёзишича, Вэнс АҚШ Озарбойжонга унинг ҳудудий сувларини ҳимоя қилишда ёрдам бериш учун сони ошкор этилмаган кемалар юборишини айтган.

Озарбойжон эса минтақада АҚШ учун ишончли ҳамкор сифатидаги салоҳиятини намойиш этишга интилмоқда.

«Озарбойжон ўзини Россия ва Эрон ўртасида Ғарбга йўналтирилган барқарорлик ороли сифатида позициялаши муҳим», дея энергетика сиёсати бўйича тадқиқотчи Рауф Маммадовнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Вэнснинг ўчириб юборилган пости

Ташриф давомида АҚШ вице-президенти идораси қизиқ дипломатик хатога йўл қўйди.

9 феврал куни АҚШ вице-президенти ва иккинчи хоними «1915 йилги Арман геноциди қурбонларини шарафлаш учун» Арман геноциди ёдгорлигига гулчамбар қўйди. Кейинроқ Вэнснинг X аккаунтида бу ҳақда ёзилган пост ўчирилди.

Ж.Д. Вэнс ва Уша Вэнс Еревандаги ёдгорлик олдида / Фото: NYT

Чунки, постда маъмурият сиёсатидан четга чиқиб, Арман геноциди тилга олинганди. Президент Доналд Трамп эса “Арман геноциди”ни тан олмаган.

Журналистлар саволларига жавобан, Вэнс идораси расмийси мазкур пост делегация таркибига кирмаган ходимлар томонидан хато равишда жойлаштирилганини билдирди.

Жо Байден 2021 йилда «Арман геноциди»га доир даъволарни расман тан олган АҚШнинг илк президенти бўлганди. Бироқ Трамп буни тан олишдан бош тортган. New York Times'нинг ёзишича, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған геноцидни қатъиян рад этади ва ушбу атамани ишлатмаслик учун АҚШга босим ўтказиб келади.

Россиянинг муносабати

АҚШ вице-президенти ташрифидан сўнг, Россия ҳар иккала мамлакат билан муносабатларини янада ривожлантириш ниятида эканини билдирди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Озарбойжон ва Арманистон суверен давлатлар эканини таъкидлаган. Шу билан бирга Москва ҳар икки мамлакат билан чуқур ва ўзаро манфаатли алоқаларга эга эканини билдирди.

«Бизда Боку ва Ереван билан икки томонлама муносабатларнинг улкан кўлами мавжуд бўлиб, у деярли барча соҳаларни қамраб олади. Ва, албатта, биз ҳамкорларимиз билан муносабатларимизни янада ривожлантириш ниятидамиз, токи улар нафақат биз учун, балки улар учун ҳам фойдали бўлсин», деган Кремл сўзчиси.

Песковнинг айтишича, Арманистонда қурилиши мумкин бўлган ҳар қандай янги атом электр станцияси бўйича тендерда Россия қулай позицияда туради.

«Ушбу соҳада дунёдаги энг илғор давлат сифатида Россия халқаро рақобатнинг энг юқори даражасига бардош бера олади. Агар ҳамкорлар шундай рақобатни талаб қилса, Россия узоқ йиллар давомида пастроқ харажат эвазига юқори сифатни тақдим этишга қодир», деди Песков.

Метсамор АЭС / Фото: AFP

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин янги АЭС бўйича Россия таклифи энг мақбул вариант эканини, давлат ядровий корпорацияси Росатом уни амалга оширишга тайёрлигини айтди.

«Росатом, албатта арман дўстларимизнинг истакларига мувофиқ, ушбу лойиҳани жуда тез амалга оширишга тайёр», деган Галузин Известия нашрига берган интервьюсида.

«Ишончли, синовдан ўтган технологиялар мавжудлиги, шунингдек молиявий параметрларнинг жозибадорлиги нуқтаи назаридан ҳақиқий муқобиллар йўқ,» дейди у.

Ереванда фаолият юритувчи сиёсатшунос Нарек Сукиасяннинг айтишича, арманлар учун ҳозирча устувор танлов АҚШ томони бўлиб кўринмоқда.

«Арманистоннинг Россияга кўп қиррали қарамлигини ҳисобга олсак, ядровий ҳамкорлик масаласида ҳамкорларни диверсификация қилиш сиёсий устувор вазифадир», деган у.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид