Кимнинг ёши нечада: Ўзбек амалдорларининг ёш бўйича таснифи
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорлари ёши муҳокама мавзусига айланди. Бир неча кун олдин 70 ёшли соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев истеъфога чиққанди, бугун президент маслаҳатчиларидан бири, 77 ёшли Рустам Иноятов ишдан кетгани маълум бўлди. Ўзбекистон ҳукуматида ёши катта амалдорлар сони чиндан кўпми?
Kun.uz очиқ манбалар асосида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ҳамда ижро ҳокимиятининг маҳаллий бўғини раҳбарлари ҳисобланган вилоят ҳокимларининг ёшларини таҳлил қилди.
Бугунги кунга келиб, Вазирлар Маҳкамаси таркиби жуда катта бўлиб кетгани туфайли биз фақат ҳукуматнинг энг юқори бўғини раҳбарлари ёшига оид маълумотларни тўпладик. Қуйидаги жадвалда бош вазир ва унинг ўринбосарлари, барча 24 нафар вазир ҳамда 10та қўмита раҳбарларининг ёш таҳлили берилган.
Таҳлилларга кўра, ҳукумат аъзолари орасида ўрта ёшли кадрлар сони анча кўпайгани сезилиб турибди. Лекин шу билан бирга анча ёши катта – 60-70 ёш ва ундан юқори ёшдаги раҳбарлар ҳали ҳам лавозим курсисида қолаётганини кўриш мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг кўзга кўринган дипломат, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 74 ёшга тўлган. Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчиси (бир вақтнинг ўзида президентнинг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси) Турсунхон Худойбергенов эса 70 ёшга тўлган.
Бундан ташқари, Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин (63 ёш), Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев (65 ёш), Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар қўмитаси раиси Рустам Қурбонов (67 ёш) ҳам аллақачон 60 ёшдан ошган. Бош вазир Абдулла Арипов ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ҳам бу йил 60 ёшга тўлди.
Шунингдек, узоқ йиллар давомида солиқ идорасини бошқарган, 74 ёшли генерал-лейтенант Ботир Парпиев Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, 70 ёшли Баҳодир Умрзоқов Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари лавозимида, 63 ёшли Элмира Боситхонова Соғликни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишламоқда. Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилбар Ғуломова ҳам 70 ёшни қаршилаган.
Юқорида қайд этганимиздек, ҳукумат аъзолари ичида 40-60 ёш оралиғидаги раҳбарлар сони ҳам ортиб бормоқда. Айни вақтдаги ҳукуматнинг энг ёш аъзолари сифатида Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев (40 ёш), Адлия вазири Русланбек Давлетов (41 ёш), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов (41 ёш)ларни кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Молия вазири Тимур Ишметов, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов 42 ёшда.
Ижро ҳокимияти маҳаллий бўғинида асосий рол ўйновчи мансабдорлар – ҳокимлар ҳисобланади. Ҳудудлар ривожланиши кўп жиҳатдан ҳокимлар билими ва дунёқарашига боғлиқ.
Вазирлар Маҳкамасидан фарқли равишда, вилоят ҳокимлари орасида пенсия ёшидан ошганлар кўп эмас. Бор-йўғи икки нафар. Вилоят ҳокимларининг энг кексаси Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳисобланади – у 65 ёшда. Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов эса шу йил апрелида 63 ёшга тўлган.
Дарвоқе, Қорақалпоғистон Жўкорги Кенгеси раиси Мурат Камалов барча вилоят ҳокимларидан ҳам каттароқ – 66 ёш.
Қолган барча вилоят ҳокимлари ёши 45-60 ёш оралиғида. Ҳудуд раҳбарлари орасида энг ёшлари Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ва Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовдир. Уларнинг ёши тенг – 45 ёш. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса бу йил 46 ёшга тўлди.
Бош вазир ва ўринбосарлари, вазирлар, қўмита раислари ва вилоят ҳокимлари кесимида олсак, 50 нафар юқори лавозимли амалдорнинг 10 нафари пенсия ёшидан (60 ёшдан) ўтган. 40 нафари эса 40 ва 60 ёш оралиғида.
Ҳукумат аъзоларидан ташқари президент администрацияси вакиллари орасида ҳам ёши катта амалдорларни учратиш мумкин. Масалан, бугундан президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича собиқ маслаҳатчисига айланган Рустам Иноятов 77 ёшга тўлган*. Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов эса 65 ёшда. Узоқ йиллар президент девонида меҳнат қилган, айни вақтда администрациянинг Молия-хўжалик департаменти раҳбари ҳисобланган Зелимхон Ҳайдаров 76 ёшга чиққан.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов 53 ёшда бўлса, президентнинг маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов 65 ёшга тўлган.
Яқинда Kun.uz билан суҳбатлашган Нагоя иқтисодиёт университети профессори Алишер Умирдинов ҳукуматдаги ёши улуғ инсонлар алмашув жараёнини силлиқ ва барқарор ўтказиш кераклиги ҳақида гапирган эди.
«Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда кўплаб ёши улуғ инсонларни ҳукумат мансабларида учратиш мумкин. Япония сиёсатчилари орасида ҳам ёши улуғлари кўпчиликни ташкил қилади ва бу масала у ерда ҳам ёшлар учун каттагина муаммога айланган.
Лекин шу ўринда айтиб ўтиш керакки, авлодлар алмашинуви жараёнини жуда ҳам силлиқлик билан ва барқарор тарзда юритиш керак. «Қари билганни пари билмас» деган оталар сўзимиз бор, яъни оғир дамларни бошидан кечирган ёши улуғ инсонлардан керакли тажрибаларни ўзлаштирган ҳолда ўринбосарларни тайёрлаб бориш керак. Бу ниҳоятда муҳим», деган эди у.
* Материал тайёрланган вақтда Рустам Иноятов ҳали лавозимда эди.
Мавзуга оид
11:17 / 20.11.2024
Шавкат Мирзиёев ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди
10:38 / 20.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Халқимиз ҳал қилувчи масалалар бўйича янги ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда
14:24 / 10.06.2024
Ҳукуматнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид вазифалари белгиланмоқда
21:26 / 14.05.2024